20:40 / 05.07.2023
1 054

Америкалик профессор: «Бизни Ислом деб билишади»

Америкалик профессор: «Бизни Ислом деб билишади»

“Исмим Жералд Диркс. АҚШда, Канзас штатининг кичик шаҳарчаларидан бирида туғилиб-ўсдим. Ҳарвард коллежини, ундан кейин Ҳарвард универсетитини тугатдим. Докторлик ишимни Дэнвер университетида клиник психология бўйича қилдим. Психосоматик касалликларга бўйича тадқиқотлар олиб бордим, руҳиятида муаммо бўлганлар билан шуғулландим. У пайтлар христиан эдим. Ишларимдан, тадқиқотларимдан бўшаганимда вақтимни фермамизда ўтказардим. У ерда от боқардик.

Ҳаммаси фермамизни кўриш учун бир мусулмон келишидан бошланди. У отларни томоша қилди, суҳбатлашдик. Бир пайт соатига қаради ва “Намоз ўқишим керак, ювиниш хонангизда таҳорат олсам бўладими?” деб сўраб қолди. “Албатта”, дедик аёлим билан бир овоздан. Меҳмонимиз таҳорат қилиб, намозини ўқиб бўлгач, яна бирпас гаплашдик. Лекин Ислом ҳақида оғиз очмади. Аслида у гапирмагани билан ҳаракатлари ҳамма нарсани англатиб турарди. Хайрлашаётиб, уйига таклиф қилди. Биз ҳам “Келаси сафар оилангиз билан келинг”, дедик. Шу тарзда алоқаларимиз бошланди. Бошқа мусулмон оилалар билан ҳам таништиришди. Уларнинг ҳаёт тарзи менга қаттиқ таъсир қилди. Ҳар бир ҳаракатлари билан Исломни қандай яшаш кераклигини кўрсатиб бераётгандек эдилар.

Улар нега бундай ҳаёт тарзини танлашгани ҳақида кўп ўйлай бошладим. Айни қизиқиш билан Исломга доир китобларни, Қуръони каримнинг инглиз тилидаги маънолар таржимасини ўқишга киришдим. Эътиқодларимиз орасидаги фарқ нималигини англагим келарди. Бир пайтлар черковда ишлагандим, шу сабабли, Инжилнинг илк қўлёзмалари билан таниш эдим. Черков тарихини яхши билардим. Лекин насроний сифатида Муқаддас учликка, яъни Исо алайҳиссаломнинг Худонинг ўғли эканига ишонолмасдим. Бу мавзуда бошқача ўйлардим. Қуръонни ўқиш давомида “Менинг эътиқодим Исломдагидан бошқачами?” деб ўзимга савол бердим. Жавоб ижобий эди, яъни фарқ тополмадим.  Тўғри, насроний эдим, бироқ ҳазрат Исони Қуръондаги тавсифларига кўра танирдим ва тан олардим.

Рамазон ойи кирганида мусулмон танишларим билан бирга рўза тутишга, кунда беш вақт намоз ўқишга қарор қилдим. Булар руҳиятимга ажиб ҳаловат бахш этарди. Ҳали ҳам имон келтирмагандим, шаҳодат калимасини айтган, рўза тутадиган, Қуръон сураларининг инглизча маъно таржимаси билан намоз ўқийдиган ва булардан ҳузур оладиган насроний эдим.

Шу орада бир мусулмон танишим аёлим иккимизни Иорданияга таклиф қилди. Бордик. Меҳмон бўлдик. Танишимнинг инглизча билмайдиган амакиси имо-ишора билан мени кўчага бошлади. Ортидан эргашдим. Тор кўчалардан юриб кетдик. Рўпарамиздан чиққан қария ҳамроҳим билан араб тилида саломлашгач, менга ўгирилди ва: “Мусулмонмисан?” деб сўради. Араб тилида фақат “ҳа” ва “йўқ”ни билардим, холос. Бирдан тилимдан арабча: “Ҳа!” деган сўз учди. Айни вақтда бу жавоб жону кўнглимдан чиққан эди! Мен мусулмон бўлгандим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, аёлим ҳам имон келтирди.

Америкага қайтганимизда айрим ғайридин танишларимиз ва ҳамкасбларимизнинг танқидига учрадик. Лекин мусулмон биродарларимиз бу янгиликдан жуда қувонишди. Уларнинг барчаси Исломнинг том намунаси эдилар. Иорданиядаги оилалар ўртасидаги оқибатни кўриб, ҳайрон қолдим. Ота-оналарини қариялар уйига жойлаштириш улар учун жуда хунук ҳолат ҳисобланаркан. Буларнинг ҳаммаси ажойиб эди!

Аслида Исломни шундай танитиш керак. Афсуски, айрим мусулмонлар гапни “Сен адашгансан”дан бошлашади. Бу, кўпинча, одамга салбий таъсир қилади. Шу сабабли ҳам ҳар бир мусулмон хатти-ҳаракатларига эътиборли бўлиши катта аҳамиятга эга. Чунки одамлар бизни кузатишади. Агар ахлоқимиз, туриш-турмушимиз чиройли бўлса, яхши намуна бўлоляпмиз, Исломни намоён қилоляпмиз демакдир. Бизни яшаётган жойимизда, ўқиш ва иш жойларимизда мусулмон сифатида танишади. Бизни Ислом деб билишади. Исломга бизга қараб баҳо беришади”.

Зумрад Фозилжон қизи тайёрлади.

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америкалик профессор: «Бизни Ислом деб билишади»
ePN