
Интернетда хавфсизлик муаммолари тобора кучайиб бораётган бир пайтда, Comparitech тадқиқот компанияси бутун дунёдаги икки миллиардга яқин паролни таҳлил қилиб, 2025 йилнинг энг кенг тарқалган ва энг ишончсиз паролларини аниқлади. Улар орасида кутилганидек, “123456”, “admin” ва “password” каби вариантлар яна биринчи ўринларда турибди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, одамлар ҳамон оддий ва осон эсда қоладиган паролларни танлашни афзал кўришмоқда. Шу боис, кибержиноятчилар учун шундай пароллар билан ҳимояланган аккаунтларга кириш жуда осон бўлиб қолмоқда. Қизиғи шундаки, дунёдаги энг машҳур музейлардан бири — Луврнинг видеокузатув тизимида ҳам парол сифатида “Louvre” сўзи қўллангани маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, таҳлил қилинган энг машҳур 100 паролнинг чорак қисми фақат рақамлардан ташкил топган. Улардан қарийб 39 фоизи “123” кетма-кетлигини, 3 фоизи эса “abc” ҳарфларини ўз ичига олган. Шу билан бирга, “password”, “admin” ва ҳатто “minecraft” сўзлари турли комбинацияларда кўп марта такрорланган.
Топ-10 оммабоп пароллар қуйидагича шаклланди:
123456
12345678
123456789
admin
1234
Aa123456
12345
password
123
1234567890
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар фойдаланувчиларни яна бир бор огоҳлантирди: яхши парол камида 12 белгидан иборат бўлиши, турли регистрдаги ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгиларни ўз ичига олиши лозим. Шунингдек, шахсий маълумотлар, исмлар ёки оддий сўзлардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Мутахассислар айтишича, киберҳужумлар сони йил сайин ортиб бораётган шароитда парол хавфсизлиги интернет фойдаланувчилари учун биринчи навбатдаги масала бўлиб қолмоқда. Ҳатто энг кучли технологиялар ҳам оддий “123456” билан ҳимояланган аккаунтни сақлаб қололмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.