364
Delta рақамли тизими. Украина қуролли кучларга киритган бу тизим ўзи нима ва қандай мақсадлар учун керак?
Қўшинларни бошқариш тобора кўпроқ рақамли тармоқларга боғлиқ бўлиб бормоқда
Фото: GETTY CREATIVE STOCK
4 феврал куни Украина мудофаа вазирлиги Delta жанг майдонини бошқариш тизимини қуролли кучларга расман қабул қилди.
Delta тизими октябр ойида НАТOнинг Tide Sprint ёпиқ тадбирида тақдим этилганди. Delta.mil.gov.ua сайтида тизимни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан Украина мудофаа вазирлигининг Мудофаа технологияларини ривожлантириш ва инновация маркази шуғулланаётгани ҳақида хабар берилган.
Бироқ, New York Times нашри ноябр ойида ушбу тизим НАТО билан ҳамкорликда ишлаб чиқилгани ва Украинадаги уруш уни синовдан ўтказиш ҳамда тузатиш учун тажриба полигонига айланганини ёзди.
Тизимга кириш жойи интернетдаги Delta.mil.gov.ua манзилида жойлашган, дейилади пресс-релизда.
Delta тизимининг тузилиши унинг тавсифида айтилишича, учта асосий компонентдан иборат:
- Delta monitor — бу душман кучлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва намойиш қилиш, мудофаа кучларини мувофиқлаштириш, шунингдек, НАТО стандартлари бўйича вазиятдан хабардорликни таъминлаш учун воситадир.
- Element — бу бўлинмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мувофиқлаштирилиши учун хавфсиз мессенжер.
- Delta tube — видеоларни жўнатиш учун ҳимояланган канал.
Шунингдек, пресс-релизда айтилишича, тизимга сунъий йўлдош тасвирлари, радарлар, детекторлар, GPS-трекерлар ва қуроллардан олинган маълумотларни етказиб берувчилар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари интеграцияланган.
Тизим ҳакерлар ҳужумидан ҳимояланган. Украина мудофаа вазирлиги сайтида ёзилишича, ҳукумат Delta’ни ракета ҳужумлари ва киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун унинг базасини мамлакат ташқарисидаги «булут»га жойлаштиришга рухсат берган.
Бу қандай тизим?
Бундай тизимларнинг умумий принципларини таърифлаш қийин эмас — ўйинчи жанг майдонини кўрувчи ва сичқонча ёрдамида ўз қўшинларига буйруқ берувчи тактик компьютер ўйинини тасаввур қилинг: танк қисмлари жангга киради, ракеталар нишонга қараб учади, захира кучлари керакли вақтда керакли нуқтага қараб ҳаракатланади (масалан Command & Conquer: Generals).
delta.mil.gov.ua сайтига кириш саҳифаси. Фото: DELTA.MIL.GOV.UA
Албатта, бундай тизимларнинг интерфейси бошқача кўринади, лекин умумий ғоя айнан шундай: ҳамма нарсани кўриш, ҳамма нарсани билиш, тезда ҳаракат қилиш.
АҚШда бу концепция C4ISR (Command, Control, Communications, Computers, Intelligence, Surveillance and Reconnaissance – буйруқ, назорат, алоқа, компьютерлар, интеллект, кузатув ва разведка) деб номланган.
Ушбу концепция доирасида яратилган рақамли қўмондонлик ва бошқарув тизимлари қўмондонликни вазиятдан хабардор қилиш, яъни реал вақтда ўз кучлари ва душман қўшинлари жойлашган позицияни тўлиқ тушунишни таъминлаш учун мўлжалланган.
Бундай тизимлар, шунингдек, жанговар топшириқнинг энг тўғри ечимини танлашда ва уни керакли бўлинмага юборишда ҳам ёрдам бериши мумкин.
Delta каби тизимлар армияга муваффақиятнинг асосий омилларидан бирини — қўмондонга қарор қабул қилиш ва буйруқни жанг майдонига етказиш учун керак бўладиган вақтни тақдим этади.
Илон Маскнинг SpaceX компанияси Starlink сунъий йўлдош интернети учун юзлаб терминалларни Украинага берганидан сўнг, Украинада жанговар бошқарув тизимини қуришда ушбу концепцияни қўллаш имкони пайдо бўлди.
Ушбу терминаллар сунъий йўлдош орқали интернетга уланган ердаги станциялари билан боғланади.
Аввалроқ Украинада артиллерия тизимларини бошқарувчи маҳаллий «Крапива» ва GIS Arta рақамли бошқарув тизимлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар 2022 йил феврал ойидан, Россия босқинининг бошидан бери қўлланмоқда.
Бу тизимлар маълум маълумот нуқталарига боғланган электрон онлайн хариталарга ўхшаш географик ахборот тизимларидир.
Улар маълумотларни кўплаб манбалардан, хусусан, дронлар, ер усти бўлинмалари, радарлар ва ҳоказолардан тўплайди. Кейин эса маълумотларни қайта ишлайди ҳамда энг қулай жойлашган нишонни танлаб, артиллерия батареяларига ушбу нишон маълумотларини беради.
Delta тавсифига кўра, нафақат артиллерия, балки бошқа уруш воситаларини ҳам ўз ичига олган мураккаброқ тизим.
У ҳам турли манбалардан маълумотларни тўплайди. Маълумотлар нафақат жанговар гуруҳлар, зирҳли транспорт воситалари, дронлар, разведка самолётлари, сунъий йўлдошлардан, балки ҳатто ишончли оддий фуқаролардан ҳам олинади.
Бундай тизимда ишончли ва хавфсиз алоқа каналларига эга бўлиш жуда муҳим, шунинг учун Ғарб ҳарбий техникасини етказиб беришда рақамли алоқа жуда муҳим ўринни эгаллайди — C4ИСР концепциясидаги тўртта «C»дан бири «communication», яъни «алоқа».
Қўшинларни рақамли автоматик бошқариш тизимлари қарор қабул қилиш ва буйруқларни узатишда вақтни қисқартириш учун мўлжалланган
Фото: GETTY IMAGES
Очиқ манбаларда Delta’нинг Украина армиясида қўлланиши ҳақида маълумот жуда кам, у қанчалик кенг тарқалгани, унинг синовлари натижалари қандай экани ҳам номаълум (унинг мавжудлиги ҳақидаги хабар ва қуролли кучларга қабул қилинган вақти оралиғида синовлардан ўтказилгани аниқ). Шунингдек, тизимнинг қанчалик самарадорлиги, заиф томонлари ва бошқалар ҳам ноаниқ.
Энг аниғи, фақатгина тизимнинг мавжудлиги. Тўғри, New York Times газетаси ёзишича, Украина қўшинлари Херсон яқинидаги қарши ҳужум операцияси пайтида Delta’дан фойдаланган. Бу операция натижасида рус қўшинлари Днипронинг нариги томонига чекинган эди. Бироқ, ушбу қўлланишнинг батафсил тафсилотлари ошкор этилмаган.
Россия армиясидаги рақамли бошқарув
Delta’га ўхшаш тизимлар кўплаб мамлакатларда ишлаб чиқилган ва ишлаб чиқилмоқда. Совет иттифоқида ҳам 1980-йилларда қўшинларга шундай тизимларни киритишга ҳаракат қилинган.
«Манёвр» автоматлаштирилган қўмондонлик ва бошқарув тизимининг тактик бошқарув комплекси СССР мудофаа вазири буйруғи билан 1983 йилда қуролли кучларга қабул қилинган, аммо россиялик ҳарбий эксперт Виктор Мураховский ёзганидек, бу тажриба муваффақиятсиз тугаган.
2000 йилда Россияда «Созвездие» тизимини ишлаб чиқиш бошланди ва 2015 йилда Созвездие-М2 номи билан қуролли кучларга қабул қилинди. Бу жуда қиммат ишланма эди, рус матбуоти унинг тайёрланиши ҳақида бир неча марта ёзди.
Россиянинг яна бир шундай тизими «Акация М» деб аталади.
«2019 йил охирига келиб, «Акация»лар ҳар бир умумқўшин армиялари таркибида пайдо бўлади. Мудофаа вазирлиги уларни сотиб олиш учун аллақачон 21 миллиард рублдан ортиқ маблағ ажратган», деб ёзган «Известия» нашри 2018 йилда.
Бироқ, бу тизимларнинг самарадорлиги ва тарқалиши борасида турли манбалардан турли маълумотлар келади.
«Барча автоматлаштирилган бошқарув тизими амалда қандай ишлашига нафақат Суриядаги жанговар ҳаракатлар пайтида, балки «Восток-2018» ва «Центр-2019» машғулотларида ҳам гувоҳ бўлди. Армиямиз бўлинмаларининг машғулотлар давомида ва жанговар ҳаракатлар вақтида яхши мувофиқлаштирилган иши айнан уларнинг хизматидир», деб ёзган «Звезда» газетаси 2020 йилда.
Бироқ, «Роскосмос»нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ўғли, ўзи ҳам Бирлашган авиация корпорациясида юқори лавозимни эгаллаган ва ҳозирда дронларни бошқариш тизимларини ишлаб чиқувчи компания консультанти Алексей Рогозин ноябр ойида ўз телеграм-каналида Россия қўшинларидаги рақамли тизимлар аслида ишламаслигини ёзди: «Штаб ҳарбий ходимларига ҳам АҚБТ (автоматлаштирилган қўмондонлик ва бошқарув тизимлари) яхши таниш, масалан, «Акация-М», «Созвездие-М2», «Андромеда-Д» (Ҳаво-десант кучлари учун махсус рақамли тизим). Ягона савол шундаки, жойларда деярли ҳеч қандай фойдаланувчи терминаллар мавжуд эмас ва ходимлар ушбу қурилмалар билан ишлашга ўргатилмаган».
Россия қўшинларидаги рақамли алоқа билан боғлиқ муаммолар ҳақида телеграмдаги «Бойцовый кот Мурз» канали жуда кўп ёзади. Ушбу канал муаллифи «ДХР» ҳарбий қисмларнинг бирида алоқа воситалари билан шуғулланади.
«Ягона тактик бошқарув тизимлари»нинг барчаси, хусусан, «Созвездия» тактик даражадаги ягона бошқарув тизими ва бошқа «бетакрор дастурий таъминот тизимлари» мамлакатимизда ўнлаб йиллар давомида уларнинг асосий таркибий қисми — ушбу тизимларга радиоканаллар орқали маълумот узатувчи тўлақонли ҳарбий радиокомплекслардан тўлиқ ажратилган ҳолда ажойиб равишда ишлаб чиқилиши мумкин», деб ёзади канал муаллифи.
«Машғулотлар ва полигонда чиройли отган нарсалар жангдаги қўшинларгача етиб бормади», деб ёзади телеграмдаги «Старше Эдды» канали «Созвездие М2» тизими ҳақида.
Delta, Рақамли тизим, Украина, Мудофаа вазирлиги Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Песков махсус ҳарбий операция қачон тугашини айтди