00:30 / 12.05.2023
490

Олимлар 2100 йилга бориб Ердаги иқлим таниб бўлмас даражада ўзгаришини айтмоқда

Олимлар 2100 йилга бориб Ердаги иқлим таниб бўлмас даражада ўзгаришини айтмоқда

Фото: EPA

Жорж Мейсон университети (АҚШ) олимлари 2100 йилгача Ер об-ҳавосини моделлаштиришди ва умидсиз хулосага келишди: сайёра шу қадар ўзгарадики, 1880 йилларда Кёппер тизими бўйича тузилган иқлим хариталарини қайтадан чизиш керак бўлади. Тадқиқот Earth’s Future журналида чоп этилди.

«XX асрнинг бошидан бери Ер юзининг 14,77 фоизида иқлим ўзгаришлари юз берди. Энг муҳим ўзгаришлар Шимолий Америка, Европа ва Океанияда кузатилди», деди Пол Дирмейер, бош тадқиқотчи ва иқлимшунос олим.

Янги тадқиқот шуни кўрсатадики, аср охирига бориб, дунёнинг 38-40 фоиз ҳудуди бошқа иқлим зоналарига ўтади. Яъни, ер шарининг деярли ярми янги шароитларга дуч келади.

Тропик иқлим 25 фоизгача кенгаяди, қурғоқчилик 34 фоизгача ҳудудни эгаллайди. Энг сезиларли ўзгаришлар Европа ва Шимолий Америкада кутилмоқда. Бу қитъаларнинг мос равишда 89 фоиз ва 66 фоиз ҳудуди бошқа иқлим зонасига ўтади.

Бироқ, иқлим зоналарининг ўзгариши фақат «имкониятлар оралиғини» ифодалайди, чунки баъзи ўзгарувчиларни (масалан, ёғингарчилик) бошқаларга (ҳароратга) қараганда моделлаштириш қийинроқ, дейилади тадқиқотда. Ўзгаришлар, шунингдек, океанлар ва Антарктидадан ташқари фақат қуруқликни қамраб олади (маълумотлардаги бўшлиқлар туфайли). Бошқача қилиб айтганда, амалда ўзгаришлар анча жиддийроқ бўлиши мумкин.

Муаллифлар фикрига кўра, глобал исиш суръати тезлашиши аниқ. Бу озиқ-овқат ишлаб чиқариш тизимига салбий таъсир кўрсатиши ва чивинлар тарқатадиган касалликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг