Хитой Халқ Республикасининг Франциядаги элчиси Лу Шай 23 апрел куни француз телеканалларидан бири бўлмиш LCI журналистларига катта интервью берган. Интервью шу заҳоти сенсация бўлиб кетди. Элчи Лу Шай салкам бир соатлик интервьюсида кўплаб масалаларга муносабат билдирган.
Унинг энг муҳим фикрлари, Қрим статуси ва постсовет давлатларига тегишли бўлди. Элчининг айтишича, Қрим – тарихан Россиянинг ҳудуди бўлган, ва собиқ СССР даврида Хрушчев томонидан Украина тасарруфига ўтказилган. Журналистларнинг: “халқаро ҳуқуққа кўра, Қрим Украинанинг ери-ку?!” деган саволига, элчи: “Қрим тарихан Россияни бўлган” деб жавоб берди.
Янги мустақил давлатларнинг суверенитети ҳақида эса “халқаро ҳуқуққа кўра, постсовет давлатларининг самарали суверенитети мавжуд эмас” деган. Бу билан, ХХР элчиси, собиқ СССРнинг тарқалишини де-юре ноқонуний бўлган деди. Бу иккала қараш ҳам, тўлиқ сиёсий ва геосиёсий мазмунга эга.
Нима учун элчи Лу Шайнинг ушбу баёнотлари ҳалқаро можароларга сабаб бўлди? Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, элчи – жуда юқори рангдаги дипломат. Дипломатлар ҳар бир сўзни, фикрни чуқур ўйлаб гапиришга ўрганган мутахассислар бўлишади. Оддий сиёсатчилардан фарқли, дипломатларда хато гапириб қўйиш еки эҳтиросга берилиш жуда кам учрайди.
Иккинчидан, элчиларнинг ҳам салоҳияти бир-биридан фарқ қилади. Мисол учун, кичик еки ўрта миқёсдаги давлатларга юборилган элчилардан кўра, катта ва қудратли давлатларга жўнатилган элчиларнинг сиёсий вазни, албатта, катта бўлади. Мисол учун, Хитойнинг Арманистондаги элчиси билан ушбу давлатнинг Америка ёки Франциядаги элчиси ўртасида, сиёсий вазн жиҳатдан, фарқи бор.
Учинчи ва энг асосий омил, бу – Хитойнинг глобал аҳамияти. Хитой Халқ Республикаси – бугуннинг ўзида дунёнинг иккинчи қудрати, иккинчи иқтисод, иккинчи ҳарбий қудрат. Яқин ўн йилликларда эса, барча соҳаларда биринчиликка ўтиши кутилаётган қудрат. 1,4 миллиардлик Хитой аҳолисининг қашшоқликдан ўрта синфга ўтаётгани, мисли кўрилмаган иқтисодий тез ўсиши, дунё ҳамжамиятини ҳайратлантиради, қўрқитади.
21-асрнинг энг муҳим саволлари ҳам қуйидагилардир: “Дунёнинг энг биринчи қудратига айланган ХХР дунёга нима таклиф қилади?”, “Расмий Пекин халқаро ҳуқуқни тан оладими, дунё давлатларининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиладими? Ёки куч ва босимларга асосланган янги ўйин қоидасини олдинга сурадими?”
Хитой элчисининг баёноти Россия пропагандаси томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Россия телеканаллари “Лу Шай ҳаммасини жуда тўғри гапирди” деб, олқишлади.
Халқаро даражада можаро бошлангач, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги элчи Лу Шай баёнотларига юмшоқ шаклда раддия берди. Лекин элчини чақириб олмади. Элчининг мақсади эса, аслида, ўзгаришга мойил бўлган Хитой позициясини дунё ҳамжамиятига билдириш ва реакцияларни кузатиш бўлиши мумкин.
Элчи Лу Шайнинг баёноти, кўплаб давлатларни саросимага солди. Украина, Латвия, Литва, Эстония ХХР элчиларини чақириб, шарҳ сўрашди, Пекинга нота жўнатишди. Европа Иттифоқи эса элчининг баёнотини танқид қилди. Лекин, ҳозирча Марказий Осиё давлатлари жим. Бу – нотўғри ҳолат. Марказий Осиё давлатларини, РФ ва ХХР ўртасида шаклланаётган глобал шериклик, балки иттифоқчилик – жиддий хавотирга солиши керак.
Тарихан бизни – минтақа халқлари ва давлатларини мустамлака қилган, эркимизни ва давлатчилигимизни йўқотган давлатлар – айнан мана шу давлатлар ҳисобланади. Вазият мураккаб, чунки айнан мана шу икки давлат – минтақанинг биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари. Ўзаро боғлиқлик жуда кучли.
Лекин, минтақа давлатларининг олдида турган тарихий вазифа ҳам шундай иборатки, иқтисодий ўсиш ва сиёсий мустақиллик, фаровонлик ва ўзлик ўртасида зиддиятларга имкон бермаслик, мувозанат сақлаш ва миллий мустақиллик учун стратегик чоралар кўриш имконини кучайтириб бориш керак бўлади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)