
Ижтимоий тармоқларда Москва шаҳрининг турли қисмлари ва шаҳар чеккаларига зенит-ракета тизимлари ўрнатилгани ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлди. Интернетда тарқалаётган фотосуратлар ва видеолардан тизимлар ҳатто уйларнинг томларига ҳам жойлаштирилганини кўриш мумкин. Агар булар рост бўлса, урушнинг 11-ойи охирида Россия пойтахти нимага тайёрланмоқда?
19 январ кунидан Россиядаги интернет саҳифаларида Кремль яқинидаги баъзи биноларнинг томларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (ҲҲМ) ўрнатилгани акс этган сурат ва видеолар жойлаштирила бошланди. Хусусан, тасвирларга қараганда, «Панцирь-С1» тизими Россия мудофаа вазирлиги биноси томида ҳам пайдо бўлган.
Шу куни Москва шаҳрининг Таган районидаги кўп қаватли уйларнинг юқори қаватидан олинган видео ҳам тарқалди. Унда «Панцирь» тизимига жуда ўхшаш ҳарбий қурол ва контейнерни бино томига кўтараётган кранни кўриш мумкин. Офис қўриқчилари бўлаётган воқеани ё «режалаштирилган машғулотлар», ёки «томни таъмирлаш» дея изоҳлаган.
Рублево-Успенское шоссеси бўйлаб Ново-Огарёводаги Путин қароргоҳидан ўн километр узоқликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими (тахминан «Панцирь-С1») ўрнатилгани тасвирланган яна бир видео Сирена телеграм-каналида эълон қилинди.
Янги Москвадаги ҳарбийлар жойлашган Остафьево бизнес аэродромидан икки километр узоқликда ҳам бир нечта ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари суратга олинган. Видеони Сирена таҳририятига юборган фойдаланувчининг сўзларига кўра, ҳарбий техника бу ерда тахминан бир ой олдин пайдо бўлган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Москванинг турли бурчакларидаги ҳарбий техникаларнинг бошқа тасвирларини ҳам тармоқда тарқатмоқда. Фойдаланувчилар Тимирязев қишлоқ хўжалиги академияси ҳудудига жойлаштирилган С-400 тизими, шунингдек, Лослар ороли боғига ўрнатилган ҳаво ҳужумидан мудофаа батареяси ҳақида хабар берган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 январ куни Днипрода рўй берган фожиани (рус ракетасининг турар жой биносига зарбаси оқибатида 40 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди) изоҳлар экан, ҳаммасига Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини айбдор қилди. Унинг сўзларига кўра, «украиналиклар барча уруш қонунлари, халқаро ва гуманитар ҳуқуқларга зид равишда ҲҲМ тизимларини турар жойлар биносига жойлаштирган».
20 январ куни журналистлар Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковдан Москвага ўрнатилаётган ҲҲМ тизимлари ҳақида сўради, у эса одатдагидек барча саволларни мудофаа вазирлигидан сўраш кераклигини айтди.
РФ мудофаа вазирлиги ва Москва шаҳар ҳокимияти шаҳарда бўлаётган воқеаларга изоҳ бермаган.

Ҳарбий техника томга кран орқали кўтарилмоқда. Фото: HTTPS://T.ME/NEWS_SIRENA
BBC нашри Москвага ҲҲМ тизимларини оммавий равишда жойлаштириш айнан ҳозир бошланганини тасдиқлай олмаган. Бошқа манбалар маълумотларига кўра, «Панцирь» ҲҲМ ракета тизими камида 2022 йил декабр ойидан бери мудофаа вазирлиги биноси томида турибди. Шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг стратегик аҳамиятга эга аэродромлар ва Путиннинг қароргоҳи атрофида бўлиши ҳам ғайриоддий ҳодиса эмас.
Россиянинг topwar.ru милитаристик ресурси фойдаланувчиларининг таъкидлашича, АҚШда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Оқ уй рўпарасида жойлашган биноларга ўрнатилган, Сеулда эса Шимолий Корея билан чегарадошлик сабаб бинолар томларидаги зенит-ракета тизимлари мажбурий атрибут ҳисобланади.
