date

Сунъий интеллект пойгаси: директорлар кенгаши ва бошқарув ўртасидаги зиддият

Сунъий интеллект пойгаси: директорлар кенгаши ва бошқарув ўртасидаги зиддият

Бостон Консультинг Груп (БКГ) томонидан ўтказилган янги тадқиқот шуни кўрсатадики, корпорацияларда сунъий интеллектни (AI) жорий этиш жараёнида бош директорлар (СEО) ва директорлар кенгаши ўртасида жиддий қарашлар тафовути юзага келмоқда. Сўровда қатнашган бош директорларнинг 61 фоизи директорлар кенгаши технологик тренддан ортда қолиш қўрқуви сабабли AI ечимларини ўта шошқалоқлик билан татбиқ этаётганини таъкидлашган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, директорлар кенгаши аъзоларининг 75 фоизи AI имкониятларини тўлиқ тушунишига ишонса-да, бош директорларнинг 35 фоизи бу борада скептик қарашда. Кўплаб раҳбарлар кенгаш аъзолари AIнинг инсон меҳнатини алмаштириш қобилиятини ҳаддан ташқари ошириб юбораётганини ва технологиянинг бизнес стратегиясига таъсирини реал баҳолай олмаётганини қайд этишган.

Қизиғи шундаки, директорлар кенгаши аъзолари ўзларининг AI бўйича билимларига қанчалик кам ишонч билдирсалар, компания технологияларни етарлича тез жорий этмаяпти, деган хулосага шунчалик кўпроқ мойил бўлишади. Мутахассислар ушбу муаммони ҳал қилиш учун бош директорлар директорлар кенгашини AI воситаларининг реал имкониятлари билан яқиндан таништириши ва уларни тизимли ўқитиш жараёнига жалб қилиши кераклигини тавсия этмоқда.

Бугунги кунда бош директорлар фаолиятини баҳолашнинг қарийб 35 фоизи айнан AI лойиҳаларидан олинадиган инвестиция даромадлари (РОИ) билан боғлиқ. Шунга қарамай, респондентларнинг 80 фоизи келажакдаги директорлар кенгаши аъзолари сунъий интеллектнинг саноатдаги трансформацион кучини чуқур тушуниши шарт деган фикрга келишган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект пойгаси: директорлар кенгаши ва бошқарув ўртасидаги зиддият