Ноябр ойи аввалида Франция президенти Эммануэл Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида икки давлат стратегик шерик бўлишга келишиб олди ва бу Тошкент ҳамда Париж муносабатлари янги босқичга кўтарилишидан дарак беради. “Геосиёсат”нинг ушбу сонида мазкур ташриф ва унинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими Шаҳноза Қодирова билан суҳбатлашамиз.
— Бугунги кунда Марказий Осиё ва Европа муносабатлари қандай?
— Марказий Осиё ва Европа муносабатлари ўзаро ишонч ва дўстлик устида қурилган ва йилдан йилга ривожланиб боряпти. Дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён тўхтовсиз ўсиб келяпти. Марказий Осиё Европа учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.
ЕИ томонидан 2007 йилда Марказий Осиё стратегияси ишлаб чиқилган, 2019 йилда бу стратегия янгиланди, унинг қамрови, аҳамияти ошди. Айнан стратегия қабул қилингач муносабатлар янада яқинлашди.
Марказий Осиё учун ҳам ЕИ муҳим саналади. Чунки катта иқтисодий, саноат, илғор технологиялар кучига эга. Уларнинг бу йўналишлардаги тажрибаси ва салоҳияти бизнинг минтақа давлатлари учун муҳим саналади. Турли дастурлар, алмашинувлар йилдан йилга кўпайиб боряпти.
Икки минтақа ўртасидаги ҳамкорлик соғлом инвестицион муҳит, рақобатбардош хусусий сектор, инновациялар каби устувор йўналишларга эга. Бундан ташқари, савдо, транспорт соҳаларини деверсификация қилиш мақсади ҳам бор, яъни соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, фақат бир давлатга боғлиқ бўлиб қолмаслик.
2017-2022 йилларда ЕИ ва Марказий Осиё товар айирбошлаши 61 фоизга ошиб, 47,5 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистон билан ҳам 5 йил давомида 1,5 млрдга ошди. Айниқса, 2021 йилда Ўзбекистон ЕИ бош преференциялар тизимига ўтиши билан савдо-иқтисодий алоқалар кучайди. Экспортларимиз кескин ошди. 2023 йилнинг ўтган 9 ойида Францияга экспорт ҳажми 300 млн евродан ошди.
— Ўзбекистон ва Франция алоқаларига тўхталсак. Бу икки давлатнинг ўзаро манфаатлари нималардан иборат?
— Эммануэл Макрон ташрифи икки давлат ҳамкорлигининг ўсиб бораётганини кўрсатади. Охирги марта 1994 йилда Франция президенти Франсуа Миттеран Ўзбекистонга ташриф буюрган эди, шунинг учун ҳам бу ташрифнинг аҳамияти катта. Лекин шу пайтгача ҳам турли соҳа ва доираларда икки давлат муносабатлари ривожланиб келаётган эди. Юқори даражали учрашувлар янада ривожланиш учун туртки бўлди.
ЕИда Франция ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш бўйича 2-ўринда туради. Франциянинг иқтисодиётдаги ютуқлари, тажрибаси муҳим биз учун. Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашгани, стратегик аҳамияти катталиги, фойдали қазилмалари ва ишчи кучи салоҳияти кўплиги учун Франция ҳам катта қизиқиш билдиряпти. Икки томон бир-бирига нима кераклигини яхши билади ва ривожланиш йўлидан боряпти.
Кечаги учрашувда ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилиши белгилаб олинди. Чунки ҳамкорликнинг кўлами кенг ва суръати тез. Стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш муносабатларнинг навбатдаги босқичи дейиш мумкин. Ғарбий Европа давлатлари ичида фақат Италия билан стратегик ҳамкорлик шартномамиз бор.
— Икки давлат раҳбарлари учрашувида 10 га яқин ҳужжат имзоланди. Асосан қайси соҳаларда ҳамкорликка келишилди? Натижалар қандай бўлди?
— Ҳамкорлик янги йўналишларни ҳам қамраб оляпти энди. Хусусан, яшил иқтисодиёт, энергетика, инфратузилмаларни ривожлантириш, ақлли қишлоқ, сувдан фойдаланиш, хомашё қазиб олиш, тоғ-кон саноати. Бу соҳаларда Франция тажрибасидан фойдаланиш мумкин бўлади. Шу пайтгача бу соҳаларда Франция бизнес доирасининг улуши кам эди, энди кўлам кенгаяди.
Давлат раҳбарлари учрашувидан кейин бизнес форум ҳам бўлиб ўтди. Франциянинг йирик компания, банк раҳбарлари учрашиб, икки томон манфаатлари, устувор йўналишлар муҳокама қилиниб, келишиб олинди. Озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги масалаларида ҳам келишувлар бўлди. Бу соҳаларда Франция тажрибаси маҳим, чунки бу соҳаларда Франция бутун дунёда етакчилардан.
Кейинги соҳалар энергетика ва тоғ-кон саноати. Энергетика соҳасида Франция улуши катта, айниқса АЭСларда. Умуман, учрашув доирасида имзоланган ҳужжатлар шу пайтгача амалга оширилаётган ишларни юқори даражага олиб чиқади.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар Франция бозорига чиқяпти, экспорт ҳажми ҳам тез ўсиб боряпти. Франциялик бизнес вакилларининг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда. Ўзбекистондаги йирик Франция компаниялари сони охирги 6 йилда 13 тадан 47 тага ошганини кузатишимиз мумкин. Бундай компаниялар иқтисодиётнинг илғор соҳаларида фаолият олиб боряпти. Бундан ташқари, Франция Тараққиёт агентлиги билан ҳам кўпгина лойиҳалар амалга ошириляпти. Агентлик ва Ўзбекистон ўртасида 2023-2025 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган бўлиб, 1,7 млрд долларлик лойиҳаларни ўз ичига олган.
Эммануэл Макрон таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича сиёсати тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан ташқари юқори иқтисодий суръатларни таъминлаб берган. Расмий Париж доим Ўзбекистон тарафида эканини айтиб ўтди. Бу эътироф ҳам ички ва ташқи сиёсатимиз дунё миқёсида тан олинаётганига яна бир исбот.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг