Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш ва алоқа қамровини кенгайтириш бўйича янги босқич бошланди. Президентнинг “Республиканинг олис ҳудудларида алоқа қамровини оширишда йўлдош алоқа технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ–313-сон, 21 октябрь 2025 йил) қабул қилинди.
Қарор мамлакатда замонавий йўлдош технологияларини жорий этиш ва телекоммуникация соҳасини модернизация қилишга йўналтирилган бўлиб, унинг асосий мақсади — ер усти тармоқлари етиб бормаган, аҳоли зичлиги паст ҳудудларда ҳам барқарор алоқа хизматларини таъминлашдир.
Ҳужжатда йўлдош алоқа тизимларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган. Хусусан, ўрта ва паст орбитали йўлдош тизимларини жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилади. Бу орқали мамлакатда йўлдош интернет хизматларини лицензия асосида амалга ошириш имкони яратилади.
Шу билан бирга, алоқа қамровини кенгайтириш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб беш йил муддатга қатор имтиёзлар жорий этилади.
Жумладан:
йўлдош тармоқларини ташкил этиш учун импорт қилинадиган қурилмалар, дастурий маҳсулотлар ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади;
йўлдош орқали кўрсатилган телекоммуникация хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод этилади;
йўлдош операторларининг ушбу тизимлар орқали кўрсатган хизматлари фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
Экспертлар таъкидлашича, мазкур қарор нафақат алоқа инфратузилмасини яхшилайди, балки таълим, тиббиёт, логистика ва хавфсизлик соҳаларида ҳам катта имкониятлар яратади. Олис ҳудудларда жойлашган мактаб ва шифохоналарда онлайн хизматларни йўлга қўйиш, тезкор маълумот алмашинувини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни оширишда йўлдош интернет муҳим омилга айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, қарорда йўлдош алоқа тармоқларини ташкил этишда халқаро тажриба ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, технологиялар трансфери ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш масалалари ҳам белгиланган.
Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси доирасида йўлдош технологиялари яқин йилларда аҳолининг барча қатламларига юқори тезликдаги интернет хизматларини етказишда асосий воситалардан бирига айланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!