date

Максим Шацких: “Андижон” 16 йил кутган ғалабага лойиқ эди

Максим Шацких: “Андижон” 16 йил кутган ғалабага лойиқ эди

Суперлига 23-туридан ўрин олган “Андижон” – ОКМК учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

“Аввало барчага хайрли кеч тилайман. Бугун биз чин маънода бахтли ва шодмиз. Бу ғалаба биз учун катта аҳамият касб этади. Андижон аҳолиси бу зафарни қарийб 16 йил давомида орзиқиб кутди. Учрашувнинг биринчи қисмида ўйин тўлиқ назоратимиз остида кечди. Иккинчи бўлимда эса натижани сақлаш учун кўпроқ куч сарфладик. Йигитлар сўнгги дақиқаларга қадар бардош беришди, ирода ва сабр билан ҳаракат қилишди ва охирида керакли ғалабани қўлга киритишди. Шу натижага биз тўла-тўкис муносиб эдик”, — деди Шацких.

Тажрибали мураббий ўйиндан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганини таъкидлади:
“Ҳа, бугун биз кутган барча нарса амалга ошди. ОКМКга қарши майдонга тушган жамоамиздан мен фақат мамнунман. Ҳар бир футболчи бор кучини берди, уларнинг ҳар бири мен учун қаҳрамон.”

Отабек Жўрақўзиевнинг ўйини ҳақида сўралганда эса Шацких шундай изоҳ берди:
“Унга ҳали етарлича ишонч етишмаяпти. Футболда фақат гол уриш эмас, балки тўпни узатиш, вазият яратиш ҳам муҳимдир. Бу ерда унга янги муҳит, янги жамоа. Вақт керак. У юқори савиядаги ўйинчи ва албатта ўзини кўрсатади.”

Шунингдек, мураббий “Андижон”нинг халқаро майдондаги бўлажак учрашувига ҳам тўхталди:
“Биз ҳар қандай баҳсга режа асосида тайёрланамиз. Албатта, ғалабани истаймиз, аммо футболда натижа доим ҳам кутилгандек бўлмайди. Бошқа жамоалар ҳам ғалаба учун майдонга тушади. Биз эса бор кучимиз билан рақибга қарши курашамиз.”

Голли вазиятлардан фойдаланиш масаласига оид саволга эса шундай жавоб берди:
“Ҳар бир учрашувда бештадан гол уришимиз шарт эмас. Бу ‘Барселона’ эмас, бу ‘Андижон’. ‘Сўғдиёна’га қарши баҳсда ҳам ғалаба қозонишимиз керак эди. Бугун эса кўплаб имкониятлар яратдик, аммо голга айлантиришда камчиликлар бўлди. Бу йўналишда кун сайин ишлаяпмиз. ОКМК биринчи бўлимда фақат бир марта дарвозамизга зарба йўллай олди. Иккинчи қисмида эса биз ортга чекинганимиз учун уларда имкониятлар кўпайди. Аммо қандай бўлмасин, биз бугун ғалабага ҳақли эдик.”

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: “Андижон” 16 йил кутган ғалабага лойиқ эди