
Хабарингиз бор, Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгрессида нутқ сўзлади ва Уинстон Черчилдан кейин АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаган иккинчи хорижий давлат раҳбари бўлди.
Маълум бўлдики, Украинага салкам 45 млрд. долларлик ёрдам пакети ҳам ажратилади. Бу эса уруш алангаси яна узоқ ёнади, дегани. Лекин Зеленский узоқ вақтдан буён сўраб келаётган самолётлар ҳақида ҳеч қандай янгилик бўлмади ва бўлмайди ҳам. Байден маъмурияти замонавий қуроллар бермасликка интилмоқда, республикачилар ва демократлар бу борада якдил фикрда.
Сабаби ҳаммага аён, агар Украина ушбу самолётлардан фойдаланиб, Россия ҳудудига зарбалар берса, оқибати аянчли бўлган сценарийга қўл урган бўлади.
Урушда бевосита ва билвосита иштирок этаётган давлатлар раҳбарларининг гапларидан битта нарса маълум бўляптики, урушдан ҳамма чарчаган ва зериккан.
Кремлда бу моҳият акс-садо берди, унда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин уруш ("махсус ҳарбий операция")ни тезроқ тугатиш борасида гапириб ўтди. Худди шундай баёнот АҚШда, Ой Уйда ҳам берилди, унда ҳам агар Владимир Путин ростдан ҳам музокараларга чин дилдан рози бўлса, Байден у билан бу ҳақда гаплашиши мумкин дейилди.
Уруш шундай тус олиб боряптики, Украина жуда ўзига ишонган ва ишонч сўниб қолмасидан аввал ўз ҳудудларини қайтариб олмоқчи. Бунда эса албатта Украинага замонавий қуроллар ва кўплаб бошқа ресурслар керак. Лекин ҳозирча бу ҳақида гап бўлмаяпти, НАТО омборларидан келаётган қуроллар асосан эски типдаги қуроллар саналади ва улар ҳам аста-секин тугаб бормоқда. Катта савол шуки, бу қуроллар тугаса, НАТО давлатлари замонавий қуролларни берадими йўқми?
Европа Иттифоқида ҳозирча газ билан боғлиқ муаммо чиқмади. Сабаби, заҳиралар тўлди, об-ҳаво иссиқ, инсонлар тежамкорликка нисбатан кўниккандек. Шунинг учун ҳам жаҳон ҳамжамияти Украинага ёрдам ҳажмини қисқартирмоқчи эмас. Агар бордию, газ билан боғлиқ муаммолар юзага келса, Ғарб мамлакатлари Россия билан алоқага чиқиши эҳтимоли бор.
Европа Иттифоқи бошқа етказиб берувчилар билан ҳам шартномалар тузган. Аммо аввал бошдан улар ҳам "биз бундай катта ҳажмда ресурслар бера олмаймиз", деб огоҳлантиришган эди. Масалан, Қатар энергетика вазири шунга ўхшаш баёнот берганди. Воқеалар ривожи Россия фойдасига ўзгарса, (бунга эса Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолисининг норозилик чиқишлари, Украинага ёрдамнинг қисқариши ва жанг майдонидаги муваффақиятсизликлар киради) Европа санкциялар пакетини қайтадан ўйлаб кўриши мумкин. (Уларни қисман бекор қилиш ёки янгиларини жорий қилмаслик маъносида.)
Фикримизча, келгуси ойлардаги шиддатли жанглар ким қайси йўлдан боришига бирмунча аниқлик киритади. Музокаралар ҳақида истаклар билдирилгани - Россия ҳам, Украина ҳам музокаралар столига устунлик билан ўтиришни хоҳлайди ва шунга ҳаракат қилади, дегани.
Айтиш мумкинки, айни дамда урушда бевосита ёки билвосита иштирок этаётган томонлар узоқ йиллик стратегия бўйича ҳаракат қилмаяпти. Аксинча, яқин келажак нуқтаи-назаридан борини беряпти. Боиси, узоқ муддатли уруш учун иккала томонга ресурс ҳам, сабр ҳам етмайди. Фақат яқин кунларда жанг ва сиёсат майдонида рўй берадиган ўзгаришларгина кўп нарсаларга ойдинлик киритади.
Абдулборий Ўктамжонов.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар