17:33 / 29.11.2022
3 066

Камолиддин Раббимов: «Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди»

Камолиддин Раббимов: «Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди»
Қўшни Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг, янги ва охирги етти йиллик ваколатга сайланган Президент Тоқаев, ўзининг биринчи давлат ташрифини Россиядан бошлаган. Шу ташриф чоғида, Россия томони Тоқаевга «келинг, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида, энергетик иттифоқ тузайлик!» деган таклифни билдирган. Бунга жавобан, Тоқаев «нима учун йўқ?! Мен розиман» деган қутилган.

Аввало, Тоқаевнинг Россияга ташрифини чуқурроқ тушуниш муҳим. Кейинги уч йил давомида, Тоқаев ва Путиннинг муносабатлари совуқ, улар ўзаро бир-бирига мутлақ ишонмайди. Лекин, дипломатик мулозамат қилишга мажбур. Путин Украина билан банд. Қозоғистонга иккинчи фронтни оча олмайди. Ресурс етмайди. Тоқаев ҳам сайловдан кейинги ўзининг биринчи ташрифини Россиядан бошлади.

Бу «тинчлантириш ташрифи» дейилади. Қозоғистон шимолдаги қўшнисига “тинчлан, мен сенга душман эмасман, мен сенга қарши бормайман. Агар ўзинг мени ҳудудим ва мустақиллигимни ҳурмат қилсанг, душман бўлмаймиз”, демоқчидек. Қозоғистон элитаси яхши тушунадики, Путиннинг сиёсий умри катта тезликда қисқариб бораяпти. У саросимага тушган пайт, уни қаҳр-ғазабини Қозоғистонга йўналишига имкон бермаслик керак. Шунинг учун, Москвага бориб, Путинни тинчлантириш муҳим эди. Энди, Москва томонидан «келинг, учлик иттифоқи тузайлик!» деган таклифга, Тоқаев «йўқ» деб жавоб берса, меҳмонга бориб мезбонни яна сазойи қилган бўлади.

Ўтган сафар Питерда Путиннинг ёнида ўтириб «мен сени ДХР ва ЛХРларингни тан олмайман!» дегани ҳалига қадар Путинни асабига тегади. Шунинг учун, бу сафар ҳам Путинни асабийлаштирмаслик учун «ҳа, майли, бўлса бўла қолсин шу иттифоқ!» деб қутилди. Лекин, бу иттифоқ Қозоғистонга оғир юк бўлади, буни Тоқаев яхши тушунади.

Ўзбекистончи? Ишончим комил, Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди. Сабаблари кўп. Биринчидан, Ўзбекистон ўзининг энергетик олди-сотдисини Россия билан мувофиқлаштирса, ўзининг энергетик ва геосиёсий мустақиллигини теп-текис жойда қисқартирган, торайтирган ёки йўқотган бўлади. Иккинчидан, иҳоталанган Россияга энергетик ва савдо-иқтисодий ҳамда геосиёсий муносабатлар устидан монополияни сақлаб қолишда, ўзининг манфаатларини қурбон қилиб бўлсада, ёрдам берса, шимолий империализмнинг яшовчанлигини узайтирган бўлади. Қолаверса, иккиламчи санкцияларга ўзини атайлаб дучор қилган бўлади.

Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги геосиёсий энг мустақил давлат. Хоҳлаганда КХШТга кириб, хоҳлаганда чиқади. Евросиё Иттифоқида ҳам кузатувчи бўлиб, бу ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқаларини ичкаридан ва бепул томоша қилишни яхши кўради. Лекин бу ишларга аралашиб, ўзига катта масъулият ёки оғир гуноҳ олмайди. Шу пайтгача Евросиё Иттифоқига тўлиқ кирмаган Ўзбекистон, энди, санкциялар босими остида турган Россиянинг янги «иттифоқи»га қўшиладими? Менимча, ҳали ҳам баъзилар Ўзбекистонни яхши тушунмаган кўринади…

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг