Муборак Рамазон ойи ва унинг якунида нишонланувчи “Ийд ал-Фитр” байрами ҳатто мусумон бўлмаганларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Рамазон ҳамда унинг якунида мусулмонлар нишонлайдиган Ийд Рамазон уларнинг ҳам диққатини ўзига тортади, тафаккур қилишга чорлайди.
Улар рўза ва исломи ҳаёт тарзига қизиқишлари ортади, Рамазон ойи, таровеҳ ва таҳужжуд намозлари ҳақида турли саволлар беришади.
Маълумки, Рамазон ойида мусулмонлар камбағал ва муҳтожларга айниқса кўпроқ диққат қаратишади. Уларга бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ яхшилик ва эҳсон қилишга уринишади. Рамазон ойи ниҳоясида эса Рўза байрамида улар хурсандчилик қилишади, бир-бирларини табриклаб, танишлари ва қариндошларини зиёрат қилишади. Бу албатта номусулмонларнинг эътиборидан четда қолмайди.
Ҳинд йигити Раҳул ҳам шундай саволлар ортидан Исломга эътибор қарата бошлади. Айнан Рамазон ойи унинг Исломни қабул қилишига сабаб бўлган.
Қуйида Раҳулнинг қандай Исломга киргани унинг ўз тилидан ҳикоя қилинади: «Мен аксарият ҳиндлар каби ҳиндуизм динига эътиқод қилувчи оилада туғилиб, ўсганман. Халқимизнинг кўпчилиги турли санамларга ва ҳайвонларга сиғинишади. Айримлари қуёшга сиғинишади.
Мен ҳам бу дин ва унинг саноқсиз илоҳлари, куфр ва ширк уммонига ғарқ бўлиб яшайвердим. Лекин Аллоҳ менга менга араб давлатида ишлаш имкониятини берди.
Бу мамлакатда мен умримда биринчи бор Ислом нима эканлигини тушуна бошладим. Уч йил мобайнида Ўмон султонлигида ишлашимга тўғри келди. Бу мусулмон давлатида ўтган вақтим менинг тафаккуримга таъсир қилди, онгимни тубдан ўзгартирди ва ҳидоят нурини кўришимга ёрдам берди.
Мусулмон ҳамкасбларим билан ишлаш давомида уларнинг рўза тутиши диққатимни тортди. Рўза ҳақида уларга кўпроқ савол бера бошладим.
Мусулмон дўстларим саволларимга жиддий муносабатда бўлишди. Рўза орқали ягона Аллоҳга яқинлашишни ният қилишганини тушунтиришди.
Шунингдек, улар Рамазон ойида муқаддас Қуръони Карим нозил қилинганини, шу боис бу ойда кўпроқ Қуръон ўқиш лозимлигини айтишди. Шунингдек, Рамазонда савоб ишларни кўпроқ қилиш лозимлиги, чунки бу ойда савоб ишлар учун ажр-мукофот бир неча баробар кўп бўлишини тушунтиришди».
Раҳул бу гапларни умрида биринчи бор эшитаётгани учун жуда ҳайрон қолди. Исломни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қила бошлади.
Аввалига Раҳул мусулмон дўстлари рўза пайтида нимани ҳис қилишларини англаш учун ўзи ҳам рўза тутиб кўришга қарор қилди.
Комиллик сари қадам
Кейин эса Раҳул Ўмонда ўтган 3 йил давомида ҳар Рамазон канда қилмай рўза тутганини айтади. Унга шунингдек, мусулмонлар Рамазон тугаганидан сўнг Ийд Рамазонни байрам қилишлари ҳам жуда маъқул бўлди.
Роҳул Исломни ўрганишда давом эта бошлади. Ва ўзининг кўплаб саволларига жавоб топди. У мусулмонларнинг хулқ-атворини ўрганди, масжидларда миллати ва ирқини фарқламаган ҳолда бир сафда туриб намоз ўқишларини, муҳтожларга садақа тарқатишларини кўрди. Азон товушларини эшитиб, қалби ларзага келди.
Раҳул ўз ҳикоясини давом эттиради: «Бу дин ҳақидаги тасаввурларим Қуръонни ўқиб кўрганимдан кейин такомилига етди, десам бўлади. Мен Қуръонда ўзимни қийнаб келган кўплаб саволларга жавоб топдим. “Менинг Раббим ким? Унга қандай сиғиниш керак? У нега бизларни яратган? Ўлганимиздан кейин бизни нималар кутяпти?” қабилидаги саволларимга жавоб олдим.
Бундан ташқари Youtube тармоғида ҳиндуизм динини қўйиб, Исломга кирган кўплаб ҳинд даъватчиларининг видеороликларини томоша қилдим, улар Исломнинг ҳақ дин эканига бўлган ишончимни янада мустаҳкамлади”.
Шундан кейин Раҳул Ҳиндистонга қайтди ва исломга кирган ҳинд дўстидан унга шаҳодат калимасини ўргатишни сўради.
Бир қанча вақтдан кейин Раҳул БААга ишга борди. Шу тариқа Аллоҳ унга яна ислом давлатида ишлашни насиб этди. Раҳул Ислом дини асосларини янада чуқурроқ ўргана бошлади.
Шу тариқа ҳинд йигити Рамазон рўзаси шарофати билан Ислом динига қизиқди, ўрганди ва иймонга кирди.
Раҳул иймон шарафига муяссар бўлишига Рамазонга бўлган муҳаббати боис ўз исмини Райён исмига ўзгартирди. Зеро бу унга жаннатнинг фақат рўзадорлар кирадиган Райён дарвозасини эслатиб туради.
Абулфайз Сайидасқаров
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)