
СССРнинг тузилганига 100 йил тўладиган бугунги кунда собиқ Иттифоқда туғилган 100 миллионга яқин одам Россияда яшайди. Худди шундай миқдордаги собиқ Иттифоқ фуқаролари унинг собиқ республикаларида ва хорижда истиқомат қилади. Ва бу меросни ҳар ким ўз йўлида бошдан кечиради. Агар мустамлака бўлган юртларда яшовчилар СССРни доим «халқлар қамоқхонаси» сифатида эслашса, собиқ иттифоқнинг энг йирик республикаси бўлган Россияда ҳамон бир қанча фуқаролар эски шовинистик, мустамлакачилик руҳини соғиниб яшайди.
90-йиллар охирида СССР парчаланиб кетганидан сўнг бир қанча диссидентлар қамоқхона ва сургунлардан қайтиб, ҳукуматнинг фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари - сўз ва йиғилишлар, виждон ва матбуот эркинликларига риоя қилишни унутганлигини эслатди. Шуниси қизиқки, Горбачёв-Елцин давридаги қисқа муддатли илиқликдан сўнг, совет давридан қолган диссидентлар Путин Россиясида яна диссидентга айланишди. Россия инсон ҳуқуқларини, демократия ва қонун устуворлигини сақлаш каби цивилизацияли давлат тамойилларини ҳурмат қилиш ваъдаларидан мунтазам воз кечди.
Россия раҳбарияти кейинги йилларга келиб мустабид тузумнинг дунё харитасидан йўқ бўлиб кетганини фожиа сифатида кўра бошлади. Владимир Путин 2005 йилда Россия Федерал Мажлисига қилган нутқида СССР парчаланишини «ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокати» деб атаган эди. “Либеральная миссия” жамғармаси экспертларининг фикрига кўра, бу қараш 2000 йилларнинг бошида янги ҳаётдан норози бўлган миллионлаб россиялик фуқароларни ҳокимият атрофида тўплашга имкон берди.
Тарихий миқёсда СССР 70 йиллик мавжудликдан кейин унутилиб, жуда қисқа муддатли империяга айланди. Бу давлатнинг ёши аслида фақат бир инсон умрининг узунлиги билан ўлчанади. Шунга қарамай, бугунги кунда ҳам Россияда коммунистик режим тарафдорлари кўп ва Кремль девори ёнида «дунёдаги биринчи пролетар давлат» асосчисининг кўмилмай, мўмиёланган жасади ётибди.
СССРни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 1922 йил 30 декабрда Советларнинг I Бутуниттифоқ қурултойида имзоланган. Иккинчи Жаҳон уруши собиқ Иттифоқ харитасини сезиларли даражада ўзгартирди: 1940 йилда мамлакат учта Болтиқбўйи республикаси ва Бессарабия (Совет Молдавиясига айланди) билан каттарди. Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу мамлакатларнинг СССРга «ихтиёрий қўшилиши» 1939 йилда Молотов-Риббентроп пактига махфий протоколлар имзоланиши натижасида амалга оширилган.
Шундай қилиб, уруш тугагандан сўнг, СССР аллақачон 15 иттифоқ республикасини ўз ичига олган, уларнинг ҳар бири де-юре СССРдан эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолди. Бироқ империя уларнинг ҳар бирини темир панжасида маҳкам тутиб, дунёдаги энг катта халқлар қамоқхонасига айланди. Улар бу ҳуқуқдан фақат 1990 йилда, биринчи навбатда Литва, кейин Болтиқбўйи ва Кавказнинг бошқа мамлакатлари иттифоқ таркибидан чиққанида фойдаланишга муваффақ бўлишди.
1991 йил декабрь ойининг охирида СССР ўз фаолиятини тўхтатди. Ғарб учун мамлакатнинг қулаши рамзларидан бири Чернобил АЭСдаги фалокат бўлиб, унинг оқибатларини кўплаб қўшни Европа давлатлари ҳис қилди. Шунга қарамай, айнан СССР раҳбари Горбачёв Совуқ урушнинг тугашига туртки бўлиб, Ғарб демократиялари билан яқинлашиш йўлини тутди. Ўттиз йил ўтиб, бу тарихий воқеа постсовет ҳудудининг турли мамлакатларида турлича акс-садо бермоқда.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар