АҚШ разведкаси ҲАМАС аъзоларининг Исроилга уюштирган ҳужуми Эрон томонидан режалаштирилгани, молиялаштирилгани ёки бевосита иштирокида юз бергани ҳақида ҳозирча аниқ далилларни топмади.
CNN телеканалининг ўз манбаларига таяниб маълум қилишича, разведка хизмати ҳозирча барчани ҳайратга солган ҳужумга Эроннинг алоқадорлиги ҳақидаги далилларни тўплашда давом этмоқда, шу сабабли якуний хулосага келгани йўқ. Манбалар разведка маълумотларининг табиати ҳақида батафсил маълумот бермаган, чунки улар «ўта махфий».
Аммо манбаларнинг таъкидлашича, бу маълумотлар америкалик таҳлилчиларни Эрон ҳукумати ҳужумда бевосита рол ўйнамаган деган хулосага мойил бўлишга ундамоқда. Нашрнинг қайд этишича, Оқ уй аллақачон бу маълумотлар билан танишган.
Журналистлар, шунингдек, АҚШ расмийлари бир неча кун давомида Эроннинг ҳужумга бевосита алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини очиқчасига эълон қилганини эътиборга олишган.
«Биз қўшимча маълумот қидирмоқдамиз», деди Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан ва Эроннинг ҲАМАС аъзоларини қўллаб-қувватлашда кенг рол ўйнагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини қўшимча қилди.
Эрон узоқ йиллар давомида ҲАМАС ташкилотининг асосий хайрихоҳи бўлиб, ҳаракат аъзоларини маблағ, қурол ва бутловчи қисмлар билан таъминлаган, шунингдек, кенг кўламли техник ва мафкуравий ёрдам кўрсатган.
Шу билан бирга, ҲАМАС Эрон режимидан маълум даражада мустақилликни сақлаб қолган. Теҳроннинг Ғазо секторида маслаҳатчилари йўқ ва гуруҳ фаолиятини бошқармайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!