15:13 / 01.11.2022
4 140

Ўғрилар йўқ, қамоқхонаси санаторийга ўхшаш мамлакатни биласизми?

Ўғрилар йўқ, қамоқхонаси санаторийга ўхшаш мамлакатни биласизми?
Норвегия Қироллиги Шимолий Европадаги мамлакат бўлиб, материк ҳудуди Скандинавия ярим оролининг ғарбий ва энг шимолий қисмини ўз ичига олади. Олис Арктикадаги Ян Маен ороли ҳамда Свалбард архипелаглари ҳам Норвегия таркибига киради. Норвегиянинг пойтахти ва энг катта шаҳри - Осло.

Норвегия нега «Ярим тунги қуёш» мамлакати деб номланган?

Ярим тунги қуёш - бу ҳар йили ёз ойларида Арктика доирасининг шимолида содир бўладиган ҳодисанинг номи. Ушбу кенгликдан ташқарида қуёш ёзда ҳеч қачон уфқдан пастга ботмайди ва шимолга қанчалик узоқ саёҳат қилсангиз, тунда қуёш осмонда шунчалик баланд бўлади. Шунинг учун Шимолий Норвегия кўпинча ярим тунги қуёш мамлакати деб аталади.

Географияси

Норвегиянинг умумий майдони 385,207 квадрат километр бўлиб, 2022 йилда 5,6 миллион аҳолига эга бўлган. Мамлакат Швеция билан 1,619 км узунликдаги шарқий чегарага эга. У шимоли-шарқда Финляндия ва Россия билан, жанубда Дания ва Буюк Британия билан чегарадош. Норвегия шимолий Атлантика океани ва Баренц денгизига қараган кенг қирғоқ чизиғига эга. Норвегия иқлимида денгиз таъсири ҳукмронлик қилади. Денгиз таъсири мамлакатнинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик ва қор ёғишига олиб келади.

Давлат тузуми

Глюксбург оиласига мансуб бўлган Ҳаралд V Норвегиянинг ҳозирги қироли ҳисобланади. Жонас Гаар Стёр 2021 йилдан бери бош вазир лавозимида ишлаб келмоқда. Норвегия конституциявий монархияга эга унитар суверен давлатдир. 1814 йилги конституцияда белгиланганидек, давлат ҳокимиятини парламент, вазирлар маҳкамаси ва олий суд бошқаради.

Қисқача тарихи

Қироллик 872 йилда кўплаб майда қиролликларнинг қўшилиши эвазига ташкил этилган бўлиб, 1150 йилдан бери доимий равишда мавжуд бўлиб кулмоқда. 1537 йилдан 1814 йилгача Норвегия Дания-Норвегия Қироллигининг бир қисми бўлган, 1814 йилдан 1905 йилгача эса Швеция Қироллиги билан иттифоқда бўлган.

Норвегия Биринчи жаҳон уруши пайтида, шунингдек, Иккинчи Жаҳон урушида 1940 йил апрелигача нейтрал бўлган.

Норвегияда икки даражадаги маъмурий ва сиёсий бўлинмалар мавжуд: округлар ва муниципалитетлар. Норвегия Европа Иттифоқи ва АҚШ билан яқин алоқада. Норвегия, шунингдек, БМТ, НАТО, Европа Эркин Савдо Ассоциацияси, Европа Кенгаши, Антарктика Шартномаси ва Шимолий Кенгашнинг асосчиларидан ҳисобланади; Европа Иқтисодий ҳудуди ва ЖСТ аъзоси ҳамда Шенген ҳудудининг бир қисмидир. Бундан ташқари, норвег тиллари дания ва швед тиллари билан ўзаро тушунарлилик хусусиятига эгадир.

Норвегия Нордик фаровонлик моделини универсал соғлиқни сақлаш ва кенг қамровли ижтимоий хавфсизлик тизими билан қўллаб-қувватлайди. Норвегия давлати нефть, табиий газ, минераллар, ёғоч, денгиз маҳсулотлари ва чучук сувнинг катта захираларига эга. Нефть саноати мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) қарийб чорак қисмини ташкил қилади. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, Норвегия Яқин Шарқдан ташқари нефть ва табиий газ бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Мамлакат Жаҳон банки ва Халқаро Валюта Фонди рўйхатида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Марказий разведка бошқармасининг автоном ҳудудларни ўз ичига олган аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ (ППП) рўйхатида (2015 йил ҳисоби) Норвегия ўн биринчи ўринда туради. У 1 триллион АҚШ доллари қийматидаги дунёдаги энг йирик суверен бойлик фондига эга. Норвегия 2009 йилдан бери инсон тараққиёти индекси бўйича дунёдаги энг юқори рейтингга эгадир. Норвегия 2017 йил учун Жаҳон бахтиёрлик ҳисоботи ва Демократия Индекси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Норвегия дунёдаги энг паст жиноят кўрсаткичига эга.

Норвегия ҳақида қизиқарли фактлар

Норвегия викинглар ватани! Шунингдек, ҳаёт учун энг яхши мамлакатлар рейтингида кўп йиллардан бери олдинги ўринларни эгаллаб келаётган ниҳоятда гўзал ва обод давлат.

Бу ерда, айниқса Ослодан ташқарида, ўғирлик деярли йўқ. Ёзда бу ердаги автомагистралларда қуйидаги манзарани кўришингиз мумкин: стол ва унинг устида мевалар, кўкатлар, тарози, пул қутиси. Сотувчи эса йўқ. Харидор олган нарсасини ўлчаб, пулини ташлаб кетаверади.

Норвегиядаги қамоқхоналар кўпроқ санаторийларга ўхшайди. Норвегия расмийларининг фикрича, жиноятчилар, ҳатто оғир жиноят содир этганлар ҳам нафақат жамиятдан ажратиб қўйилиши, балки улар қамоқдан чиққандан сўнг янги ҳаёт бошлашлари ва жамиятнинг фойдали аъзосига айланишлари учун уларни қайта тарбиялаш лозим.

Осло аҳолисининг қарийб 30 фоизи бошқа мамлакатлардан келганлар. Улар асосан Яқин Шарқ, Африка ва Осиёдан келган муҳожирлар ва қочқинлардир. Уларнинг аксарияти Покистон ва Ироқдан келишган.

Норвегияда оилада бола туғилганда, онаси одатда туғруқ таътилини олади. Бироқ, Норвегия қонунлари бундай ҳолларда отага ҳам боласи билан бирга бўлиш ва оилага ғамхўрлик қилиш учун бир неча ҳафталик ҳақ тўланадиган таътил олиш имконини беради.

Агар Норвегияда бирон бир бахтсиз ҳодиса туфайли одамлар электрсиз қолса, маҳаллий ҳокимият фуқароларга товон тўлайди ва бу маблағ жабр кўрган аҳоли ўртасида тақсимланади.

Норвегия йўлларида, баъзи жойларда сиз диванлар, гиламлар, безак буюмлари бўган оддий уй хонаси каби безатилган ёпиқ автобус бекатларини кўришингиз мумкин. Ҳеч ким ҳеч нарсани бузмайди ёки ўғирламайди, маҳаллий аҳоли тозаликни сақлайди.

Кўпгина норвегияликларнинг уйи ёнида байроқ осилган флагшток ўрнатилган. Ундан сиз уй эгаси бирор жойга кетган ёки уйидалигини билиб олсангиз бўлади. Агар уй соҳиби уйда бўлса, байроқ кўтарилган, агар бирор жойга кетган бўлса, у туширилган бўлади.

Норвегиянинг Рюкан шаҳри қуёш кўринмайдиган шаҳар деса ҳам бўлади. Чунки у тоғлар орасидаги водийда жойлашган ва мартдан сентябргача қуёш нури умуман тушмайди. Маҳаллий ҳокимият органлари тоғ тизмасига, 400 метрдан ортиқ баландликдан қуёш нурларини шаҳарнинг марказий майдонига йўналтирувчи улкан кўзгулар тизимини ўрнатган.

Дунёнинг барча мамлакатлари ичида Норвегия гидроэлектр станцияларидан олинадиган энергия миқдори бўйича биринчи ўринда туради, яъни бу энергия мутлақо экологик тоза ҳисобланади. Бу ерда атом электр станциялари умуман йўқ.

Бу мамлакат аҳоли жон бошига электр транспорт воситалари сони бўйича ҳам дунёда биринчи ўринда туради. Давлат уларнинг эгаларини ҳар томонлама рағбатлантирмоқда, солиқларни камайтирмоқда ва автотураргоҳлар учун имтиёзли шарт-шароитлар яратмоқда.

Аҳоли ва дин

Норвегия аҳолисининг аксарияти этник норвеглар бўлсада, 21-аср иммиграцияси аҳоли ўсишининг ярмидан кўпини ташкил этди; 2021 йилда мамлакатдаги энг йирик бешта озчилик гуруҳи Полша, Литва, Сомали, Покистон ва швециялик муҳожирларнинг авлодлари бўлган.

Норвегияда христианликнинг турли конфессиялари ҳукмронлик қилади, аҳолининг 84,7% Норвегиянинг турли черковларига мансуб. 10,1 фоиз одам ўзини динсиз деб ҳисоблайди. Аҳолининг 3,7 фоизи Исломга амал қилади.

Ислом

Норвегияда Ислом христианликдан кейин иккинчи йирик дин ҳисобланади. 2022 йил ҳолатига кўра, Норвегияда истиқомат қилувчи мусулмонлар сони 207 мингдан ортиқ (5,6 миллион аҳолининг 3,7 фоизи) бўлган. Норвегиядаги мусулмонларнинг аксарияти суннийлардир, шиалар озчиликни ташкил қилади. Мамлакатдаги мусулмонларнинг 55 фоизи Осло ва Акершус графликларида истиқомат қилади. Аксарияти иммигрант бўлиб, келиб чиқиши покистонлик норвегияликлар энг кўзга кўринган таниқли гуруҳдир.

Ислом қандай кириб келган?

1260 йилларда қирол Хокон Хаконссон совғалар билан элчиларини юборганидан сўнг Тунис мусулмон вакиллари Норвегияга келгани солномаларда эслаб ўтилган. Бироқ мамлакатдаги мусулмонлар сони ХХ асрнинг иккинчи ярмигача сезиларли даражада бўлмаган. Мусулмон давлатларидан Норвегияга иммиграция бошқа Ғарбий Европа мамлакатларига нисбатан кеч бошланди ва 1960 йилларнинг охиригача тезлашмади. Бироқ нефть инқилоби туфайли меҳнат миграцияси бошқа мамлакатларга қараганда узоқроқ давом этди. Биринчи покистонлик меҳнат муҳожирлари 1967 йилда келган. 1975 йилда Норвегияга меҳнат иммиграцияси тўхтатилган, аммо оилаларни бирлаштириш қоидалари яна бир неча йилга нисбатан юмшатилган. Натижада 1970 йилларга қадар муҳожирларнинг аксарияти ишчилар бўлган бўлса, 1980 ва 1990 йиллардаги иммиграцияда бошпана сўраганлар устунлик қилган.

1990 йилларнинг охирида Ислом Рим-католик черкови ва Пентикостализмдан ўтиб Норвегиядаги энг йирик озчилик динига айланди.

Бироқ, 2013 йил ҳолатига кўра, Рим-католик черкови Европа давлатларидан иммиграция кучайиши ва мусулмонлар кўп бўлган мамлакатлардан камроқ иммиграция туфайли Норвегиядаги энг катта озчилик дини сифатида ўз мавқеини тиклади. 2009 йилда рўйхатга олинган мусулмон жамоатларининг умумий сони 126 тани ташкил этган. Бугунги кунда Осло шаҳрида 40 дан ортиқ намозхоналар мавжуд.

Масжидлар

Байтун Наср масжиди

Байтун Наср масжиди, Фурусет масжиди сифатида ҳам танилган бўлиб, Осло шимоли-шарқидаги масжиддир. Масжид мамлакатдаги энг катта масжид бўлиб, 5000 кишини сиғдира олади. Масжиднинг жануб томонида битта гумбаз ва битта минора бўлиб, мажмуа мамлакатнинг Е6 шимолий-жанубий асосий магистрали яқинида жойлашган.

Жаҳон Ислом даъвати масжиди

World Islamic Mission (WIМ) - сўфийлик руҳидаги сунний мусулмонларнинг халқаро ташкилоти. У Буюк Британияда ташкил этилган ва таниқли олимлар томонидан очиб берилган. Бутунжаҳон Ислом даъвати Европа, Америка Қўшма Штатлари, Шимолий Америка, Африка ва Осиёдаги мусулмонларга хизмат қилади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида жойлашган. Ушбу масжид ташкилотнинг қароргоҳи ҳисобланади.

Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг