date
views 338

«Луна-25» нима учун қулади ва Россиянинг ой дастурини нима кутмоқда?

Фото: AFP
«Луна-25» миссияси муваффақиятсиз якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурилма ҳақиқий қўнишни бошлашдан олдинги манёврларни амалга ошириш вақтида қулаган.

Аварияга двигателнинг нотўғри ишлаши сабаб бўлган. «У керагидан кўпроқ — 84 сония эмас, 127 сония ишлади», деган «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов. Станция бу вақтда ўз орбитасини тўғрилангани сабабли, хато ҳалокатга олиб келган — у жуда қаттиқ «тормоз олган» ва шунчаки ойга қулаган.

2023 йил 11 август куни «Восток» космодромидан учирилган станция 16 август куни 100 километр барқарор баландлик билан айланма Ой орбитасига чиқди. У 19 август кунигача ўша ерда эди.

Шундан сўнг, у муайян бир вақтда двигателларни олдинга буриши, секинлашиш ва парвоз баландлигини камайтириш учун уларни қисқа вақтга ёқиши керак эди. Орбита эллиптик бўлиши лозим эди, унинг энг паст нуқтаси ой юзасидан атиги 18 километр баландликда бўларди.

Станция бу орбитада яна бир кун бўлиб, босқичма-босқич тўғриланиши, охир-оқибат двигателни олдинга қаратиб, Ой юзасига вертикал тушиши керак эди. Қўниш олдидан, сўнгги босқичда станция двигател ёрдамида тезликни деярли нолга тушириши ва Ойга қўниши лозим эди.

Двигателнинг бир ярим баробар кўпроқ ишлаши натижасида қурилма тезлиги шунчалик пасайиб кетдики, у ой юзасига қулаб тушган.

Имкониятлар кам

Экспедициянинг охирги қисми — қўниш, мутахассислар томонидан энг қийин қисм деб ҳисобланган. Бироқ, станция бу босқичга бормасдан қулаб тушган.

Воқеа содир бўлишидан бир неча кун олдин Космик сиёсат институти раҳбари Иван Моисеев BBC нашри билан суҳбатда, агар қурилма Ойга қўнса, «демак, бу жуда омад келгани бўлади» деб айтган.

«Рельеф номаълум ва автоматлаштиришни созлаш жуда қийин. Авариялар одатда жараённинг ўзини режалаштириш ва дастурлаш билан боғлиқ бўлади. Илгари содир бўлган авариялар рельеф номаълумлиги билан боғлиқ эди ва айтайлик, станциянинг бир томони билан тошга қўниш, агар у етарлича катта бўлса, умумий муваффақиятсизликка олиб келган», деган у.

Бунгача «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов «Луна-25» экспедициясининг муваффақиятга эришиш эҳтимоли 70 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. 2023 йил июл ойида ушбу миссия учун аппаратни ишлаб чиққан Лавочкин нодавлат ташкилоти уни 80 фоиз деб баҳолади. Айни пайтда россиялик астроном Владимир Сурдин РИА Новости агентлигига берган интервюсида муваффақиятга эришиш имкониятини 50 фоиз деб айтганди.

Россия сўнгги йилларда Ой миссияси муваффақиятсиз якунланган ягона давлат эмас. Тўғри, бошқа станцияларнинг авариялари бошқа босқичда — қўниш пайтида содир бўлган. Россия станцияси эса қўнишга тайёргарлик босқичида қулаб тушди.

2023 йил апрел ойи охирида хусусий компания томонидан ташкил этилган биринчи Ой миссияси авария билан якунланганди. iSpace компанияси томонидан ишга туширилган Hakuto-R қўниш модули билан алоқа у Ойга қўнишидан бир неча дақиқа олдин узилиб қолди.

2019 йилда Ҳиндистоннинг «Chandrayaan-2» станциясининг қўниш модули ҳам Ой юзасига тушишидан бир неча сония олдин маълумотлар узатишни тўхтатди. У Ойнинг Жанубий қутб минтақасига, яъни тахминан Россиянинг «Луна-25» аппарати билан бир хил жойга қўниши керак эди.

«Чандраян-2»ни олиб кўтарилган ракетанинг учирилиши. Фото: AFP

Шу йили Исроилнинг «Beresheet» Ой қурилмаси ҳам Ернинг табиий йўлдошига қўнаётганда ҳалокатга учради.

Сўнгги йилларда муваффақиятли миссиялар ҳам бўлди. Масалан, 2020 йилда Хитойнинг «Чанэ-5» станцияси қайтувчи модули билан Ойнинг кўринадиган томонидаги Бўронлар океанига қўнди. У реголит (тупроқ) намуналарини йиғиб, уларни Ерга олиб келди.

23 август куни Ҳиндистон Москва, Вашингтон ва Пекиннинг Ой триумвиратини синдирди: «Чандраян-3» миссияси элтган «Викрам» қўнувчи аппаратини Ернинг табиий йўлдошига муваффақиятли қўндириб, буни уддалаган тўртинчи давлатга айланди.

Узоқ лойиҳа

«Луна-25» ҳалокатининг табиати анча-мунча аниқ — бу орбитанинг ўзгариши билан боғлиқ хато, двигател нотўғри ишлаши сабаби эса ҳали эълон қилинмади.

Айни пайтда, Россия миссиясининг муваффақиятсизлиги ҳақидаги шарҳлар ва муҳокамаларда таъкидланишича, «Роскосмос» экспедиция учун масъул бўлган бош ташкилот сифатида, шунингдек, уни тайёрлашда иштирок этган бошқа муассасалар ва компаниялар амалдаги аппаратнинг нусхасини яратмаган.

Бундай қурилма, биринчидан, станциянинг космосда ишлашини текширишга ёрдам беради, иккинчидан, муваффақиятсизлик юз берса, дастурни тузатиш орқали муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлган яна бир станцияни ишга тушириш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, кўпчилик бу лойиҳа «Роскосмос»нинг «узоқ муддатли қурилишлари»дан бири бўлганини таъкидлайди, бу эса унга катта қизиқиш йўқлигини кўрсатади.

Дастлаб «Луна-Глоб» деб аталган ушбу станция лойиҳаси устида ишлаш 2005 йилдан бошланган. Миссия ташкил этилганиданоқ техник ва молиявий муаммоларни бошдан кечирган.

Аввалига ушбу қурилма «Роскосмос»нинг «Фобус-Грунт» платформасида яратилган. Бу платформа Марснинг Фобос сунъий йўлдошига қўниш, у ердан тупроқ намуналарини олиш ва Ерга қайтишни ўз ичига олган «Роскосмос»нинг амбицияли лойиҳаси эди.

Бироқ, «Марс» экспедицияси муваффақиятсиз якунланди. 2011 йилда, стартдан сўнг, аппаратнинг двигател тизими ишга тушмади ва у Тинч океанига қулади.

Ушбу авариядан кейин «Луна-Глоб» дастури қайта кўриб чиқилди. Қурилманинг ўзи ҳам қайта таъмирланди ва «Луна-25» деб ўзгартирилди.

Бироқ, лойиҳанинг бахтсиз саргузашти шу билан тўхтаб қолмади. Уни доимо «ўнгга суриб қўйишди» — яъни у янада узоқроқ муддатга қолдирилди. «Луна-25»ни дастлаб 2014 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди, амалда эса бу тўққиз йилдан кейин амалга оширилди.

«Машқ қилиш учун қанча вақт ва пул сарфланди? Ердаги барча жараёнларни стендда синовдан ўтказиш учунчи? Бу ерда шундай нарса бор — қанча кўп тайёргарлик кўрсангиз, шунча кўп пул сарфлайсиз. Бунда қандайдир оптимални танлаш керак», дейди Иван Моисеев.

Инқироз ва «Роскосмос» ислоҳотлари

«Луна-Глоб» номидан воз кечилгандан кейин пайдо бўлган «Луна-25» номи СССР Ой дастури узлуксизлигини кўрсатиш учун танланган: Ойга охирги совет экспедицияси «Луна-24» деб аталган ва ўшанда, 1976 йил август ойида у муваффақиятли якунланган.

«Луна-24» юмшоқ қўнишни амалга оширишга, тупроқдан намуна олишга ва уни қайтувчи модулда Ерга етказишга муваффақ бўлган. Бироқ, орадан 47 йил ўтди ва технологиялар ўзгарди. Шундай экан, янги миссияни энди нолдан бошлаш керак бўлади.

«Фобос-грунт» космосга чиқиши билан бузилиб қолганди. Фото: AFP

Қолаверса, 2000-йиллар «Роскосмос» учун энг яхши вақтлар эмас эди, корпорация моддий база эскириши, ходимлар ва маблағ етишмаслиги муаммоларига дуч келган. Бу эса бир неча йирик аварияларга олиб келди.

Авариялардан бири, масалан, «Протон-М» ракетаси билан 2013 йил 2 июлда бурчак тезлиги датчигининг штатдан ташқари ишлаши туфайли юз берди. Кейинчалик, технологик жиҳатдан нотўғри ўрнатиш қийин бўлган датчиклардан бирини инструкцияга мувофиқ ўрната олишмаганидан сўнг уни куч билан маҳкамлашгани маълум бўлди.

Шу ва бошқа авариялардан сўнг, Россия раҳбарияти космик соҳада таркибий ислоҳотни амалга оширди — «Роскосмос» федерал агентлиги ва «Бирлашган ракета-космик корпорация»си битта давлат корпорациясига бирлаштирилди. Бироқ, давлат корпорациясига айланган собиқ космик агентликнинг кўплаб муаммолари сақланиб қолди. Коинот саноатининг тизимли ислоҳоти ҳалигача давом этмоқда.

Параллел равишда Россия янги «Восток» космодромини ишга туширди ва бир нечта «Ангара» ракеталарини учирди. Бироқ, амбицияли ва қиммат Ой дастури «Роскосмос» учун ҳақиқий юк бўлди.

Ундан воз кечиш қийин эди, чунки бундай даражадаги вазифа бутун космонавтиканинг ривожланишига туртки беради. Дастурдан пропаганда мақсадларида ҳам фойдаланиш мумкин.

Ўта оғир ракета

«Луна» қурилмалари ушбу дастурнинг фақатгина биринчи босқичидир. Дастурнинг бу босқичида «Луна-25»дан кейин «Луна-26», «Луна-27» ва «Луна-28» космик кемаларини учириш назарда тутилган.

Иккинчи босқич ўта оғир ракета, янги кема ва Ойга инсон иштирокидаги парвозлар яратишни ўз ичига олади. Учинчи қисмда эса Ойда база қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2021 йилда Россия ва Хитой Ойда станция қурмоқчи экани маълум бўлди. Унинг режаси 2021 йил июн ойида тақдим этилган. Ўшанда, тақдимотга кўра, Ой станцияси яшаш учун мўлжалланмаганди.

Ушбу станция алоҳида лойиҳа сифатида мавжуд эди ва биринчи босқичда иштирокчилардан ҳеч қандай сармоя талаб қилмади, чунки у мустақил равишда ишлаб чиқилган миллий Ой дастурларини ўз ичига олганди. Ушбу лойиҳанинг тақдири ҳозирча тўлиқ белгиланмаган.

«Роскосмос» раҳбари биринчи ўринбосари Александр Ивановнинг сўзларига кўра, 2016 йилда ўта оғир ракетани ишлаб чиқиш ва қуриш дастури, тахминан 1,5 триллион рубл турган — федерал коинот саноатига эса бутун ўн йилликни молиялаштириш учун 1,4 триллион рубл ажратилган.

«Роскосмос» раҳбариятида ушбу лойиҳага турличa муносабатда бўлишди. Масалан, Рогозиндан олдинги космик агентлик раҳбари Игор Комаров 2016 йилда ишга тушириш нархи жуда юқори бўлгани учун ўта оғир ракетани яратишдан маъно кўрмаслигини айтди. Комaров бу жараён бир миллиард доллар атрофида бўлишини тахмин қилган.

Унинг ўрнини эгаллаган Дмитрий Рогозин, аксинча, бундай ракета ва инсон ташувчи коинот-транспорт кемасини ишлаб чиқишни ёқлади ва унинг ўзи 2019 йилда BBC нашрига, бундай қурилманинг нархи 700-750 миллиард рублдан ошмаслигини айтди.

Эҳтимол, бу 2017 йил май ойида ўта оғир ракетани ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифасини қўйган Владимир Путининг топшириғи билан қилинган.

2020 йилда Путин «Восток» космодромида белгиланган муддатларда оғир ва ўта оғир тоифадаги ракета тизимлари учун инфратузилма яратилишига ваъда берди. Уларнинг парвоз синовларининг бошланиши мос равишда 2023 ва 2028 йилларга мўлжалланган.

«Восток» космодромидаги «Ангара» учун майдонлар ҳали ҳам тайёр эмас.

2021 йил феврал ойида «Енисей» ўта оғир ракета лойиҳаси «техник сабабларга кўра» тўхтатилди.

Тажриба нархи

«Луна-Глоб» ва кейинчалик «Луна-25»нинг ишлаб чиқилиши барча Ой дастурларига на қизиқиш ва на уларни амалга ошириш учун имкониятлар мавжуд бўлган даврга тўғри келди.

«1966 йилда Ойга биринчи қўнган қурилмани («Луна-9») 20 йил давомида ясаш... Худди шу ракета, худди шу ўлчамлар, фақат қўниш схемаси бироз бошқача, лекин принципиал жиҳатдан бир хил. Бундай секин иш — бу ишнинг ёмон ташкил этилишидир», деган Иван Моисеев.

Бошқа бир россиялик мутахассис Иля Крамник ўз телеграмдаги каналида автоматик станциянинг Ойга парвози каби мураккаб миссияни омадсизликларсиз амалга ошириб бўлмаслиги ва фақат амалиётда тўпланиши мумкин бўлган тажрибагина муваффақиятни таъминлаши мумкинлигини ёзди.

«Совет тажрибаси шуни кўрсатадики, кўпроқ ва тез-тез ракета учириш керак. 1958 йилдан 1976 йилгача Ойга 45 та совет автоматик сайёралараро станцияси (АСС) учирилган, 31 та парвоз турли сабабларга кўра муваффақиятсиз якунланган. Муваффақиятсизлик фоизи ҳатто кейинги босқичларда ҳам юқорилигича қолган. Агар совет Ой автоматик сайёралараро станциясининг учинчи авлоди Э-8’ни оладиган бўлсак, 1969 йилдан 1975 йилгача 16 та станция ишга туширилган. Улардан олтитаси муваффақиятли, биттаси қисман муваффақиятли бўлган, тўққизта уриниш эса қурилмалар йўқотилиши билан тугаган», деб ёзади Крамник.

Бу фикрни ҳаммаси бўлмаса ҳам, кўпчилик мутахассислар қўллаб-қувватлайди. Тажрибани фақат амалиёт орқали олиш мумкин, аммо космик экспедицияларнинг нархи ҳисобга олинса, бу жуда қиммат иш.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам Ой дастурини тўхтатмаслик керак — бу энг нотўғри қарор бўлади», деди 21 август куни «Роскосмос» раҳбари Юрий Борисов. Бироқ, «Луна-25» «Роскосмос»нинг Ой миссияларида муҳим бўғин эди — у қурилманинг Ер табиий йўлдошига қўниш имкониятини текширди. Кейинги станциялар — «Луна-26», «Луна-27» ва «Луна-28» биринчи рус миссияси тажрибасини ҳисобга олиши керак эди.

Энди, Россия Украина билан уруш бошлаганда, унда харажатларнинг янги йўналиши пайдо бўлди.

Россия Ой дастурининг келажаги борми?

Россиянинг Федерал космик дастурининг ўн йиллик бюджети билан боғлиқ муаммолар Россиянинг Украинага бостириб киришидан анча олдин бошланган.

Аммо энди, Украинада катта уруш олиб боришда давом этаётган Россия унга катта маблағ сарфлашга мажбур.

Жорий космик дастурларни амалга ошириш аллақачон ажратилган маблағларни қисқартириш билан бирга давом этмоқда, аммо бу уруш харажатлари билан бевосита боғлиқ эмас. Шунга қарамай, 2022 йилда Федерал космик дастурни (ФКД) молиялаштириш учун 110 856,8 миллион рубл ажратилди ва йил охирида унинг касса ижроси 75 196,08 миллион рублни ташкил этди.

Урушдан олдин бошланган коинот харажатларини қисқартиришдан ташқари, Россия уруш бошланганидан кейин юзага келган қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда ФКДга ўзгартиришлар киритди. Асосий муаммолардан бири — унга ҳарбий сунъий йўлдошлар етишмай бошлади.

2022 йил июл ойида федерал космик дастур ушбу муаммони ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди. «Роскосмос»нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин лавозимини тарк этишдан олдин ФКДни мослаштиришга муваффақ бўлди. Унинг сўзларига кўра, биринчи даражали устунлик сунъий йўлдош гуруҳларига берилган.

Рогозин ҳам, унинг вориси Борисов ҳам ҳарбий сунъий йўлдошлар ҳақида тўғридан тўғри гапирмайди.

«Ҳозирда орбитада мавжуд бўлган сунъий йўлдошлар сони билан биз мамлакатни космик хизматлар — алоқа, навигация, Ерни масофадан зондлаш билан тўлиқ миқёсда таъминлай олмаймиз», деган «Роскосмос»нинг амалдаги раҳбари 2023 йил 10 февралда РИА Новости агентлигига.

Бироқ, Ерни масофавий зондлаш сунъий йўлдошлари ҳам фуқаролик ташкилотлари, ҳам ҳарбийлар томонидан ишлатилиши мумкин, чунки Ер юзаси маълумотлари, масалан, ҳарбий объектлар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Ҳарбийлар томонидан алоқа ва навигацияга ҳам талаб жуда катта.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Луна-25» нима учун қулади ва Россиянинг ой дастурини нима кутмоқда?