12:30 / 08.03.2023
614

Францияда норозилик намойишлари ва иш ташлашлар

Реннда полиция билан тўқнашув содир бўлди. Фото: Getty Images

Францияда барча нефтни қайта ишлаш заводларидан бензин етказиб бериш тўхтатилган, жамоат транспорти деярли йўқ, кўплаб мактаблар ёпилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 1,1 миллиондан 1,4 миллионгача одам кўчага чиққан. Умуммиллий иш ташлаш ва норозилик намойишлари президентнинг пенсия ислоҳоти билан боғлиқ.

«Бугун кураш бошланди. Айтишимиз мумкинки, бир неча соатдан кейин курашга барча касб вакиллари қўшилади, шунда бутун мамлакат тўхтайди. Мамлакатимиз ҳаётида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган кўплаб тармоқларда иш ташлаш давом этмоқда, бу яна узайиши мумкин. Биз эртага ва ундан кейинги кун жуда шиддатли ва адолатли ижтимоий сафарбарлик кунлари бўлишини кутамиз», деди «Бўйсундирилмаган Франция» партиясининг собиқ депутати Жан-Люк Меланшон.

Касаба уюшмалари раҳбарлари жуда қатъий. Бир кун аввал улардан бири Эммануэл Лепен иш ташлашлардан мақсад «Франция иқтисодиётини тиз чўктириш» эканини айтди.

Иш ташлашлар фонида мамлакатда дастлаб кўча намойишлари бошланди. Касаба уюшмалари конфедерацияси бутун Франция бўйлаб 260 та акция ўтказишни режалаштирмоқда, улар миллионлаб одамлар иштирок этишини кутмоқда. Бироқ, полиция ҳисоб-китобларига кўра, кўчаларга 1,1 миллиондан 1,4 миллионгача одам чиқиши кутиляпти.

Француз касаба уюшмалари аъзолари Франциядаги барча нефтни қайта ишловчи заводлардан чиқиш йўллари тўсиб қўйилганини маълум қилишган. Фото: AFP

Иш ташлашлар учун энг заиф ва Франция иқтисодиёти учун муҳим бўлган нарса бу Total ва Esso-ExxonMobil каби компанияларга тегишли саккизта нефтни қайта ишлаш заводларидан ёнилғи етказиб беришдир.

Сешанба куни эрталаб Умумий меҳнат конфедерацияси (CGT) касаба уюшма аъзолари нефтни қайта ишлаш заводларининг барча эшиклари тўсиб қўйилгани ва ёқилғи таъминотини бутунлай тўхтаб қолганини эълон қилди.

Сешанба кунги иш ташлашлар жамоат транспорти фаолиятида жиддий сезилди. Фото: Reuters

Бу Францияда январ ойидан бери бешинчи бир кунлик иш ташлашдир. Касаба уюшмалари 2030 йилгача пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтариш ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилмоқда. Ҳукумат аввалроқ қонун лойиҳасида таклиф қилинганидек, пенсия ёшини 65 эмас, 64 ёшга туширишга ва ҳар бир киши учун энг кам пенсия миқдори 1200 евро бўлишини кафолатлашга рози бўлган эди.

Эммануэл Макроннинг сайловолди платформасига асос бўлган янги қонун лойиҳаси президент учун ниҳоятда муҳим ва ҳукумат уни қайтариб олмоқчи эмас. Макронни қўллаб-қувватлаётганлар кам: сайловдаги ғалабадан кейин овоз берганларнинг кўпчилиги уни фақат ҳокимиятда ўнг қанот етакчиси Марин ле Пенни кўришни истамагани учун қўллаб-қувватлаганини тан олган. Буни ҳатто Макрон ҳам тан олган. Бундай вазиятда қонун лойиҳасини қайтариб олиш президент учун иккинчи муддатининг эрта тугашига тенг бўлади.

Макроннинг вазияти

Нантдаги намойишлар. Фото: Getty Images

Франция пенсия ёшини 64 га оширса ҳам, Европадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолади. Таққослаш учун, Италия ва Германияда пенсия ёши 67, Буюк Британияда 66, Испанияда 65 ёшни ташкил қилади.

Эммануэл Макрон французлар «кўпроқ меҳнат қилиши» кераклигини бир неча бор таъкидлаган ва ўтган йилги сайловларда пенсия ёшини оширишни ўзининг сиёсий манифестига киритган эди.

Маслаҳатчилар коронавирус карантинидан сўнг, оммабоп бўлмаган ислоҳот кескин жамоатчилик реакциясига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирган эди. Шунга қарамай, январ ойида ислоҳотлар лойиҳаси бош вазир Элизбет Борн томонидан тақдим этилди.

Шундан сўнг, сўл партиялар лойиҳага 7 мингдан ортиқ тузатишлар киритди, бу эса унинг парламентдан ўтишини секинлаштирди. Ҳукуматнинг ҳозирги мақсади – март ойи ўрталаригача ёки ой охиригача парламент томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлаш.

«Эммануэл Макрон учун ортга қайтиш истеъфога тенг бўлади. Агар у қонун лойиҳасини ҳозир қайтариб олса, у бошқа ислоҳот қила олмайди. Франциянинг аксарият шаҳарларида чиқинди йиғиш ҳам тўхтатилган», деди ислоҳот тарафдори, ўнг қанот сенатори Брюно Реталье.

Франциянинг кўплаб шаҳарларида чиқиндиларни олиб кетиш ҳам тўхтаб қолган. Фото: Getty Images

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, французларнинг аксарияти касаба уюшмалари ва иш ташлашни қўллаб-қувватлаб, пенсия ёшини оширишга қарши. Бироқ, шу билан бирга, сўралганларнинг учдан икки қисми пенсия ёши охир-оқибат кўтарилишига ишонади.

Кичик ва ўрта шаҳарларда ислоҳотга кўпроқ қаршилик кўрсатилмоқда, ваҳоланки, бу жойларда ўнг қанот тарафдорлари яшайди. Шундай бўлса-да, ўнг қанот парламентда катта эҳтимол билан Макронни қўллаб-қувватлайди ва қонун лойиҳаси қабул қилиниши эҳтимоли бор, деб ҳисобламоқда таҳлилчилар.

«Бундай лойиҳани ортга қайтариш жуда қийин ва даргумон. Ҳатто мухолифат етакчилари ҳам бунга деярли ишонмайди», деди душанба куни Франция телевидениесига берган интервюсида Cevipof тадқиқот институти таҳлилчиси.

Франциядаги иш ташлашлар жиддий иқтисодий зарар келтирмаган бўлса-да, пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳали ҳам парламентда илгари сурилмоқда. Бироқ, агар нефтни қайта ишлаш заводларининг ёпилиши давом этса, бу озиқ-овқат нархига таъсир қилиши мумкин.

Les Mousquetaires супермаркетлар тармоғи раҳбари Тиери Котияр ҳафта охиригача бензин захиралари тугаши мумкинлигини айтди. Ҳукуматнинг расмий вакили Оливйе Вераннинг сўзларига кўра, расмийлар «французларнинг узоқ муддатли блокада қурбони бўлишини хоҳламайди».


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг