Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Жон Ли 26 октябр куни йиллик сиёсий ҳисоботида 2026 йилгача ҳар бир туғилган фарзанд учун ота-оналарга 2 минг 556 АҚШ доллари миқдорида пул тўланишини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, Ҳонгконгда туғилиш кўрсаткичлари анча пастга тушиб кетган. Аҳоли барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган туғилиш коэффициенти 2,1 нафардан тўғри келса, Ҳонгконгда бу билан боғлиқ рақамлар рекорд даражага тушиб кетган. Масалан, ҳудудда ҳар бир аёлга туғилиш 0,9 нафардан тўғри келмоқда.
Жон Ли уй сотиб олувчилар учун давлат божини 15% дан 7,5% гача камайтириш ҳақидаги бир қатор молиявий чораларни эълон қилган. Бу чоралар ҳар бир фарзанди ва янги чақалоқлар учун йиллик солиқ имтиёзларини оладиган ёш ота-оналарга янаям қулайлик бўлиши кутилмоқда. Бу ёрдамлар ўта сахийлик бўлиб кўринса-да, туғилиш пасайиб бориши билан курашаётган Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги имтиёзлардан фарқ қилади.
Масалан, туғилиш коэффициенти 1,05 бўлган Сингапурда биринчи ва иккинчи фарзанд учун 8 минг 36 АҚШ доллари, учинчи фарзанд учун 9 минг 497 АҚШ доллари миқдорида нафақа берилади. Шунингдек, фарзанд дунёга келгач оталар учун тўрт ҳафталик, ҳомиладор аёллар учун 16 ҳафтагача таътил белгиланган. Қолаверса, ота-оналик учун ҳақ тўланмайдиган таътил ва ишлайдиган оналарга солиқ имтиёзлари берилиши ҳам бор.
Туғилиш коэффициенти 0,78 бўлган Жанубий Корея ҳозирда бола бир ёшга тўлгунга қадар ойига 518 доллар ажратади, келгуси йилда бу кўрсаткич 740 долларга кўтарилиши кутилмоқда.
Японияда туғилиш коэффициенти 1,3. Шу сабаб япон ота-оналар ҳар бир янги туғилган чақалоқ учун икки ёшга тўлгунга қадар ойига 107 доллар миқдорида нафақа олади. Уч ёшдан ўрта мактабгача бўлган ҳар бир бола учун ойига 66,7 доллар берилади.
Бериладиган бир марталик пул ҳеч нарсани қопламайди
CNN билан суҳбатлашган аксарият ота-оналарнинг айтишича, фарзанд кўришга ундашга қаратилган бу каби чоралар Осиёнинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатида турган Ҳонгконг учун етарли бўлмайди. Боиси нархлар ҳақиқатан ҳам юқори.
«Бу ҳатто бир ойлик ипотека, газ ва электр тўловларимизни ҳам қоплай олмайди», – деди иккинчи фарзандини кутаётган ота Кен Лау чора эълон қилинганидан кўп ўтмай.
«Бир марталик тўлов ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ҳаракат иккинчи фарзанд кўриш ҳақидаги фикрни ўзгартирмайди», – дейди бир фарзанднинг онаси Кристи Чан.
Ҳонгконг кўчмас мулк агентлиги Мидланд Реалтй маълумотларига кўра, бу йил шаҳарда 46 квадрат метрлик икки хонали хонадоннинг ўртача ойлик ижараси тахминан 2 минг 253 долларни ташкил этган, бу – ҳукумат бермоқчи бўлган пулнинг 90% дан ортиғи шу ижара тўловига кетади дегани.
Дунё бўйича шаҳарда энг қиммат уйлар жойлашгани (худди шу ўлчамдаги уйнинг нархи 1,3 миллион долларгача бўлиши мумкин), юқори фоиз ставкалари, яшаш нархининг ошиб бораётгани, мисол учун, болалар овқатлари, тагликларининг қимматлиги кўплаб жуфтликларнинг бола кўриш ҳақидаги фикрини ўйлаб кўришга ва ҳатто бу вазиятда оғир ҳолатга тушиб қолишга хизмат қилмоқда. «Ҳисоблашни биладиган инсонлар бу чора иш бермаслигини ҳам билади», – дейди Лау.
Тўлиқ ставкада ишлайдига ва иккинчи марта фарзандли бўлмасликка қарор қилган она Ким Еннинг айтишича, нафақа 2 ёшли ўғлининг тахминан 3 ойлик парваришига кетадиган харажатларни қоплайди, бу харажатлар ўртача 766 долларни ташкил қилади. Унинг қўшимча қилишича, Ҳонгконгда энг яхши боғчаларнинг тўлови икки баравар қимматлашиши ҳам мумкин.
Ҳонконгда болалар боғчасидан то ўрта мактабгача бўлган таълим субсидияланган, аммо боғчадан олдинги бир ёки икки йиллик таълим буни қамраб олмайди.
Ҳонгконг ва Хитойнинг бошқа шаҳарларида янги туғилган чақалоққа қараш, унга овқат тайёрлаш, уй ишларини бажариши учун энага олиши одатий ҳолга айланган, бу вақт давомида туғуруқхонадан чиққан оналар соғлиғини тиклаб олиши мақсад қилинган. 2026 йилгача йиллик бериладиган ёрдам пули ҳатто бу тўловларни ҳам қоплай олмаслиги айтилмоқда.
«Энагани ёллаш 2 минг 556 долларга тушади», – деди Ким Ен.
Болаларни тарбиялаш учун уларга қулай шароит яратилиши талаб қилинмоқда
Ҳонгконг университетида аҳоли саломатлигини ўрганувчи профессор Пол Йип Сиу-Файнинг айтишича, бир марталик пул ёрдами ота-оналарнинг узоқ муддатли молиявий муаммоларини ҳал қилмайди.
«Фарзанд дунёга келганда эътиборга олиниши керак бўлган учта жиҳат бор. Булар – туғилишнинг ўзи, болани катта қилиш ва уни тарбиялашдир», – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, юқоридаги иккинчи иккита босқичда ота-оналарга ёрдам бериш учун Ҳонгконг маъмурияти кўпроқ чора-тадбирларни амалга ошириши лозим. Масалан, ишлайдиган ота-оналар учун офисда мослашувчан сменали ишлаш тартибларини жорий этиш керак.
«Туғилиш фақат ота-онанинг иши бўлиб қолмасин, бу жамиятга тақсимланган масъулиятга ҳам айланиши лозим», – дейди профессор Йип.
Шаҳарнинг аҳолисининг камбағал қатламига хизмат кўрсатувчи жамоат ташкилотлари жамияти директори ўринбосари Сзе Лай-Шаннинг айтишича, кўплаб даромади паст бўлган одамлар иложсизикда қолган. Улар болаларини парвариш қилиш имконияти эга эмас, иш жойидан меҳнат таътили ҳам ололмайди, шунга мувофиқ фарзандларига ғамхўрлик ҳам қилолмайди. Ҳонгконг маъмурияти фарзандли оилалар учун давлат уй-жойидан фойдаланиш тезроқ йўлга қўйилишини ваъда қилган, аммо бу ҳам етарли бўлмаслиги прогноз қилинмоқда.
Ота-оналар ҳукуматни уй-жой имтиёзлари, шунингдек, болалар боғчалари учун кўпроқ субсидиялар беришга ота-она ва туғиш таътилларини ҳам узайтиришга чақиряпти. Оилалар 2,5 минг АҚШ доллари фарзандли бўлишга ундай олмаслигини, болаларни тарбиялаш учун уларга қулай шароит яратилишини талаб қилишмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг