00:05 / 24.04.2023
1 613

Хитой элчисининг Ўзбекистонга ҳам қаратилган гаплари нимадан дарак?

Хитой элчисининг Ўзбекистонга ҳам қаратилган гаплари нимадан дарак?

Хитойнинг Франциядаги элчиси постсовет давлатларининг суверенитетини шубҳа остига олиб, дипломатик можаро бошлади. Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, у Пекиннинг зимдан юритаётган ўйинини очиқлаб қўйган бўлиши мумкин. Бу – Марказий Осиё давлатлари учун Хитой таҳдидига нисбатан узоқ муддатли сиёсат ва ўзаро муносабатлар концепциясини шакллантириш заруратини эслатади.

Хитой Халқ Республикасининг Франциядаги элчиси Лу Шай бугун, 23 апрел куни бўлиб ўтган телемулоқот чоғида, икки масалада хавотирли фикр билдирибди.

Биринчидан, у Қримни Украинанинг ери деб тан олишдан бош тортган. Иккинчидан, постсовет давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам суверенитетини “кучли ҳуқуқий асосга эга эмас” деган.

Бу билан, ёки расмий Пекин ўзининг “ҳудудий яхлитлик тарафдори” позициясидан секин воз кечиб бошлаяпти. Яъни, “ким кучли бўлса, ер ўшаники” позициясига ўтишга тайёргарлик. Ёки, элчи Пекиннинг ички, узоқ муддатли ўйинини, англамаган ҳолда, билдириб қўйган.

Ҳақиқатда, Пекиннинг Москва билан муносабатларида: “гоҳида ҳудудий яхлитлик ҳақида айтамиз, лекин, аслида Қрим – Россияники, яъни, сизларники” деган позиция бўлиши мумкин.

Ҳалига қадар Марказий Осиё давлатларининг, жумладан, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси борасида, унинг глобал ўсиши борасида, ҳеч қандай стратегияси, стратегик доктринаси йўқ.

ХХРнинг иқтисодий ўсиши, дунёнинг бугунги иккинчи иқтисодиёти, эртанги биринчи иқтисодий қудрати минтақамизнинг биқинида бўлиши – Марказий Осиё бешта республикаси учун, хайрлими ёки таҳдидми?

Иқтисодий ўсаётган Пекиннинг геосиёсий қарашлари қай томон кетмоқда, истиқболда қандай бўлиши мумкин? ХХРнинг Россия Федерацияси билан борган сари яқинлашуви биз учун нимани англатади: таҳдидми ёки ҳеч қандай муаммо йўқми?

Дунё давлатларида глобал феноменлар учун, махсус, англанган, чуқур ўрганилган ва ҳаётда амалга оширилиши керак бўлган, агар оғишилса – сиёсий танқидлар ва можароларга сабаб бўладиган “стратегик курс”лар бўлади.

Лекин минтақада, ҳаттоки ёпиқ эшиклар ортида ҳам мана шундай жиддий баҳслар, таҳлиллар кузатилмайди. Бу – аномал ҳолат. Лекин, бу пост-тоталитар, авторитар сиёсий маданиятга хос инерцияли ҳолат. Айни пайтда, собиқ СССРда ташқи дунёдаги ўзгаришлар жуда кучли кузатилар ва баҳс қилинар эди.

Биз каби жамиятларда “ҳамма нарсани давлат ўзи яхши билади” деган қараш бор. Давлатда эса “ҳозир ўша давлат билан алоқаларимиз яхши/ёмон, вазиятни чигаллаштирмайлик” деган эҳтиёткорлик жуда кучли. Аслида, бу – ватандошлик жамиятининг заифлиги, сиёсий плюрализмнинг йўқлигига бориб тақаладиган жиддий нуқсон ҳисобланади.

Вазият хавотирли. Агар РФ ва ХХР, иккаласи келишиб, Марказий Осиёнинг геосиёсий вазиятини монопол назорат қилмоқчи бўлса, бу минтақа пойтахтлари учун, жуда катта муаммолар келтириб чиқариши аниқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг