Ўзбекистон Осиё кубоги қуръасини биринчи саватчадан кутади

Бугун, 9 май куни 2027 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган миллий терма жамоалар ўртасидаги Осиё кубоги мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Қитъа футболидаги энг нуфузли турнирлардан бири ҳисобланган ушбу мусобақа олдидан барча эътибор Ар-Риёд шаҳрига қаратилган.
Қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан соат 23:00 да старт олади. Айнан шу тадбирдан кейин терма жамоаларнинг гуруҳдаги рақиблари маълум бўлади ва 2027 йилги Осиё кубоги атрофидаги интрига янада кучаяди. Мухлислар учун эса бу маросим катта мусобақа олдидан дастлабки ҳаяжонли босқич ҳисобланади.
Эътиборлиси, Фабио Каннаваро бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси қуръада 1-саватчадан жой олган. Бу эса вакилларимизнинг Осиё футболидаги мавқеи, сўнгги йиллардаги барқарор натижалари ва қитъа миқёсидаги обрўси ошиб бораётганини кўрсатади.
Биринчи саватчадан ўрин олиш терма жамоамиз учун муҳим устунлик бериши мумкин. Чунки қуръа жараёнида Ўзбекистон қитъанинг энг юқори баҳоланаётган жамоалари қаторида кўрилади. Аммо футболда саватча қулай бўлиши мумкин, лекин майдонда ҳаммасини ўйин ҳал қилади. Бу ерда “яхши қуръа тушди” деган гапнинг ўзи етарли эмас — кейин тўпни ҳам тўғри тепиш керак.
Осиё кубоги 2027 йилнинг 7 январидан 5 февралига қадар Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Турнирда жами 24 та миллий жамоа иштирок этади. Улар 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда қитъа чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ушбу мусобақа катта имконият сифатида қаралмоқда. Жамоамизда тажрибали футболчилар билан бирга янги авлод вакиллари ҳам шаклланиб бормоқда. Фабио Каннаваро бошчилигидаги термадан мухлислар жиддий натижа, кучли ўйин ва қитъа майдонида муносиб юриш кутишмоқда.
Албатта, Осиё кубогида ҳар бир рақибга ҳурмат билан қараш керак. Сўнгги йилларда Осиё футболида рақобат анча кучайди. Энди “осон гуруҳ” тушунчаси деярли қолмади. Ҳар бир жамоа тартибли, жисмонан тайёр ва натижа учун охиригача курашадиган даражага чиқмоқда.
Шу боис Ўзбекистон учун қуръа натижаси муҳим бўлса-да, асосий вазифа тайёргарликни тўғри олиб бориш, таркибни мустаҳкамлаш ва мусобақага юқори руҳда етиб боришдан иборат. Чунки Осиё кубогида катта мақсад қўйилса, унга фақат ном билан эмас, интизом, меҳнат ва бирдамлик билан эришилади.
Энди барча нигоҳлар Ар-Риёддаги қуръа маросимига қаратилган. Ўзбекистон қайси рақиблар билан бир гуруҳдан жой олиши тез орада маълум бўлади. Мухлислар эса битта нарсани истайди: терма жамоамиз бу сафар Осиё кубогида узоқроқ борсин ва юрт шаънини муносиб ҳимоя қилсин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!