Фото: EPA
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ортидан Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан мисли кўрилмаган даражада кўп ва оғир санкцияларни жорий этганди. Орадан 6 ой вақт ўтди. Европа мамлакатлари иқтисодий инқироз билан курашмоқда, Россия эса урушни давом эттирмоқда. Санкциялар қанчалик даражада ишлаяпти ўзи?
Ғарбнинг Россияга қарши чекловлари ва уларнинг таъсири бўйича турли фикрлар мавжуд. Баъзилар санкциялар аллақачон бумеранг каби Ғарб давлатларининг ўзига ҳам таъсир қилишни бошлагани, бошқалар эса, узоқ давом этадиган ўйинда ғолиб охирида маълум бўлишига эътибор қаратиш кераклигини таъкидламоқда.
Владимир Путиннинг фикрича, «Россияга қарши иқтисодий блицкриг барбод бўлди» ва санкциялар Европада ҳукуматлар алмашинуви билан якунланадиган инқирозга сабаб бўлади.
Ғарб эса «Россия иқтисодиёти биринчи бўлиб қулаши, чунки у хомашё экспортига асослангани»ни айтишмоқда. Ўнлаб йиллар давомида Россия Ғарб технологияси, сармояси ва бозорларига қаттиқ боғланган ҳолда яшади. Энди эса йиллар давомида юзага келган бўшлиқни ички манбалари ва бошқа ташқи бозорларни топиш орқали тўлдириши керак бўлади. Урушдан кейин ҳам жаҳон тартиботи меъёрларини бузган давлат билан осонликча ҳеч ким дўст бўлишни ва савдо қилишни хоҳламайди.
Уруш Ғарбнинг ягона бош оғриғи эмас. Ривожланган мамлакатлар иқтисодиётига пандемия, Хитой ва бошқа мамлакатларда ишлаб чиқариш ва савдодаги узилишлар, марказий банк ставкалари кўтарилиши, узоқ вақтдан бери давом этаётган меҳнат бозори муаммолари, иммиграция, аҳоли қариши, табиий ресурслар етишмаслиги, иқлим ўзгариши каби омиллар ҳам таъсир ўтказмоқда.
Қирқдан ортиқ мамлакатлар Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлади: улар орасида нафақат АҚШ, Европа Иттифоқи ва уларнинг энг яқин иттифоқчилари, балки Тайван, Жанубий Корея, Швейцария ва Албания каби асосан бетараф қоладиган давлатлар ҳам бор.
Украинадаги тинч ҳаёт рус дунёси келиши билан якунланди. Фото: Reuters
Санкциялар рўйхатига тушган россиялик олигархларнинг 30 миллиард евролик активлари, Россия Марказий банкининг 300 миллиард еврога яқин олтин-валюта захиралари музлатиб қўйилди.
Ғарб Россия олмоси, нефт ва кўмиридан воз кечди, жаҳон молия тизимидан узиб қўйди, асбоб-ускуналар ва ҳашаматли товарлар сотишни тақиқлади, рус элитаси учун чегараларини ёпди ва уларнинг ҳисобрақамлари, яхталари ва кўчмас мулкларини хатлади.
Аслини олганда, бу қарама-қаршиликнинг бошланиши. Музлатилган активлар мусодара қилинмаган бўлса-да, санкцияларни бекор қилиш шартлари ҳам ишлаб чиқилмаган. Шимолий Корея ёки Эрон кейсидан фарқли равишда, Ғарб чекловлар қандай шароитда Россиядан олиб ташланиши мумкинлигини муҳокама қилишни ҳам бошлагани йўқ.
Сўровномаларга кўра, Россиянинг энг йирик савдо шериги бўлган Европа аҳолисининг 62 фоизи Кремлни Ғарбдан тўлиқ изоляция қилиш ва барча иқтисодий алоқаларни узиш сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Бошқа давлатлар, хусусан, Хитой ва Ҳиндистон санкцияларга қўшилмади. Аммо рус бозорини тарк этаётган Ғарб компаниялари каби, кўплаб осиёлик ишбилармонлар ҳам жаҳон иқтисодиётининг атиги 2 фоизини ташкил этувчи Россия билан алоқаларни сақлаб қолиш учун Ғарб бозорини йўқотиш хавфига тайёр эмас.
Ким кўпроқ жабр чекмоқда: Россиями ёки Ғарб?
ХВЖнинг охирги ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий қарама-қаршиликнинг дастлабки ойларида Россия иқтисодиёти кутилганидан ҳам анча яхши кўрсаткичларни қайд этган, аксинча, Европа мамлакатлари иқтисодиёти эса кутилганидан ҳам кўпроқ зарар кўрган.
Иккита асосий сабаб: Россияга тўлиқ эмбарго жорий қилинмагани ва мамлакат экспорт қиладиган энергия ресурслар рекорд даражада қимматлашгани, шунингдек, ҳукумат томонидан тартибга солишнинг кескин кучайтирилиши туфайли ички истеъмолнинг сезиларли даражада камаймагани расмий Кремлга оғир иқтисодий инқирозни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда.
Ўз навбатида, энергия нархлари ошиши ва таъминотдаги узилишлар, Хитойдаги COVID-19 чекловлари Евроиттифоқда истеъмол ва ишлаб чиқариш жараёнига путур етказди.
ЕИ Россия нефтига эмбарго қўйган. Аммо ҳозирча тўлиқ эмас ва бу фақат қишга қолган. Фото: Reuters
Иқтисодчилар фикрича, расмий Кремлнинг ҳозирги устунлиги хаёлий ва вақтинчалик бўлиб, Россия Европадан бир неча баравар кўпроқ зарар кўриши мумкин. Ғарб аллақачон иқтисодиётини янги воқеликка мослаштиришни бошлаган, уларда улкан молиявий, табиий ва инсон ресурслари мавжуд. Шунингдек, иқтисодий муносабатлар фақатгина Россия билан тўхтатилди, ривожланаётган дунёнинг қолган давлатлари, хусусан Хитой ва Ҳиндистон билан савдо алоқалари давом эттирилмоқда.
Россия эса ўзининг энг бой бозори, технология ва пулнинг асосий манбасини йўқотмоқда. Экспорт тушумлари ва захираларнинг вақтинчалик ўсишидан ишлаб чиқариш, импорт ва истеъмолдаги пасайишларни ниқоблаш учун фойдаланилмоқда ва бу санкциялар ҳали тўлиқ кучга кирмаган шароитда юз бермоқда.
Роберт Шуман тадқиқот маркази иқтисодчилари Ғарбнинг Россияга қарши тўлиқ савдо эмбаргоси натижаларини симуляция қилиб чиқишди. Қайд этилишича, Россия иқтисодиёти 14 фоизга, Европа иқтисодиёти 0,7 фоизга пасайиши мумкин.
Мутахассисларга кўра, зарар ҳар бир давлат учун тенг даражада бўлмайди, бироқ Ғарб давлатларининг ҳеч бири ЯИМнинг 1,6 фоиздан кўпроғини йўқотмайди.
Санкцияларга қўшилмаган давлатлар Россияга Ғарбдаги ҳамкорлари ўрнига муқобил танлов топишга ёрдам бериш эвазига маълум миқдорда пул ишлаб олиши мумкин. Бироқ, товарларни етказиб бериш харажатлари ўсиши охир-оқибат Россия фойдасини кескин камайтиради. Иқтисодчилар Хитой, Ҳиндистон ва Туркия мисолида буни ҳисоблаб чиқишган.
Санкциялар иш берадими?
Санкциялар самарадорлигини баҳолашда уларнинг мақсади, муддати ва кўламини ҳисобга олиш муҳим.
Европа санкцияларга учраган россияликларнинг 30 млрд евролик активларини блоклаган ёки музлатган. Фото: Reuters
Биринчидан, санкциялардан мақсад нима: узоқ муддатли даврда Россиянинг ҳарбий машинасини заифлаштиришми ёки имкон қадар тезроқ сулҳга эришиш? Ғарб етакчилари узоқ муддатли даврга мўлжалланган режалар ҳақида гапиришмоқда. Бундан ташқари, иқтисодчилар фикрига кўра, Россия бир ярим йил уруш олиб бориш учун етарли даражада маблағга эга. Бу шуни англатадики, фронтдаги вазият санкциялар самарадорлигини баҳолашдаги асосий мезон эмас.
Иккинчидан, вақт масаласи. Молиявий санкциялар уруш бошланганиданоқ жорий этилди, аммо савдо санкцияларини амалиётга татбиқ қилиш бир неча ойга чўзилди: Россия кўмирига эмбарго август ойига келибгина кучга кирди, нефт эмбаргосини бутунлай жорий қилиш қишгача қолдирилди.
Хулоса чиқаришга ҳали эрта, чекловларнинг таъсири вақт ўтиши билан сезила бошлайди, деб ҳисоблашмоқда Ғарб расмийлари.
«Санкциялар Россияга кучли иқтисодий босим ўтказмоқда ва бу кучайиб бормоқда. Кремл иқтисодий барқарорлик «расмини чизиш» учун ҳаракат қилаётган бўлса-да, рақамлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Санкциялар вақт ўтиши билан янада кучаяди», деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Учинчидан, санкциялар кўлами. Ғарб тўғри ҳаракат қиляптими? Бу саволга аниқ жавоб беришнинг имкони йўқ, чунки тарихда ҳеч қачон йирик ядровий ресурсларга эга давлатга нисбатан бундай санкциялар босими қўлланмаган. Бошида Ғарб қатъият билан ҳаракат қилди, энди эса кейинги қадамларни қўйишдан олдин оқибатларини диққат билан баҳоламоқда.
Коллектив Ғарбда иқтисодий босим ўтказишнинг муҳим арсеналлари мавжуд. Айрим сиёсатчилар ва иқтисодчилар уни зудлик билан фаоллаштириш керак дейишса, бошқа бир гуруҳ шошилмаслик керак деб ҳисобламоқда.
Захирада иккита асосий қурол бор: иккиламчи санкциялар ва тўлиқ савдо эмбаргоси. Шу пайтгача Ғарб Россияга қарши иккиламчи экстратерриториал санкцияларни қўллаб, учинчи давлатлардан уларга риоя қилишни талаб қилмади.
Фото: Reuters
Ғарб Россиядан металлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг муҳими, энергия ресурсларини сотиб олишда давом этмоқда ва тўлиқ савдо эмбаргоси жорий қилганича йўқ. Тўғри, АҚШ, Буюк Британия ва яна баъзи иттифоқчи давлатлар Россиядан нефт, газ, кўмир ва нефт маҳсулотлари импорт қилишдан бутунлай воз кечишди, аммо уларнинг умумий савдодаги улуши бир неча фоизларнигина ташкил қилган, холос.
Европа ҳам яқин йилларда Россиядан қилинадиган импорт ўрнини боса олмайди. ЕИ барча истеъмол қилинадиган энергия ресурсларининг 55 фоиздан ортиғини импорт қилади, Россия эса асосий экспортёр ҳисобланиб, умумий истеъмолининг деярли 25 фоизини етказиб бериб келган ва нефт ва газ экспортидан кунига 1 миллиард еврогача даромад олган. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, биргина уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи Россияга нефт ва газ учун 80 миллиард евродан ортиқ пул тўлаган.
Иқтисодчилар Россияга қарши иқтисодий санкциялар савдо эмбаргосисиз самарали бўладими ёки йўқми деган саволга аниқ жавоб бераётгани йўқ.
«Молиявий санкциялар сармояни импорт қилувчи ва ҳисоб тақчиллигига эга бўлган мамлакатларга нисбатан жуда яхши таъсир кўрсатади. Масалан, 2018 йилда АҚШнинг Туркияга киритган санкциялари инқироз ва иқтисодий таназзулга олиб келди. Аммо Россия билан бу амалиёт ишламайди, чунки ушбу мамлакатда профицит бор ва ўзи капитал экспорт қилади», дейди Institute of International Finance маркази эксперти Робин Брукс.
«Молиявий санкциялар ўрнига Россия экспортига эмбарго қўйиш керак. Лекин бундай қилинмаяпти. Биз шунчаки оғриқ келтирадиган жойга уришни истамаймиз», дея қўшимча қилган у.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ходими Жерар Дипиппонинг фикрича, Ғарб Россия экспортининг ягона харидори эмас, шу жиҳатдан савдо эмбаргоси ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
«Агар биз Россияни валюта тушумларининг 30 фоизидан маҳрум эта олган тақдиримизда ҳам, ҳарбий харажатларини молиялаштириш учун етарли миқдордаги маблағга эга бўлади», дейди МРБда 11 йил катта иқтисодий таҳлилчи бўлиб ишлаган Дипиппо.
Баъзи мутахассислар Ғарбнинг ўзига ҳам қимматга тушаётган экспорт эмбаргоси ўрнига, Россия импортига киритилган чекловлар самаралироқ бўлади, деб ҳисоблашмоқда.
Жумладан, асли россиялик, Иккинчи жаҳон урушигача бўлган вақтдаги совет иқтисодиётига оид китоблар муаллифи, Уорик университети профессори Марк Ҳаррисоннинг тушунтиришича, Россияга ускуналар ва технологияларни етказиб беришни тақиқлаш ва импорт учун тўлов қобилиятини пасайтириш самаралироқ ҳисобланади. Экспорт даромадлари Россияга урушни молиялаштиришда унчалик ёрдам бермайди ва келаётган даромад фақат валюта захиралари ҳажмини оширишгагина ҳисса қўшади. Энг муҳим жиҳат, Россия кўраётган даромадлари эвазига четдан ҳеч нима сотиб ололмаслиги керак.
Россия ва Европа ўртасидаги нефт-газ дўстлиги ниҳоясига етди. Фото: Reuters
Ғарбда инқироз бошланадими?
Ғарб ҳам, Россия ҳам санкциялар душманга кўпроқ зарар етказишини такрорлашдан чарчамаяпти. Ўз навбатида, ҳар икки томон ҳам иқтисодий йўқотишларни бошдан кечираётганини тан олади.
Путин Европа учун иқтисодий инқироз сиёсий инқироз билан якунланиши ва муқаррар равишда таназзулга олиб келишига ишонади.
«Биз пандемия билан курашдик, ковиддан халос бўлиш учун пул топдик, Россия агрессияси олдида ҳам худди шундай бирликни намойиш этдик. Ишончим комилки, энергия инқирозидан ҳам биргаликда омон қоламиз», дея таъкидлаган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
1972 йилги блэкаут. Европаликлар бу биринчиси эмаслигини ёдга олишмоқда
Фото: PA MEDIA
«Дунё тартиботининг беқарорлашуви гуманитар, энергетика ва озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқарди. Бу Россия ва унинг танлови. Муросага ишора йўқ, чунки бизнинг эркинлигимиз ва дунё тинчлиги хавф остида», деди Франция президенти Эммануэл Макрон.
Британиянинг Франция сиёсати бўйича етакчи экспертларидан бири, профессор Мидж Раҳманнинг сўзларига кўра, Макрон инқироздан чарчаган аҳоли ўртасида кузда бошланадиган норозилик тўлқинига тайёргарлик кўришни бошлаган.
European Council on Foreign Relations маркази томонидан Европанинг 10 та мамлакатида ўтказилган охирги сўров натижаларига кўра, европаликларнинг 42 фоизи ўз мамлакатлари расмийлари Украинадаги урушга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратмоқда, деб ҳисоблайди. Овоз берганларнинг 36 фоиз буни тўғри деб ҳисоблайди.
«Сўровлар Европанинг кўпгина давлатларида расмийларнинг олиб бораётган сиёсати ва жамиятдаги кайфият ўртасидаги тафовут ортиб бораётганини кўрсатмоқда», дейди ECFR тадқиқотчилари.
Руминлар (58 фоиз), поляклар (52 фоиз) ва италияликлар (48 фоиз) уруш туфайли ҳукумат бизга кам эътибор қаратмоқда, деб ҳисоблайди. Скандинавияликлар ва инглизлар эса ҳукуматга нисбатан камроқ шикоят қилган.
Европаликлар Россиядан қўрқишади. Улар атом бомбаси ташланиши (61 фоиз) ёки уларга ҳужум қилинишидан (42 фоиз) хавфсирашмоқда. Шунингдек, энергия ресурслар нархи ошиши (61 фоиз) ҳам энг қўрқинчли ҳолатлардан бири сифатида баҳоланган.
Санкцияларни вақтинча юмшатиш ёки уларни кучайтириш ижтимоий кайфиятдан келиб чиқиб олиб бориладиган муҳокамаларга боғлиқ. Шу билан бирга, Россияга нисбатан жамоатчилик фикри кескин ўзгармас экан, эски муносабатларга қайтиш ҳам имконсиз бўлиб қолаверади.
«Европанинг Россия билан алоқаларини энг камида ўрта муддатли истиқболда тиклаб бўлмайди. Европаликлар Россияни ўз сиёсий ҳамжамиятига ёки бошқа тузилмаларига интеграциялашувини тасаввур қила олишмайди. Улар Россиясиз келажакка тайёргарлик кўришмоқда», дейилади ECFR олимлари ҳисоботида.
Тарихдаги энг қаттиқ санкциялар
Илгари ҳам бир қанча омиллар: инсон ҳуқуқлари бузилиши, Кремль мухолифатларига қарши махсус операциялар, АҚШдаги сайловларга аралашиш, киберҳужумлар ва 2014 йилда Қрим эгаллаб олингани ва Донбассда беқарорлик юзага келтириши ортидан Россияга нисбатан бир қанча санкциялар қўлланган.
Аммо аввалги чекловлар асосан Путинга яқин одамлар ва мудофаа саноатини нишонга олган. Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин ҳаммаси ўзгарди. Ғарбнинг янги санкциялари жорий қилиниш тезлиги бўйича ҳам, чекловлар кўлами бўйича ҳам, уларни қўллаб-қувватлаган мамлакатлар сони бўйича ҳам замонавий тарихда мисли кўрилмаган рақамларни акс эттирмоқда.
Олдинги санкциялар ахлоқий характер касб этган бўлса, урушдан кейингилари амалий жиҳатдан ҳам жиддий таъсирга эга ва Россияни тийиб туришга қаратилгани билан характерланади.
Санкциялар қандай шароитларда ва қайси шартлар бажарилган тақдирда олиб ташланишига аниқлик киритилмаган. Уларнинг асл мақсади – Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада энг йирик урушни бошлаган ҳарбий-сиёсий машинани ўчириш ва демонтаж қилишга қаратилган.
Россия савдо имтиёзлари, Ғарб кредитлари, мутахассислари, сармоялари ва технологияларини йўқотди. Умуман олганда эса, расмий Кремль олдида муқобил танловлар йўқ, бу эса мамлакатни ривожланган дунёдан ажралган ҳолда яшашга ва узоқ муддатли турғунликка маҳкум қилиши мумкин. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?