Феврал якунланди. Москвада ҳам, Киевда ҳам анонс қилинган кенг кўламли қишки юриш рўй бермади. Бутун қиш бўйи Россия-Украина фронтининг катта қисмида позицион жанглар олиб борилди ва фақат айрим участкаларда Россия қўшинлари фаол юриш ҳаракатлари олиб боришга ҳаракат қилди. Урушаётган армиялар қишда нималарга эришди ва баҳорги лойгарчилик арафасида жанг майдонида қандай вазият юзага келган?
Бу қишда йирик юриш қилиш учун икки томонда ҳам имконият ва асослар бор эди. Кузги кампанияни улкан ғалабалар билан якунлаган Украина муваффақиятни Луҳанск области ғарби ва шимолида ривожлантиришга уриниб кўриши ёки жанубий йўналишлардан бирида - балки бир вақтнинг ўзида бир нечасида - ҳужум қилиши мумкин эди.
Сафарбарлик эвазига сафларини тўлдирган Россия эса Донбасс шимолида ташаббусни қўлга олиб, Лиман атрофида ва Харкив области шарқида бой берилган ҳудудларни қайтариб олишга уриниб кўриши, шунингдек, Запорижжяда ва Донецк области жанубида юриш бошлаши кутилганди.
«Генерал Аёз» томонларнинг иккисига ҳам халақит қилди ва шу вақтнинг ўзида ёрдам кўрсатди - пиёда қисмлар ҳаракати қийинлашди, аммо музлаган тупроқда зирҳли техникалар ҳаракатланиши осонлашди. Қишда маскировка (яшириниш) қийин, аммо нишонни белгилаш осон. Ёзда таъминот муаммо - қишда бу янада ёмонроқ.
Украина қуролли кучлари стратегик мудофаани эгаллашни афзал кўриб, Креминна атрофида ва Северодонецк-Лисичанск агломерациясидан шимоли-ғарбида локал ҳужумлар уюштириш билан чекланди. РФ қуролли кучлари эса фронтнинг турли участкаларида фаоллик кўрсатган бўлса-да, асосий кучларини Донецк областида - ҳудуд шимоли-шарқидаги Бахмут атрофида ва Донецк яқинида жамлади, бу жойларда Украина армияси област марказига ва Запорижжя области жанубидаги Россия гуруҳи таъминот йўлларига таҳдид солаётганди.
Ҳозирда икки томон ҳам захираларини тўпламоқда. Украина Ғарб мамлакатларидан қабул қилиб олинган ҳарбий техникаларни сафга чиқармоқда, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда, штурм қисмларни ўқитмоқда, янги бўлинмалар шакллантирмоқда ва баҳор-ёздаги юриш учун режалар ишлаб чиқмоқда. Россия ўзига мерос бўлиб қолган совет ҳарбий омборларини инвентаризация қилиш билан жадал шуғулланмоқда, бу жойларда сақланаётган ўқ-дориларни экспертизадан ўтказмоқда, қурол-яроғ таъминоти учун қўшимча манбалар қидирмоқда, сафарбар қилинганларни ўқитмоқда ва йилнинг иссиқ даври учун режалар тузмоқда.
Фронтдаги вазиятнинг қисқача шарҳи
Херсон области
Днипронинг ўнг соҳилидан чекингач, Россия бўлинмаларининг катта қисми Украина артиллерияси етиб бора олмайдиган масофадаги ичкари ҳудудларга олиб кетилди. Туташув чизиғи яқинида, ороллар ва Кинбурн яриморолида кичик гуруҳлар жойлаштирилди. Уларнинг асосий вазифаси - украинлар чап соҳилга десант туширишига йўл қўймаслик ва хатар ҳақида огоҳлантиришди.
Айни вақтда бу ҳудудда фронт чизиғи Днипро дарёси бўйлаб барқарор. Ҳарбий экспертлар Украина қуролли кучлари фронтнинг бу участкасида юриш бошлаши эҳтимоли кам деб ҳисоблайди. Биринчидан, бунинг учун катта дарёни кечиб ўтиш талаб этилади - бу эса жуда мураккаб амалиётдир. Иккинчидан, Днипро кечиб ўтилгач, ҳужум қилаётган бўлинмаларга тўхтовсиз таъминот етказиб турилиши керак, буни қандай қилиш - катта савол. Днипро узра ўтган кўприклар вайрон қилинган, понтон ва паром кечувлар ишончли эмас, авиация етарли эмас.
Ва учинчидан, Россиянинг Херсон областидаги қисмлари тор-мор этилмаган, балки тартибли ҳолда олиб кетилган ва жанговар қобилиятини сақлаб қолган. Бу қўшинни тўлдириш ва қайта қуроллантириш, шунингдек, мудофаа позициялари барпо этиш учун етарлича вақт бўлди.
![](https://storage.kun.uz/source/9/04V5oS3XcdeiCOOpM8y4Mg9Z5MsHnu6i.jpg)
Ўз навбатида, Россия армияси қарама-қарши соҳилга ўтиши умуман маънога эмас - бундай операция, агар у каттароқ режанинг бир қисми бўлмаса, юқорида келтирилган сабаблар туфайли муваффақиятсизликка маҳкум. Шу билан бирга, Россия қўмондонлиги украинлар чап соҳилга десант ташлаши (жумладан денгиз орқали) эҳтимолини ҳисобга олишига ва катта ҳудудларни доимий назоратда ушлаб туришига тўғри келади, бу эса катта миқдордаги қўшин ва ресурсларни сафарбар қилишни талаб этади.
Запорижжя
Украина разведкаси Запорижжя йўналишидаги Россия гуруҳини 30 батальон-тактик гуруҳга тенг деб баҳолаган, бу тахминан 25 минг кишилик қўшин дегани. Бундай миқдор билан 100 километрдан ортиқ масофадаги фронт чизиғи бўйлаб юриш қилиш учун назарий имконият бор, аммо бу жуда таҳликали. Рақиб қарши ҳужумга ўтган тақдирда, уни қайтариш учун захира кучлари бўлмайди, ҳудуд ўрмонзорларсиз текисликлардан иборатлиги эса қарши ҳужумга ўтувчи гуруҳлар тезлик билан ҳаракатланишини таъминлайди.
Аммо фронтнинг тор участкаларида мудофаа ва локал амалиётлар учун мавжуд кучлар етарли ҳисобланади. Январ ойи ўрталарида Россия қўшини шимолга, Орихив ва Гуляйпил йўналишларида юришга ҳаракат қилиб кўрган, бир неча қишлоқлар эгаллангани хабар қилинган, аммо якунда фақат битта посёлка эгаллангани тасдиқланганди.
Запорижжядаги жанглар катта эҳтимол билан позицион хусусиятга эга бўлади, айни вақтда у ерда алоҳида тўқнашувлар ва артиллерия дуэллари давом этмоқда, аммо умуман олганда фронтнинг бу участкасида вазият нисбатан тинчлигича қолмоқда.
Шунга қарамай, ҳарбий таҳлилчилар ҳисоблашича, Запорижжя жануби украинларнинг юриши учун истиқболли йўналиш ҳисобланади - Украина қуролли кучлари муваффақиятга эришса, Қримга қуруқлик орқали йўлак тўсиб қўйилиши мумкин, бу ҳолатда эса Херсондаги Россия гуруҳи вазияти мавҳум бўлиб қолади. Аммо бундай кенг кўламли амалиёт ўтказиш учун Украинага кўп сонли яхши ўқитилган ва яхши қуролланган қўшин керак бўлади.
Вуҳледар
Россиянинг Вуҳледарга юриши муваффақиятсизликка учраши армиядаги концептуал муаммоларни очиб берди - бу армия ҳамон эски шаблонлар бўйича ҳаракат қилади, аммо совет қуролли кучларидан фарқли ўлароқ кўп миллионлик аскарларга эга эмас.
Қўйилган вазифани амалга ошириш учун Россия қўмондонлиги кенглиги тахминан уч километрни ташкил этадиган тор участкада катта кучлар ва воситаларни тўплади. Ва бу вазиятда Украина қуролли кучларининг юқори аниқликдаги мобил артиллерияси ва нишонни белгилаш ҳамда алоқа воситаларидаги самарали устунлиги тўлиқ намоён бўлди.
Россия қисмлари муваффақиятсиз тактикани давом эттирди ва зирҳли техникалар портлаб кетган олдинги йўналиш бўйлаб юриш такрорланди, техникалар яна миналарга тушиб портлади ва украина артиллерияси ўқлари остида қолди.
![](https://storage.kun.uz/source/9/Yjp7D2J7gogwjlkv6asTZfpei7mQMibI.jpg)
Якунда юриш қилаётган қўшин йўқотишлари улкан бўлди, Вуҳледарни эгаллаш топшириғи эса бажарилмади.
Авдийивка
Авдийивкани украин қўшинининг Донецк областидаги мустаҳкам қалъаси деб аташади. Донецкдан шимолда унга ёнма-ён жойлашган бу шаҳар юқорироқда ва Украина қуролли кучларининг област марказига эҳтимолий юриши учун плацдарм вазифасини ўтайди.
Россия қўшини бу ноқулайликни бартараф этишга кенг кўламли уруш бошланишидан олдинроқ ҳам ҳаракат қилган. Лекин муаммо шундаки, биринчидан, Авдийивка яхши мустаҳкамланган, иккинчидан, унга кўтарилиш қийин: у ердан туриб атрофни жуда яхши ўққа тутиш мумкин ва шунинг учун бу ҳудуд «кулранг зона» деб аталади - бу ҳудудни томонларнинг ҳеч бири эгаллай олмайди.
Қишда Россия армияси Авдийивка йўналишида яна фаоллашди. Бу ерга асосан россиялик маҳбуслардан шакллантирилган ва мобил штурм гуруҳлари тактикасидан фойдаланадиган «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари ташлангани хабар қилинди.
Бундай тактика моҳияти кичик бўлинмалар рақибнинг ўқ отиш нуқталарини очиши ва бу нуқталар артиллерия билан бостирилишига қаратилган тўхтовсиз ҳужумларга асосланган. Агар бунга эришилса, омон қолган штурмчилар рақиб позицияларини эгаллаши ва захира кучлар етиб боргунига қадар позицияларни сақлаб туриши керак бўлади.
Донбассда вагнерчилар тактикаси маълум даражада самарали бўлмоқда - Россия қўшини улкан йўқотишларга учраб бўлса-да, аста-секинлик билан олдинга силжимоқда. Авдийивкада улар тўқнашув чизиғи бўйлаб бир неча юз метрга илгарилади, лекин ҳеч қайси нуқтада яққол ёриб ўтиш кузатилмади.
Шаҳар ярим қуршов ҳолатида, шимолда Красноҳоривка учун, жанубда - Опитне посёлкаси учун жанглар кетмоқда. Аммо бу ерда аввал ҳам шундай вазият эди, ёлланма жангчилар ресурслари эса чексиз эмас.
Луҳанск области шимоли ва ғарби
Ўтган йил кузидан буён Украина қўшини Креминна томон силжимоқда - бу ўтган йил ёзида Россия назоратига ўтган Северодонец-Лисичанск агломерациясига олиб борувчи калит шаҳар ҳисобланади. Украина қуролли кучлари қишда ҳужумларни давом эттирди, аммо алоҳида муваффақиятга эришилмади. Луҳанск ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай бу йўналишдаги асосий муаммо ҳамма ёқ Россия қўшинлари томонидан миналаштирилгани билан боғлиқ эканини айтган.
Қиш ўрталарига келиб Россия армияси сафарбар қилинганлар ҳисобига қўшимча кучга эга бўлди ва Креминна атрофида қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилди, аммо улар ҳам муваффақиятга эриша олмади. Ҳозирда бу йўналишда фронт амалда ҳаракатсиз қолмоқда.
Россия қарши зарбасининг бошқа бир йўналиши Луҳанск шимолида бўлди. Феврал ойи бошида Россия тузилмалари кутилмаганда Купянск йўналишида фаоллашди. Маълум вақт давомида Россиянинг анонс қилинган йирик юриши шу ерда бошлангандек кўринганди.
Купянск - Харкив областида, Оскил сув омбори яқинида жойлашган шаҳардир. Кузда ушбу шаҳар украинлар назоратига қайтиши оқибатида Изюм яқинидаги Россия гуруҳи шимолдан узилиб қолди ва шошилинч равишда чекинишга мажбур бўлди, Украина қуролли кучлари эса тезлик билан Луҳанск области шимоли томон ҳаракатланди. Россия армияси Купянск устидан назоратни тиклашга, Украина қуролли кучларини ўзининг йирик таянч пункти Сватоводан узоқлаштиришга ва кузги муваффақиятсизлик учун ўзини оқлашга уриниши мантиқий кўринади.
Аммо Россия юриши ғарб томон бироз силжиш ва стратегик аҳамиятга эга бўлмаган бир неча қишлоқларни эгаллаш билан чекланди. Украина қўшини ҳамон Сватовога хавф солиб турибди.
Бахмут
Энг шиддатли жанглар Донецк области шимолидаги Бахмут учун кечмоқда. Бу йўналишда ҳаракатланаётган «Вагнер» ХҲК кучлари шаҳарни ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлса ҳам эгаллашга ҳаракат қилмоқда ва кулминация яқинлашиб келмоқда.
Бахмут штурми ва унинг атрофидаги ҳужумлар турли йўналишларда олиб борилмоқда. Бу ерда ҳам Авдийивкада бўлганидек мобил штурм гуруҳлар тактикасидан фойдаланилмоқда, «Вагнер» жангчилари украин мудофаасини қанотлардан емириб келмоқда ва шаҳар қуршовга тушиш хавфи остида турибди.
28 феврал куни Украина президенти маслаҳатчиси Олександр Роднянский СNN учун интервюсида Украина қуролли кучлари зарурат бўлса Бахмутни ташлаб чиқишини айтганди. «Бизнинг ҳарбийлар барча вариантларни кўриб чиқади. Улар ҳозирча шаҳарни тутиб туришибди, аммо агар талаб этилса, улар стратегик чекинишлари мумкин, чунки биз барча одамларимизни шунчаки қурбон қилиб юбора олмаймиз», деганди у.
3 март куни «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин шаҳардан шимолроқда жойлашган Парасковиевка қишлоғидаги кон томида туриб, Украина президенти Володимир Зеленскийга мурожаат қилди ва Бахмутда қолган ва «амалда қуршовга тушган» қўшинларини олиб кетишни «илтимос қилди». Пригожиннинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларида шаҳар таъминоти учун биргина йўл қолган.
Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам шу куни Украина қуролли кучлари Бахмутнинг айрим ҳудудларидаги қўшинларини тартибли олиб чиқишга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини хабар қилди.
Жума куни эълон қилинган кадрлар Украина қуролли кучлари Бахмутдаги икки муҳим кўприкни портлатганини тасдиқлайди — бири шаҳар шимоли-шарқидаги Бахмутовка дарёси орқали ўтадиган, иккинчиси Бахмутдан ғарбдаги Хромово посёлкаси билан боғлайдиган трассадаги кўприк. Экспертлар қайд этишича, кўприкларнинг олдиндан йўқ қилиниши Украина армияси Бахмут шарқидаги Россия қўшинларининг олдинга юришига халал беришни ва уларнинг Бахмутдан ғарбга ўтишини чеклашни кўзлаётганини кўрсатиши мумкин.
Агар Украина ҳарбий қўмондонлиги Бахмутдан кетиш зарур деб топса ҳам, бу катта эҳтимол билан, вазият анча мураккаб бўлган Бахмут шарқидан чекланган ва назорат остидаги чекиниш бўлиши мумкин.
Бахмут йўналиши Украина қўмондонлиги учун стратегик хавф туғдирмайди. Шаҳар олинган тақдирда Россия қўшини янги мудофаа линияси билан тўқнашади ва оператив муваффақиятни ривожлантира олмайди - улар кейинги аҳоли яшаш манзилидаги мудофаа истеҳкомларини ҳам узоқ вақт ва кўплаб йўқотишларни талаб этадиган ўша метод билан штурм қилишига тўғри келади.
Қишки кампания якунлари
Умуман олганда, ўтган қишда Россия-Украина фронтида жиддий ўзгаришлар рўй бермади.
«Россия армияси йирик юриш амалиёти ўтказиш имкониятини йўққа чиқарди ва энди фақат «Вагнер» ХҲК кўмагида муваффақият қозониши мумкин», деб ёзади New York Times Rochan Consulting ҳарбий таҳлилчиси Конрад Музикага таяниб.
Музиканинг қайд этишича, фронтда ҳар ҳафтада деярли бир хил воқеа такрорланади: Россия армияси қарийб бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳужум қилади, аммо жиддий муваффақиятга эришмайди. Сўнгги ҳафталарда улар эриша олган бор ютуқ - Бахмутдан шимолдаги бир неча қишлоқ олиниши бўлди.
Шу билан бирга таҳлилчи Россия армияси имкониятларини паст баҳоламаслик кераклигини қайд этади: Москвада ҳамон минглаб танклар, артиллерия қуроллари ва сон жиҳатдан устунлик бор, генераллар эса қўшинларни баҳорги юриш учун захирада сақлаётган бўлиши мумкин.
![](https://storage.kun.uz/source/9/JI8wSvb-SPejmD5492VuAaFVP-HP4qOl.jpg)
ISW экспертлари таъкидлашича, РФ қўшини давом этаётган муваффақиятсизликларни ҳисобга олган ҳолда янги юриш тактикасини қўлламоқда: босқин бошидагидан фарқли равишда жангга нисбатан кичик ва манёврлар қилиши осон бўлган тузилмалар ташланмоқда.
Ўтган йил охирида америкалик ҳарбий таҳлилчи Майкл Кофман кейинги бир неча ой учун эҳтимолий сценарий ҳар икки томоннинг бир-бирини ҳолдан тойдириши ва локал ҳужумлар билан кечадиган динамик фронт бўлиши ҳақида ёзганди. Ҳозирча Украинадаги вазият айнан шу тарзда ривожланмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)