19:55 / 02.04.2023
527

Россия махсус хизматлари армиядан муваффақиятлироқ ишлаган бўлса-да, нега босқин барибир барбод бўлди?

Ҳисоботда айтилишича, Россия разведкасининг юқори мартабали мулозимлари босқинни 2022 йил ёзига қолдиришни тавсия этганди.

Британия мудофаа таҳлил маркази Украинага кенг кўламли бостириб киришда Россия хавфсизлик ва разведка хизматлари армиядан кўра кўпроқ муваффақиятга эришганини таъкидлади. «Бироқ, хавфсизлик хизматлари Россиянинг Украинани босиб олиш режасининг барбод бўлишига катта ҳисса қўшган фундаментал камчиликларга ҳам йўл қўйди», дейди Мудофаа тадқиқотлари бўйича бирлашган қироллик институти (Royal United Services Institute) экспертлари. Бу камчиликлардан бири — Россия президентини ҳар томонлама хурсанд қилиш истаги эди.

Royal United Services Institute (RUSI) экспертлари томонидан тайёрланган «Россия-Украина уруши давридаги Россиянинг ноанъанавий операцияларидан дастлабки сабоқлар» ҳисоботида айтилишича, Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва бошқа махсус хизматлар пухта режалаштириш туфайли рус армияси томонидан босиб олинган ҳудудларда назоратни тезда ташкил этиш ва оккупацион тизимларни тузишда сезиларли муваффақиятларга эришишга муваффақ бўлган.

Ҳисобот муаллифлари — Жек Уотлинг, Александр Данилюк ва Ник Рейнолдснинг қайд этишича, Москва босқинни режалаштиришда Украинадаги рус разведка хизмати агентларининг кенг тармоғига таянган.

«Бироқ, шу билан бирга, асосан совет доктриналарига амал қиладиган Россия махсус хизматлари тузилмаларида бир қатор жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, улар рус армиясига урушдан олдинги режаларни амалга оширишга имкон бермаган», дейди муаллифлар.

Ҳисобот Украина разведка ва хавфсизлик хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ўтказилган кўплаб интервьюлар асосида тайёрланган. Муаллифлар улар билан уруш бошланишидан олдин ҳам, кейин ҳам суҳбатлашган. Тадқиқотчилар Украинадаги жанг майдонида асирга олинган маҳбуслар ёки Россия разведка хизматлари ёхуд уларнинг ҳамкорларидан олинган бошқа манбалар маълумотларидан ҳам фойдаланган.

Ҳалоллик маданияти ва Путин учун ишлаш

Ҳисоботда айтилишича, Россия разведка идораларига фундаментал даражада ўз саъй-ҳаракатларини холис баҳолаш ёки ҳеч бўлмаганда улар ҳақида тўғри хабар бериш учун ҳалоллик етишмайди.

Фото: Reuters

Махсус хизматларга режаларнинг ҳаётийлигини мустақил баҳоламасдан натижага эришиш вазифаси юклатилади, бу эса офицерлар ҳаддан ташқари оптимистик бўлишдан фойда кўрадиган ҳалоллик маданиятини яратади. Бундан ташқари, муваффақиятларни бўрттириб кўрсатиш ва раҳбарият олдида заиф томонларни яшириш каби тизимли муаммолар ҳам мавжуд.

Русча ёндашувнинг яна бир заиф томони — унинг шаблонларга асосланганида. Афтидан, Россия тизими ҳар бир операцияга индивидуал ёндашувни рағбатлантирмайди. Муаллифлар қайд этишича, вазият режа асосида кетмаётган шароитда махсус хизматлар совет даврида текширувдан ўтган усулларга қайтади. Ушбу усуллар операцияга жалб қилинган барча кучлар бўйлаб дарҳол такрорланади, бу эса уларни тезда аниқлаш ва қарши чоралар кўриш имконини беради.

Махсус хизматлар операцияларни президент Владимир Путиннинг истакларини тушунишларига қараб ишлаб чиқишга ҳаракат қилади ва уларнинг қайси бири президентнинг хоҳишига кўпроқ мос келса ресурслар айнан ўша бўлимга кўпроқ йўналтирилади. Бундай ички рақобат Путинга махсус хизмат раҳбарлари ва мансабдор шахсларни мукофотлаш ёки жазолаш имконини беради, шу сабаб улар ҳеч қачон ўзларини бутунлай хавфсиз ҳис қилмайди.

Муаллифлар фикрича, бу динамика инглиз тарихчиси, нацизм тадқиқотчиси Ян Кершоунинг китобидаги иборага мос келади. Унда Кершоу Ҳитлер давлатининг ҳаракатларини «Фюрер учун ишлаш» (working towards the Fuhrer) деб атаган — давлат раҳбари мақсад қўяди, давлат идоралари эса қандай воситалар сарфланишидан қатъи назар, уни бажаришга интилади.

Бу эса турли таҳлилларнинг ишончлилигига путур етказади: қоида тариқасида, келажакдаги муваффақиятлар бўрттирилади ва муваффақиятсизликлар эса душманнинг ҳаракатлари кўлами билан боғланади.

«Хулоса қилиб айтганда, Россия махсус хизматлари Украинада муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, бу уларнинг келажакда Россия давлатининг куч асосидаги бошқарувида марказий ўринни эгаллашига халақит бериши даргумон ва уларга қарши кураш муҳим аҳамият касб этиб қолаверади», дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Агентура — операция қандай тайёрланган

Операциянинг асосий механизми сифатида Россия ҳарбийлари Украинадаги ички беқарорлик ва тартибсизликка таянди. Бу механизм Украина қўмондонлик ва назорат тизимини ишдан чиқариши, давлат институтларига бўлган ишончни сусайтириши, мамлакат барқарорлигини издан чиқариши ва Украинага халқаро ҳамкорлар томонидан бериладиган ёрдамни минималлаштириши керак эди.

«Москва Украина бундай шароитда жиддий қаршилик кўрсатмаслигига ишонди, буни операциянинг биринчи босқичидаги логистика муаммолари ҳам тасдиқлайди. Режалаштирувчиларнинг кичик гуруҳи 2014 йилги Қрим операцияси муваффақиятини такрорлашга уринди. Бу операция ҳам ҳарбий нуқтайи назардан ҳеч қандай маънога эга бўлмаган ва Украина томонидан ҳарбий қаршилик кўрсатилмаслигига ишонч асосида режалаштирилган эди», дея ёзади ҳисобот муаллифлари.

Мюнхенда ўтган йили Европанинг «Ариан» ракета лойиҳасида ишлаган россиялик тадқиқотчи устидан суд жараёни бошланди: уни Россия фойдасига жосуслик қилишда айблашган.

Муаллифлар фикрича, ФХХ босқинни режалаштиришда фаол иштирок этган. Тахминларга кўра, уларга 2021 йил июл ойида Украинани босиб олиш режасини тайёрлаш вазифаси топширилган. Бу ФХХнинг кенг қамровли агентурасини қайта ўқитишни талаб этган, шунинг учун 2021 йил кузида Украинадаги рус агентлари қисқа муддатли таътил билан Туркия, Кипр ва Миср курортларига боришни бошлаган ва у ерда ўз кураторлари билан учрашган.

Ҳисобот муаллифлари Россия махсус хизматларининг иш усулларига катта эътибор бериб, улар Россиядан юборилувчи агентлар ишини камайтиришни, бунинг ўрнига ўз тизимларига жойлардан жосус ёллашни афзал кўришини таъкидлаган.

«Агар бу одамлар бутун мамлакат миқёсида сиёсий, иқтисодий ёки бюрократик мавқега эга бўлса, улар одамларни Россия агенти сифатида эмас, балки ўз шахсий мижозлари сифатида ёллаши мумкин ва бу одамлар ўзлари билмаган ҳолда Россия манфаатларига хизмат қила бошлайди. Бу бошқа байроқ остида жосусликка ёллашнинг бир тури бўлиб, бунда агент унга ўз мамлакати амалдори томонидан топшириқ берилаётганига ишонади», дейилади ҳисоботда.

«Украина ҳолатида бу ролни ўнлаб йиллар давомида Россия махсус хизматларига алоқадор бўлиб келган бир қанча юқори мартабали амалдорлар ва сиёсатчилар бажарган», дея қайд этилади ҳисоботда.

Россия махсус хизматлари агентлари Украинада, жумладан, Украина разведка ҳамжамияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқа давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва жиноий тузилмаларда ички беқарорлик пайдо қилишга уринган.

Украина ҳукуматида юқори лавозимларни эгаллаган Россия агентлари ўзларининг йирик аппаратларига эга бўлиб, улардан турли мақсадларда — нақд пул ўтказишдан тортиб хавфсиз квартираларни ташкил қилишгача бўлган вазифаларни бажаришда фойдаланган. Ушбу пастки қатламдаги агентлар орасида Россияга содиқ украиналиклар ҳам, жиноий гуруҳлардан бўлган оддий, пулга ёлланувчи агентлар ҳам бўлган.

Гарчи бу аппарат босқин режаси учун унчалик катта аҳамият касб этмаган бўлса-да, русларнинг босиб олинган ҳудудлардаги ҳаракатлари учун жуда муҳим бўлиб чиқди.

Муаллифлар, шунингдек, рус православ черкови Россияга содиқ агентларни мафкуравий қўллаб-қувватловчи ягона орган сифатида муҳимлигини таъкидлайди. Давлат ва диний муассасалар ўртасидаги муносабатлар жуда нозик масала бўлгани сабабли, ҳатто босқиндан кейин ҳам Украина ҳукумати Россияни қўллаб-қувватловчи аппаратнинг ушбу қисми ишини дарҳол чеклай олмади.

Россия агентлари, шунингдек, кенг кўламли норозилик ҳаракатларини ҳам қўзғатиши керак эди. Бу режа нафақат провокацияларни, балки Украина олий раҳбариятига таъсир ўтказиш ва уларни НАТОга қўшилиш курсидан воз кечишга ва босқин арафасида нейтрал позицияни эгаллашга мажбурлашга уринишларни ҳам ўз ичига олган. Россия махсус хизматлари режасига кўра, бу 2014 йилдаги «Майдан инқилоби»га ўхшаш оммавий норозиликларни келтириб чиқариши ва хавфсизлик кучлари ҳамда ҳарбий қўмондонликни фалаж қилиб, мамлакатни беқарорлаштиришга ёрдам бериши керак эди.

Бироқ бу режаларнинг ҳеч бири амалга ошмади.

Режалаштиришдаги хатолар

Ҳисобот муаллифлари қайд этишича, Россия разведкасининг юқори мартабали амалдорлари Украинага босқинни 2022 йил ёзига қолдиришни тавсия қилган. Улар тезкор ғалаба қозониш учун етарли шарт-шароитлар ҳали шаклланмаганини таъкидлаган. Бироқ, Кремлдагилар Украина сиёсатини яхши тушунишларига ишонгани учун Москва ҳаракат қилишга қарор қилган.

Эҳтимол, бу қарашни Москвада яшовчи Украинанинг собиқ юқори мартабали амалдорлари ҳам мустаҳкамлаган. Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) маълумотларига кўра, Янукович режимининг қуйидаги вакиллари Россия махсус хизматлари билан мунтазам ҳамкорлик қилади: собиқ мудофаа вазири Павел Лебедев, УХХ собиқ раҳбари Александр Якименко, собиқ ички ишлар вазири Виталий Захарченко ва президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Андрей Клюев.

Ҳисобот муаллифлари шошилинч ва тўлиқ тайёрланмаган босқинни рус агентларининг ўз таъсир даражасини юқори баҳолагани ҳамда махсус хизматлар топшириқларни бажаришни реал таҳлил қилиш имконига эга бўлмасдан, аниқ муддатли буйруқлар асосида амалга оширганига исбот сифатида келтиради. Муаллифлар ушбу буйруқларга риоя қилишнинг институционал маданиятини Украинага бостириб киришнинг дастлабки режалари муваффақиятсизликка учрашининг асосий сабабларидан бири дея ҳисоблаган.

Британ махсус хизматларига кўра, Путин ҳеч қандай ҳарбий тажрибага эга бўлмаган жангчилар учун қисман сафарбарлик эълон қилиши - Россия армиясидаги умидсиз аҳволдан дарак беради. Фото: ANADOLU AGENCY

Россия махсус хизматлари томонидан яратилган тармоқлар аслида бошқа топшириқларни бажариш учун тузилган бўлиб, улар узоқ давом этувчи уруш шароитида фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб чиқди. Бундан ташқари, тинч аҳолига қарши жиноятлар нафақат оддий украиналиклар, балки россияпараст ташкилотлар вакилларининг ҳам Россияга нисбатан муносабатини ўзгартирди.

Гарчи Киевнинг тўлиқ таслим бўлиши Москва учун маъқул бўлган бўлса-да, Россия Украинани аслида алоҳида изоляция қилинган украин бўлинмаларининг таслим бўлиши орқали марказий давлат аппаратини фалаж қилиб, босиб олишга умид қилган.

«Руслар, афтидан, ўзларининг «юқоридан пастга» бошқарув маданияти Украинада ҳам мавжуд деб янглишган», дея қайд этилади ҳисоботда.

Улар нимани уддалади: босиб олинган ҳудудларни назорат қилишни

Бироқ, Украинадаги воқеалар бутунлай бошқача сценарий бўйича ривожланганига қарамай, Россия режаларини бутунлай хато деб ҳисоблаш нотўғри, деб ҳисоблайди ҳисобот муаллифлари. Руслар босиб олинган ҳудудларда етарли миқдордаги коллаборационистлар ёрдамида аҳолини назорат қилиш ва контрразведка аппаратини бошқариш мумкинлигини кўрсатди.

Оккупацион маъмуриятлар ва гарнизонлар фаолиятига урушдан олдин Россия махсус хизматлари агентлигига ёлланган маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва давлат хизматчилари ёрдам берди. Урушдан олдинги баъзи режаларга кўра, бу одамлар маҳаллий ҳокимиятларни эгаллаб, кейин уларни русларга топшириши керак эди. Амалда эса, Россия бу учун жуда кам агентлар ёлланган.

Мисол учун, Харкив областининг босиб олинган ҳудудларида аниқланган 800 нафар рус агентларининг аксарияти маҳаллий ҳокимият органларидаги кичик амалдорлар эди. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан эса камида юз киши руслар билан ҳамкорлик қилган.

Бироқ, ФХХ режалари кўпчилик ёки ҳатто аҳолининг катта қисми босқинни мамнуният билан қабул қилишини кўзда тутмаган. Режалаштиришда Чеченистон тажрибасига асосланиб, оккупацион режим самарали бўлиши учун аҳолининг 8 фоизи ихтиёрий равишда ёки босим остида Россия билан ҳамкорлик қилиши кифоя деб тахмин қилинган.

Билборддаги ёзув: «Херсон. Рух опору [Қаршилик ҳаракати]: партизанлар барини кўриб турибди».

«Дарвоқе, Украина разведкачилари руслар босиб олган ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қилиб, умуман олганда, ФХХнинг ушбу баҳолаши тўғри бўлган деган хулосага келди», дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, Россия ноанъанавий уруш потенциалининг яна бир кучли томони босиб олинган ҳудудлардаги қаршилик ҳаракатларини бостиришнинг тизимли методологиясидир. Чеченистон тажрибаси шуни кўрсатадики, қаршиликни тўлиқ бостириш учун бир неча авлод керак бўлиши мумкин, аммо бу қаршилик ҳаракати Россия позициясига жиддий таҳдид солади дегани эмас.

Россия кучлари назорати остидаги шаҳарларда оккупацион маъмурият дўконларни, озиқ-овқат тақсимотини ва хизматларни назорат қилган. Ушбу хизматларга кириш нафақат мухолифатни тор-мор этиш, балки ҳамкорликни рағбатлантириш учун яна бир ричагдир.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, Россия махсус хизматларининг рақамли технологиялардан фойдаланишдаги муваффақиятини ҳам қайд этади. Руслар рақамли технологиялар ёрдамида ўзлари босиб олган ҳудудлар аҳолисининг тўлиқ маълумотлар базаси яратди — ким қаерда яшаяпти, қаерда ишлаяпти, Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқалари борми, қариндошлари қаерда яшайди ҳамда ишлайди ва ҳоказо. Махсус хизматлар, агар иложи бўлса, уларни йўқ қилиш ёки намойишкорона суд қилиш учун қўлга олиш мақсадида Украина ҳукуматининг юқори мартабали тарафдорларининг кенг рўйхатини тузди.

Кўплаб махсус хизмат ходимлар рақамли шаклда ушбу маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлди, бу эса босқинга қаршилик кўрсатувчиларга, масалан, уларнинг оила аъзоларига таҳдид солиш орқали босим ўтказишга ёрдам берди.

Тизимли камчиликлар

«Урушнинг ноанъанавий усулларига русча ёндашув барча афзалликлари билан бир қаторда аниқ, тизимли камчиликларга ҳам эга», дейди ҳисобот муаллифлари.

Хусусан, ўз тармоқларига эга ва уларни бошқарувчи оз сонли элита агентларга таяниш тенденцияси, бу агентларнинг йўқ қилиниши Россиянинг разведка салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатишини англатади.

Фронт чизиғини разведка қилиш ва нишонни белгилаш борасида эса, яхши маълумот тўплаш қобилиятига қарамай, разведка маълумотларини қайта ишлашнинг мураккаб схемаси нишонларнинг пайдо бўлиши ва бу нишонларга зарба бериш ўртасидаги сезиларли кечикишга олиб келади. Қоидага кўра, бу камида бир кунни талаб қилади ва масалан, зарба денгиздан учирилувчи «Калибр» ракеталари билан берилганда ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт кетказилади.

«Бундан ташқари, Россия томонидан йўқ қилинган нишонларнинг баъзилари кўп йиллар олдинги ҳарбий нишонлар бўлиб, буни разведкачиларнинг актуал разведка маълумотлари бўлмаса ҳам нишонларни яратиш истаги сифатида талқин қилиш мумкин», дейди муаллифлар.

Ҳисоботда тасвирланган таҳдидлар — юқори даражадаги амалдорларни жосусликка ёллаш ва қўллаб-қувватлаш аппаратини яратиш — бу фақатгина Украинанинг муаммоси эмас. Яқинда немис разведкасининг россиялик агентларни ҳибсга олиши ва Москванинг Молдовадаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган янги уринишлари бошқаларни ҳам сергаклантириши керак.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг