14:07 / 06.04.2023
377

Масжидларни қайта тиклаган венгер олими

Масжидларни қайта тиклаган венгер олими

Герё Дьёзё Венгриядаги усмонийлар даврига оид кўплаб меъморчилик ёдгорликларини очган ва уларни сақлаш ҳамда қайта тиклаш учун катта меҳнат қилган олим ҳисобланади.

Герё Дьёзё 1924 йилда Будапештда туғилган, 1952 йили Будапешт университетини тамомлаган. Бу вақтда у Будапешт тарих музейида илмий ассистент сифатида ишлаётганди. У ерда олим 1987 йилда катта илмий ходим сифатида нафақага чиққунича фаолият юритди. Дьёзё Герё бир пайтнинг ўзида Будапешт университетида адъюнкт-профессор сифатида Усмонийлар даври археологиясидан дарс берди.

Олимнинг ихтисослиги Венгриядаги турк истилоси давридаги археология эди. У асосан, кўп сонли меъморчилик ёдгорликларини ўрганган ва уларни қайта тиклаш ишларида қатнашган.

Мамлакатдаги усмонийлар мероси борасида у олим ўзининг «Венгриянинг усмоний-турк меъморчилиги (масжидлар, мақбаралар, ҳаммомлар)» (Будапешт, 1980) китобида шундай ёзади. «1541 йилда Буда шаҳрининг истило қилиниши 150 йил чўзилган даврни бошлаб берди, бу давр барча жиҳатдан мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бадиий ҳаётида туб ўзгаришларга олиб келди. Турклар ҳукмрон бўлган 150 йил давомида йирик шаҳарларда ва музофотларнинг марказларида қурувчи усталарнинг фаолияти натижасида ҳам маҳобатли, ҳам мўъжаз иморатлар қурилди. Умуминсоний маданият ва санъат нуқтаи назаридан уларни шарқона санъат пойдеворига қурилган меъморчилик намуналари дея оламиз».

Шуни таъкидлаш керак, Усмонийлар империяси даврида қурилган меъморий ёдгорликлар ҳалигача яхши сақланган, ўзи мўлжаллаб қурилган иш учун қўлланилади ёки бирор бошқа вазифани бажаради.

Масалан, XVI асрда турк пошшоси Мустафо Соқолли томонидан қурилган Кирай (Кирали) ҳаммомлари ҳозир ҳам мижозларни қабул қилади. Шунингдек, усмонийлар даврида қурилган Рац ҳаммоми ҳам қисман сақланиб қолган. Печ шаҳридаги Қосим пошшо масжидида ҳозир Биби Марям черкови жойлашган.

Герё Дьёзёнинг Печ ёдгорликлариига бағишланган асарлари орасида «Печда турк даври ёдгорликлари » (Будапешт, 1960) ва «Ёқубали Ҳасан-пошонинг масжид ва музейи: «Агидет» кўргазмаси (Печ, 1979) катта илмий аҳамиятга эга. Герё кўплаб шаҳарларда турк даври ёдгорликларини кавлаб олишга, архелогик қазиш ишларини бажарди. Уларнинг вайрон бўлиб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилди.

Унинг охирги ишларидан бири сифатида Эстергомда Ҳожи Иброҳим масжидини қайта тиклаш жараёнида қатнашганини кўрсатиш мумкин. Герё Дьёзё бу жараёнда тегишли маслаҳатлар берди ҳамда очилиш маросимида нутқ сўзлади.

Герё Дьёзёнинг меҳнатлари бесамар кетмади: у Баранья музофотининг Ференц Мор илмий мукофоти билан тақдирланган. 1997 йилда олим  Венгрияда усмонийлар даври ёдгорликларини ҳимоя қилиш ва оммалаштиришдаги хизматлари учун Туркия президенти Сулаймон Демирел қўлидан Туркия Республикасининг Ҳурмат орденини олган.

Герё Дьёзё 2011 йил 11 октябрда, 87 ёшида вафот этган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг