
Россиянинг Украинага бостириб кириши нафақат ушбу мамлакатлар, балки бутун минтақа, ҳатто дунё халқлари учун ҳам ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўлди. Хусусан, бизга тегишли жиҳатларидан бири - бу юртдошларимизнинг Украинадаги урушга ёллашга уринишлар кўпайгани билан боғлиқ.
Шу билан бирга, Россиядаги ватандошларимизнинг айримлари ўша давлат фуқаролигини олишга улгурган. Рус қонунчилигига мувофиқ, ҳарбий хизматга сафарбарликдан қочган Россия фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилади. Бундай ҳолатда, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқаролари қандай йўл тутишлари лозим?
AzonTV да тайёрланган «Фикрат» таҳлилий дастурида эксперт, “Мигрант.моби” портали раҳбари, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад билан уюштирилган суҳбатда, жумладан, шу ҳақда ҳам сўз борди.
- Яқинда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александ Бастрикин томонидан, “Россия фуқаролигини олган чет эл фуқаролари биринчи навбатда “ҳарбий-махсус операцияси”га юборилиши лозимлиги, бу уларнинг “конституциявий мажбурияти” экани айтиб ўтилди.
Бир жиҳатдан, Россия фуқаролигини олгандан кейин албатта конституциявий мажбуриятлар юзага келади. Лекин бошқа жиҳатни ҳам ҳисобга олиш керакки, ҳозирги кунда Россия қонунчилиги бўйича “махсус ҳарбий опреация”га қатнашиш борасида мажбурият мавжуд эмас. Яъни ушбу “махсус операция”га бормаганлиги учун жиниоий жавобгарлик белгиланмаган. Тегишли қонун ҳам қонун ҳам қабул қилинмаган, ҳатто. Лекин бирор Россия фуқароси муддатли ёки шартнома асосида ҳарбий хизмат ўтаётган бўлса, улар албатта қўмондонлик буйруғига бўйсунишга ва юборилган жойга бориб, керак бўлса ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга мажбур. Бундан бош тортганлик учун жиноий жавобгарлик бор.
Лекин яна такрор айтаман, мобилизация бўйича, Россия фуқаролари, фуқаролигини туғилганида олгани ёки кейин олганидан қатъи назар, мобилизация бўйича чақирув қоғози билан чақирилган тақдирда ҳам, ҳарбий сафарбарликка бормагани учун жиноий жавобгарлик йўқ.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бу фуқароликдан воз кечмаган ҳолда Россия фуқаролигини олган бўлса, Россия қонунчилигига риоя этиб, ўша "махсус операция"да қатнашган тақдирда, Ўзбекистонга келганида унга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкин. Чунки давлатимиз қонунчилигига кўра, Ўзбекистон фуқароси бошқа давлатлар фуқаролигини олганидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаверади ҳамда хорижий давлатларнинг ҳарбий тузилмаларига ёлланганлиги ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилади.
Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон фуқаролари агар Россия фуқаролигини олган бўлишса, жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Россияни имкон қадар тез тарк этишлари ёки чақирув қоғозини қўлларига тутқазишларига имкон туғдирмасликлари, масалан узоқроқ ҳудудга кетишлари лозим, дея маслаҳат берди Ботиржон Шермуҳаммад.
Қўшимча қиладиган бўлсак, турли рус блогерларининг якдил фикрига кўра, фуқаро ҳатто чақирув қоғозини олган бўлса ҳам, маҳаллий ҳарбий хизмат чақирув бўлимларига бормаслиги лозим. Чунки чақирув қоғозини олиш – ҳали ҳарбий хизмат мажбуриятларини зиммасига олишни англатмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар