date

Грознийда ғалати тадбир: Магомед Даудов Рамзан Қодировнинг ўрнини эгаллайдими?

Грознийда ғалати тадбир: Магомед Даудов Рамзан Қодировнинг ўрнини эгаллайдими?

Бугун кўпчилигингиз яхши кўрадиган Рамзан Қодиров ҳақида гаплашамиз. Октябр ойи бошида Грознийда бир воқеа содир бўлди ва ўшандан кейин «Қодировнинг ўринбосари» ҳақидаги гаплар яна кўпайди. «Магомед Даудов Қодировнинг ўрнини эгаллайдими?» деган саволлар янада баландроқ янграй бошлади.

«Чеченистоннинг вақтинча раҳбари сифатида...»

5 октябр куни Грознийда Чеченистон ҳукуматининг янги биноси очилди. Барча маҳаллий раҳбарлар иштирок этган тадбирда аввал Грозний мэри, кейин Чеченистон ҳукумат раиси Магомед Даудов сўзга чиқиб, ҳудуд раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг отаси, Чеченистоннинг биринчи раҳбари Аҳмад Қодировни мақташди. Дарвоқе, 5 октябр Рамзан Қодировнинг туғилган куни.

Маросим давомида Магомед Даудов Рамзан Қодировга «Чеченистон қаҳрамони» унвонини топширди. Қодировда бунақа ордендан битта бор эди, бу иккинчи қаҳрамон ордени бўлди. Унда «Россия қаҳрамони» деган ордендан бор. Қодировларнинг орден, мукофотдан муаммоси йўқ.

Аслида қайсидир Қодировга қанақадир орден топширилиши янгилик эмас, лекин мукофотни топшириш жараёнида Магомед Даудов айтган гап кўпчиликнинг эътиборини тортди: «Мен Чеченистон республикаси раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида буюк Аҳмад Қодиров жамоасининг барча аъзолари ташаббуси билан Рамзан Қодировга «Чеченистон қаҳрамони» унвонини бериш тўғрисида фармон имзоладим».

Даудовнинг расмий лавозими Чеченистон ҳукумат раиси, лекин у ўз нутқида фармонни «Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида» имзолаганини айтди. Ваҳоланки, ҳеч бир федерал идора Чеченистонда раҳбар ўзгаргани, Даудов вақтинча раҳбар бўлгани ҳақида хабар бергани йўқ. Агар Даудов фақат шу мукофотни бериш учунгина вақтинча Қодировнинг ўрнини эгаллаган деса, бунга ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай эҳтиёж йўқ: ҳудуд раҳбари ўзини ўзининг фармони билан тақдирлайверади. Масалан, Қодиров биринчи марта «Чеченистон қаҳрамони» орденини олганда, фармон унинг имзоси билан чиққан.

Энг қизиғи, видеога эътибор берсангиз, Даудов ҳужжатни «Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида имзолаганига» урғу бериб гапирган. Аслида буни айтмаса ҳам бўларди, «Лорд» шундоғам катта одам. Видеода ҳам Даудовнинг айнан шу гапи кўрсатилганига қараганда, бу ерда очиқ манбаларда эълон қилинмаган нимадир бор. Ахир Қодиров кетаркан, деган миш-мишлар кеча пайдо бўлгани йўқ. Унинг ўринбосари сифатида номи энг кўп тилга олинадиган чечен ҳам Магомед Даудов. Видео бу миш-мишларни янада кучайтирди.

Ким ўзи Даудов?

Чеченистондаги ҳаётни диққат билан кузатадиганларга Магомед Даудов ким эканини таништиришнинг ҳожати йўқ. Ишонаман, кўпчилигингиз Қодиров атрофидаги одамларни биздан ҳам яхшироқ биласиз. Биз шунчаки бехабарлар учун Даудовни таништирамиз. «Лорд» Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг энг яқин одамларидан. Адам Делимхановдан кейин энг яқини деса ҳам бўлади.

45 ёшли Даудовнинг ягона хусусияти Рамзан Қодировга содиқлиги эмас, у жуда катта кучга эга, Россияда ҳам, Чеченистонда ҳам. Ҳарбий даражаси генерал-лейтенант, «Россия қаҳрамони» унвонини олган, Украинадаги урушда ҳам қатнашиб келган. Даудов эски ҳарбийлардан, ўз вақтида Аҳмад Қодиров қўриқлаш хизматида юқори лавозимда ишлаган, Рамзан Қодировнинг эски дўсти.

Лекин охирги вақтларда Даудовни тобора кўпроқ «Қодировнинг ўринбосари» сифатида кўрсатишмоқда. У ўтган йил май ойида Чеченистон парламенти спикери лавозимидан кетиб, ҳукумат раиси вазифасига ўтказилди. Шундан кейин Даудов тез-тез маҳаллий раҳбарлар билан йиғилишлар ўтказа бошлади, унинг имижини оширишга қаратилган пиар кампания аллақачон бошланиб кетган. Охирги пайтларда Даудов асосан ҳарбий кийимда кўриниш бермоқда. Бу билан Чеченистон раҳбарлигига келган вақтдаги Рамзан Қодировни эслатмоқда.

Рамзан Ахматовичнинг саломатлигида муаммо борлиги энди сир эмас, Қодиров аввалгидек тетик кўринмаяпти. У кичик ўғли Адамга мукофот ортидан мукофот бериб, машҳур қилишга интилаётгани, ҳар бир видеода ўғли билан кўриниш бераётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Шахсан менга Даудов Қодировга «Чеченистон қаҳрамони» унвонини топширгани Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев собиқ президент Нурсултон Назарбоев шарафига бутун бошли пойтахт номини ўзгартирганини эслатди. Кўп ўтмай Астана номи қайтарилди, Назарбоев сояда қолди, Тўқаев эса ислоҳотчи ўлароқ катта саҳнага чиқди. Кўрамиз, Чеченистонда нима бўларкин. Даудов бежизга ўзини «Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи» деб таништирмаган бўлса керак...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Манба: Kun.uz

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Грознийда ғалати тадбир: Магомед Даудов Рамзан Қодировнинг ўрнини эгаллайдими?