Шунга қарамай, Москва шаҳри ва унинг атрофида зенит-ракета тизимлари пайдо бўлиши ҳақидаги хабарларнинг асосий қисми сўнгги кунларда пайдо бўлди. Кўпчилик фойдаланувчилар бу тизимлар «Панцирь» эканини таъкидлаган. «Панцирь» — биринчи навбатда нисбатан паст тезликка эга бўлган душман учувчи қурилмаларининг ҳужумини қайтариш учун мўлжалланган тизимдир.
«Панцирь-C1» — афзалликлар ва камчиликлар
«Панцирь-С1» зенит-ракета тизими кичик фуқаролик ва ҳарбий объектларни ҳаво ҳужумларидан мудофаа қилиш учун яратилган. У асосан яқин масофадаги ҳимоя учун, шунингдек, оммавий ҳаво ҳужумларини қайтаришда бошқа ҳаво мудофаа тизимларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади.
Ушбу нисбатан янги тизим оғир юк машинасига жойлаштирилувчи мобил версияда ҳам, стационар версияда ҳам ишлатилиши мумкин. Эълон қилинган маълумотларга кўра, «Панцирь» 20 километргача узоқлик ва 15 километр баландликдаги тўртта ҳаво нишонига бирданига ўқ узишга қодир. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, нишонни йўқ қилишнинг максимал тезлиги 1000 м/с, яъни товуш тезлигидан уч баравар тезроқ.
Аммо, ҳақиқий жанговар шароитлардан маълум бўлишича, «Панцирь»нинг бу хусусиятлари жуда бўрттирилган.
2012 йилда Россия мудофаа вазирлиги ва Россия Ракета ва артиллерия фанлари академиясининг илмий-техник конференциясида «Панцирь-С1» ҲҲМ ракета тизимининг самарадорлиги тўғрисидаги доклад муаллифлари тизимнинг бир қатор жиддий камчиликларини қайд этишган.
Жумладан, ҳисоботда шундай дейилган:
- ўқ отиш синовларининг ҳақиқий натижалари тизимнинг 2-3 километрдан кўпроқ курс билан манёвр қиладиган ва учадиган нишонларга ўқ узиш қобилияти пастлигини кўрсатди;
- тизимнинг тактик-техник хусусиятларида 1000 м/с тезлик ёзилган бўлса-да, унинг 400 м/с.дан юқори тезликда учадиган нишонларга ўқ узиш имконияти тасдиқланмади;
- тизимнинг максимал отиш масофаси 20 км. Бироқ у 80 м/с.дан ошмайдиган тезликда учадиган ҳаво нишонларинигина ушбу масофада нишонга ола олади.
Ҳисоботда тизимнинг фақат шу соҳадаги мутахассислар учун тушунарли бўлган бошқа камчиликлари ҳам келтирилган.
Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциясининг фаол босқичида «Панцирь-С1» тизими русларнинг Хмеймимдаги ҳаво базасини ҳаводан ҳимоя қилди ва ноаниқ таассуротлар қолдирди.
Ҳарбий эксперт, «Арсенал Отчетсва» (Ватан қурол омбори) журнали бош муҳаррири Виктор Мураховский ўз манбалари — ҲҲМ зобитларига таяниб тизим ҳақида муҳим маълумотлар келтирган. Унинг айтишича, «Сурияда “Панцир” тизимининг кичик ва паст тезликдаги нишонларни, хусусан ҳарбий дронларни кўрмаслиги маълум бўлди». Мураховскийнинг сўзларига кўра, «Панцирь»нинг самарадорлиги 19 фоиздан ошмайди.
Эҳтимол, шундан кейин мажмуа қайта ишланган бўлиши мумкин. 2018 йил январ ойи бошида бошқа зенит-ракета мажмуаси — Тор-М2 билан биргаликда ҳаракат қилган «Панцирь» дронларнинг йирик ҳужумини қайтаришда яхши натижа кўрсатди. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўшанда «Панцирь-С1» ҲҲМ тизими душманнинг еттита дронини уриб туширган, яна олтитаси радиоэлектрон уруш бўлинмалари томонидан тутиб олинган.
«Панцирь-С1» ҲҲМ ракета тизимлари зич шаҳарларда ишлашда жиддий муаммоларга эга. Кўп қаватли бинолар нишонни аниқлаш самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради. Бундан ташқари, “Панцирь-С1” ракеталари, айтайлик, бу биноларни ажратиш билан боғлиқ муаммога ҳам эга. Белгородда буни яхши билишади», дея ёзади украиналик ҳарбий-сиёсий кузатувчи Олександр Коваленко.
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, Украина билан уруш бошлангунига қадар Россия армиясида 116 та «Панцирь-С1» тизими мавжуд бўлган. Жанговар ҳаракатлар пайтида улардан камида 12 таси йўқ қилингани ҳужжатлаштирилган. Норасмий маълумотларга кўра эса, аслида ўттизтадан кўпроқ тизим йўқ қилинган.
Нега «Панцирь»лар Москвага ўрнатилмоқда?
Украинага бостириб киришнинг биринчи кунидан бошлаб Россия армияси бутун Украина ҳудудига, асосан, совет ва ўзида ишлаб чиқарилган ракеталардан, яқинда эса Эрон дронларидан фойдаланган ҳолда зарбалар бериб келмоқда. Уларнинг қурбонлари эса кўпинча тинч аҳоли вакиллари бўляпти.
Россиянинг ўзида эса аввалига фақат чегара ҳудудлари аҳолиси вакиллари урушни ўз таналарида ҳис қилишди. Бу ерда вақти-вақти билан ҳарбий омборлар, электр линиялари, темирйўллар ва ёнилғи терминаллари портлатилди, уйларга снарядлар учиб келди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг шовқини эшитилиб турди. Аммо аста-секин ҳарбий ҳаракатлар географияси кенгая борди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Москва области ҳудудида ҳам пайқашган. Фото: HTTPS://T.ME/NEWS_SIRENA
Октябр ойида аннексия қилинган Қримни Краснодар ўлкаси билан боғловчи Қрим кўприги портлатилди, декабр ойи бошида эса Рязан ва Саратов областларидаги ҳарбий аэродромларга ҳужум уюштирилди. Энгелс аэродромига қилинган ҳужум алоҳида резонансга сабаб бўлди, бу ерда Украинага ракета зарбаларини берувчи узоқ масофали самолётлар жойлашган эди.
Ўшанда Россия мудофаа вазирлиги аэродромга «совет даврида ишлаб чиқарилган реактив дрон билан зарба беришга уриниш бўлгани»ни маълум қилди. Ҳарбий соҳага ихтисослашган телеграм-каналлар Россиянинг чуқур ички ҳудудидаги аэродромларга зарба бериш учун СССРнинг Ту-141 «Стриж» разведкачи дрони ишлатилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Украина ҳукумати Энгелс ва Дягилево аэродромларида содир бўлган воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Декабр ойи охирида Саратов областидаги Энгелс аэродромига яна ҳужум уюштирилди.
Москвадаги биноларга «Панцирь-С1» ҲҲМ тизимлари ўрнатилиши Кремлнинг қўрқуви кучайиб бораётганидан далолат берадими?
«Энди янада ёмонроқ бўлади. Улар Украинани тарк этиши керак. Россия барча босиб олинган ҳудудларни тарк этмагунча, Россия Федерацияси ҳудудига, жумладан, Москвага ҳам баъзи жиддий таҳдидлар хавф солади», деган Украина мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси матбуот котиби Андрей Юсов.
Украина ўзининг режалари ва Россиянинг чуқур ички ҳудудларида ишлатаётган худкуш дронларини ошкор қилмаяпти. Аммо Москвага қўшимча ҲҲМ тизимларининг шошилинч ўрнатилиши Россиянинг ҳаво мудофааси билан боғлиқ жиддий муаммолари борлигини кўрсатиши мумкин.
Эҳтимол, Россия армияси Эроннинг худкуш дронларини қабул қилиб, улар билан ўзларининг ҳаво мудофаа тизимини синовдан ўтказган ва синовлар натижаси ижобий бўлмаган.
Агар Эрон Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини «алдаб» ўта оладиган дронларни ясашга муваффақ бўлган бўлса, СССР парчаланганидан кейин унинг ҳарбий конструктив базасини мерос қилиб олган Украина ҳам албатта буни амалга ошира олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар