15:48 / 26.05.2023
368

Американинг F-16 қирувчилари урушнинг боришига қандай таъсир кўрсата олади?

Фото: DANIEL / PHCIMAGES / COVER IMAGES / SCANPIX / LETA

Украиналик собиқ ҳарбий учувчи АҚШда 1970-йилларда яратилган ва ҳамон фойдаланиб келинаётган ҳарбий қирувчи самолётлар Украинага қандай олиб келиниши ва уруш майдонида нималарга қодирлиги ҳақида сўзлаб берди.

«Биз F-16 самолётларига эга бўлсак бу урушда енгиб чиқамиз», — деди 20 май куни Украина ҳарбий ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат. Ўша куни АҚШ расман Европа давлатларига Украинага ўз ихтиёрларидаги F-16 ҳарбий самолётларини етказишга рухсат беражагини ва учувчиларни тайёрлашда иштирок этишини эълон қилди. Ўшандан буён Украина қуролли кучларига F-16 самолётларини етказиб бериш ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти. Айни пайтдаги бош вазифа — етарли миқдордаги украин учувчиларини зудлик билан бу самолётларни бошқаришга ўргатишдир.

Украина F-16 самолётларини қачон қўлга киритиши ва жанговар ҳаракатларда уларнинг қандай ёрдами тегиши ҳақида «Важние истории» нашри украиналик ҳарбий эксперт, собиқ учувчи, Украина ҚКнинг захирадаги полковниги Роман Свитан билан суҳбатлашди.

Украина қачон F-16’ларни олади?

Қирувчи самолётларни етказиб бериш муддатлари украиналик учувчилар уларни бошқаришни қанчалик тез ўрганиб олишига боғлиқ.

Шунчаки «кўчадан келиб» самолётни бошқаришга ўрганиш уч-тўрт йил вақтни олади. Лекин Украинада ҳозир МиГ-29, Су-20 ва МиГ-21 каби совет самолётлари, шунингдек, Чехиянинг L-39 самолётларини бошқаришни эплайдиган бир неча юз учувчи бор. Уларни уч-тўрт ой ичида ўргатиш мумкин.

Свитаннинг сўзларига кўра, тажрибали қирувчи учувчи ҳар қандай самолётни бошқара олади.

«Сўнгги 30 йил ичида Украинада айнан қирувчи самолётларни бошқара оладиган юзлаб учувчилар тайёрланди. Совет иттифоқи давридан буён парвоз қилиб юрган етарлича кадрлар бор. Уларнинг барчаси профессионаллар, чунки сўнгги саккиз-ўн йил ичида эски, аҳволи абгор совет самолётларида учишган, бироқ янги шароитларда парвоз қилишган. Агар инсон «Жигули»ни бошқариб юрган бўлса, «Мерседес»ни албатта ҳайдай олади. F-16 самолётларида ричаг ўрнига жойстикни бошқаришни ўрганиш керак, холос. Буни тренажёрда ҳам ўрганиш мумкин. Жойстикни бошқаришни ўрганганингдан сўнг самолётда бир-икки марта парвоз қилиб кўриб, жанговар вазифаларга киришавериш мумкин», — дейди эксперт.

Унинг сўзларига кўра, ўрганиш учун украиналик учувчиларга етарлича тренажёрлар тақдим этилган.

«Бунақа тренажёрлар ўзи кам. Жаҳон бўйлаб териб чиқилса, юзтача чиқса керак. Шу сабабли ўнлаб давлатлар ўз тренажёрларини парвоз таркибига тақдим этиши учун коалиция тузилган. Бизга юзлаб учувчилар керак — бу сондаги мутахассислар бизда бор ва улар қайта тайёрловдан ўтиш учун шай. Ўнлаб давлатлар бирдан ишга киришса, уларни уч-тўрт ойда ўргатиш мумкин. Фикримча, ёзнинг охирига бориб бизда етарлича учувчилар бўлади. Бир мамлакатда эксплуатация қилишдан маъно бўлган самолётларнинг минимум сони 40 та бўлиши керак. Бу — бригада. Ёзнинг охирларида биз тайёргарликдан ўтган, жанговар вазифаларни бемалол бажара олувчи бригадани кутмоқдамиз. Қарши ҳужумнинг иккинчи босқичигача», — дейди Роман Свитан.

Қирувчи самолётларни етказиб бериш бўйича коалиция тузилгани ҳақида ўтган ҳафтада Буюк Британия ва Нидерландия эълон қилди. Украиналик учувчиларни қайта тайёрловдан ўтказишга тайёрлиги ҳақида дастлаб Полша расман мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашчак сиймосида эълон қилган бўлса-да, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Дания ва Нидерландия украиналик ҳарбий учувчиларини F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатувчи илк давлатлар бўлишини таъкидлаб ўтди. Кейинроқ уларга Норвегия ва Белгия қўшилади, дея қайд этади New York Times.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари украиналикларни Европада шуғуллантириши эҳтимоли юқори. АҚШнинг Европадаги иккита авиабазаси — Германия ва Италияда Америка қирувчи самолётлари бор.

F-16’дан қандай фойдаланишади?

F-16 самолётлари Украинанинг ихтиёрига келиб тушгач, улардан иккита муҳим вазифани ҳал қилишда фойдаланилади — Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ерусти қўшинларининг ҳужумини ўт очиш билан қўллаб туриш, дейди Свитан.

«F-16 кўп функцияли машина бўлиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари вазифасини ҳам бажариши мумкин. Улар жуда зўр радар билан таъминланган — 300 километрни «кўра» олади, ракеталари 200 километрдаги нишонни ура олади. Яъни, у узоқ масофадан туриб барча турдаги учувчи аппаратларни тутиб олишга қодир қирувчи самолёт ҳисобланади», — дея тушунтиради эксперт.

F-16 қирувчи самолётлари Грецияда ўтказилган ўқув машқлари жараёнида. Фото: Florian Fergen / PLANET PIX / SCANPIX / LETA

F-16 Россиянинг Украинага қанотли ракеталар учираётган стратегик бомбардимончи самолётларини уриб тушира олмайди. Бироқ Америка учоқлари ўша ракеталарни ҳали Россия ҳудуди устида учаётган чоғда уриб тушира олади.

«F-16 ракетани Россия ҳудудига кирмасдан туриб, ўша ерда тута олади. Яъни самолёт Харкивда туриб Белгород, ёки Курск, ёки Воронеж устидаги ракетани муаммосиз уриб тушира олади», дейди Свитан.

Свитаннинг айтишича, қарши ҳужумни қўллаб-қувватлашда F-16 қирувчи учоқлари учта эскадриля бўлиб ҳаракат қилади. Биринчиси душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ишдан чиқаради, иккинчиси душман истеҳкомлари, техникаси ва тирик кучларига зарба беради, учинчиси ҳимоя қилиш билан машғул бўлади.

«Дастлабки вазифа— душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмаларини ишдан чиқариш. Бу иш билан махсус F-16 самолётлари — учар радиоэлектрон кураш станциялари шуғулланади. Ҳар бир самолёт тўққизта осиш нуқтасида тўққизта аксилрадиолокацион HARM ракеталарини олиб юра олади. Душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишдан чиқарилмагунича, бирорта самолёт «ерга қарата» жанговар ўт очиш учун парвоз қилмайди.

Тор участкада ҲҲМ тизими йўқ қилингач, бомба ва ракеталар билан юкланган F-16 эскадриляси осмонга кўтарилиб, қарши ҳужумга ўтган қисмлар олдидаги барча нарсани кунпаякун қилади, душманнинг қаршилик кўрсатиш линиясини парчалайди. Ҳар бир бомба «яримтоннали» деб аталади ва ўн метр чуқурликдаги воронкаларни вужудга келтиради. Бу ҳали чуқурликнинг ўзи, зарар етказувчи элементлар юзлаб метрларга учади. Бомбанинг жангавор юкламаси ичида пиёдалар, техникаларга бевосита зарар етказувчи жуда кўп нарсалар бор. Бунда душманнинг қаршилик кўрсатувчи кучларини йўқ қилиш бўйича заргарона ишлашга тўғри келади.

Табиийки, авиация томонидан «шудгорланган» йўналишда ерусти қўшинлари осонроқ ҳаракат қилади, қолган-қутган нарсаларни чертиб йиқитаверади.

Учинчи эскадриля бу пайтда осмондан туриб қирувчи сифатида буларнинг барчасини ҳимоялаб туради — радиоэлектрон кураш олиб бораётганларни ҳам, бомбардимончилар эскадрилясини ҳам. Яъни, узоқ масофани кўрсатиб турувчи локаторлари билан бу эскадриля жанг майдонига душманнинг бирорта қирувчи учоғини ҳам, бирорта ракетасини ҳам яқинлаштирмайди», — дейди Свитан.

Эксперт Украина қуролли кучларининг ёзги қарши ҳужумини F-16’ларнинг ёрдамисиз ҳам амалга ошириши мумкинлигига ишончи комил. У украиналиклар Азов денгизига чиқиб олиш ва Россиянинг Қримга қуруқликдаги йўлини кесиш учун бош зарбани Запорижжя областига беради, деб ҳисоблайди.

«Азов денгизига чиқиш вазифасини биз зенит-ракета комплекслари ва етарли артиллерия тайёргарлиги ҳимояси остида уддалашимиз мумкин. Чунки ҳудуд теп-текис, денгизолди ҳудудлари столдек текис. У ерда техника осон юради, артиллерия ҳам осонгина эргашади. Душманнинг авиациясидан эса зенит-ракета комплекслари ёрдамида ҳимояланиш мумкин. Танклар ва «ўтли деворлар» билан самолётлар ёрдамида бўлганидек 100 км масофа бўлмаса ҳам, олдиндаги 30 км масофани куйдириш мумкин. Бунинг учун етарли миқдордаги снарядлар керак, бунга эгамиз ва етарли миқдорда стволлар керак, бунга ҳам эгамиз.

Донбассни озод қилиш эса авиациясиз қийин бўлади, чунки у ерда тоғли тепаликлар, кўллар ва дарёлар кўп. Қрим билан ҳам мана шундай ҳолат. Менимча, Қримни озод қилишга киришганимизда самолётлар етиб келган бўлади», — дейди эксперт.

F-16’ларни аэродромда қандай асраса бўлади?

F-16 самолётларини Россия қанотли ракеталаридан яшириш билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди Свитан. 

«Бир неча ой, ҳаттоки сўнгги бир йилда Россиянинг бирорта ракетаси ердаги бирорта украин самолётига зарар етказа олган эмас. Бунга авиация сочиб юборилгани туфайли эришилган. Агар бир эскадриля битта аэропортда тўпланган бўлса, самолётларни шундай сочиб юбориш мумкинки, ракета билан уларни уриш имконсиз бўлади. Минг километр наридан туриб X-101 ракетасини учирган учувчи айни пайтда самолёт қайси бута олдида турганини қаёқдан билсин?

Самолётлар жойларини мудом алмаштириб туради. Улар бир жойда туриб қолмайди. Агар пилотсиз бошқарилувчи қурилма учиб келиб, самолётларнинг жойлашувини кўрган тақдирда ҳам, у қайтиб боргунча, маълумотларни узатгунча, маршрутизаторлар нуқталарни қайта ишлагунча самолёт у жойда бўлмайди. Уларни бир жойдан иккинчисига ўтказиб қўйишади. Ҳаттоки ҲҲМ тизимини овора қилиб ўтиришмайди.

Айнан шу йўл билан барча самолётларимизни сақлаб қолганмиз. Самолётлар бир жойда эмас, сочилиб турган бўлса, уни қанотли ракета билан нишонга олиб бўлмайди. Агар F-16’лар Patriot ёки SAMP-T каби ҲҲМ тизимлари билан ҳимояланган бўлса-чи? Бу ҳолда Киевдагидек, бирорта ракета яқинлаша олмайди. У ерга штурмчи самолётлар-ку асло яқинлаша олмайди, дарҳол уриб туширилади. Яъни осмондан бўладиган ҳужумдан ҳимояланиш мутлақо муаммо эмас».


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Американинг F-16 қирувчилари урушнинг боришига қандай таъсир кўрсата олади?
ePN