Демократик жамиятларда сайловчиларнинг у ёки бу масаладаги фикри ўзгариши маълум вақт ўтиб сиёсий қарорларга таъсир қила бошлайди. Хўш, дунёнинг энг катта демократияси бўлмиш АҚШда Исроил ва Украинани қўллаш позициясига нисбатан жамоатчилик қандай муносабатда бўляпти? Kun.uz шу ҳақдаги саволлар билан “Америка овози” муҳаррири Навбаҳор Имамовага юзланди.
— АҚШ жамиятида ҲАМАС-Исроил уруши қандай муҳокама қилиняпти?
— 7 октябрдан кейин АҚШнинг деярли барча йирик шаҳарларида Исроил ва Фаластин тарафдорлари томонидан намойишларни кузатдик. Оқ уй, Конгресс олдида намойишлар кунига бир неча марта бўлаётган эди, ҳозир бироз пасайган. Лекин бошқа бир динамика бўляпти. Яқин Шарқ масаласи доим қўзғалиб турарди, шунинг учун одамлар ўрганиб қолганди, аммо Ғазода қон тўкилиши кўлами кўпайгач, бунга муносабат кескин ўзгарди.
Америкаликлар биз нега Исроилни қўллаяпмиз, деган саволни қўя бошлади. Оммавий сўровномалардан ҳам буни кўриш мумкин. Жамиятда нега Фаластин ҳалигача мустақил бўлмаяпти, қурол-яроғга ажратилаётган пуллар қаерга кетяпти каби саволлар кўп янграяпти.
Америкаликларнинг аксарияти Исроилни қўллаб келган. АҚШ аҳолисининг 2,5 фоизи яҳудий, мусулмонлар эса 1 фоиз. Аммо охирги пайтда Фаластин тарафдорлари жадаллик билан кўпайяпти. Тенденция ўзгаряпти. Исроилни қўллаб келаётганлар ҳам позициясини аниқлаштириб, биз фақат яҳудий давлати тарафдоримиз, босқинчилик тарафдори эмасмиз, деяпти. Яъни Исроил тарафдорлари ҳам ҳозирги ҳукумат қилаётган ишларни қоралаяпти. Ҳатто республикачи сиёсатчилар орасида ҳам шундай қарашлилар бор. Лекин барибир умумий ҳолатда Исроилни қўлловчилар кўп.
Европада Фаластинни қўллаш доим АҚШдагидан юқори бўлган. АҚШда энди мана шу нарса кучаймоқда, намойишчиларнинг аксарияти Фаластинни қўлловчилар томонидан бўлди. Айниқса, 18-34 ёш оралиғидаги америкаликлар ичида Фаластинни қўллаш кучайяпти. Исроил тарафдорлари – асосан республикачи консерваторлар. Демократлардаги ёшлар ичида Исроилга нисбатан ғазаб катта.
Яқин Шарқ масаласида мутлақ иккига бўлиниш йўқ бу ерда, турлича позициялар мавжуд. Ироқ, Афғонистон урушларида ҳам дастлаб ҳукуматни қўллаш кучли бўлган, кейин сусайган. Исроил ва Фаластин можароси жуда узоқ йиллик бўлгани учун бу нарса одатий ҳол бўлиб, чақнаш кўрсатмас эди жамиятда. Бугун эса саволлар кўпаймоқда.
Одамлар Исроилдан воз кечайлик, демаяпти, балки яҳудийларни қўллайлик, Исроилнинг ҳозирги сиёсатини эмас, деяпти. Босим анча юқори, президентлик сайловларида ҳам асосий нуқталардан бири бўлади бу масала.
— Америкаликларнинг Украинадаги урушга нисбатан муносабат-чи?
— Бу масалада ҳам бошида қўллов юқори эди, ҳозир пасайган. Аксарият америкаликлар Украинани қўллаш керак, демократик давлат бўлиши керак, дейишяпти, лекин шартсиз кўмакка қаршилар кўп. Республикачилар, демократлар орасида ҳам бундай фикр бор. Жамиятнинг икки партияга ҳам хайрихоҳ бўлмаган нейтрал қатламида Украинага, Тайванга сарфланаётган пулларни ўзимизга сарфлашимиз керак, дейдиганлар ҳам бор.
Республикачилар Украинадан кўра кўпроқ Исроилга ёрдам бериш ҳақида гапиради, демократлар эса ҳаммага ёрдам бериш керак, деяпти. Юқорида айтилган нейтрал қатлам эса нега биз бу давлатларни қайсидир маънода боқимандага айлантиряпмиз, деган савол қўйяпти. Умуман, Украина масаласида ҳам норозиликлар келиб чиқяпти. Байденнинг охирги иккита таклифи Конгрессда четга сурилди. Байден маъмурияти ташқи ёрдам учун 105 млрд сўраган бўлса, шундан катта қисми Украинага бўлиши назарда тутилди. Вакиллар палатасидаги янги спикер Майк Жонсон биз Украинага ёрдам бермаймиз, деган эди спикерликка сайланаётган пайтда, аммо ҳозир бироз юмшаб, ёрдам берамиз, деяпти, лекин кескин шартлар ҳам қўйилишини айтган. Чунки шартсиз кўмак қоралана бошланган АҚШ жамиятида.
Украинага ҳам, Исроилга ҳам шарт қўйиш, вақт белгилаш кераклигини айтишяпти. Байден халқни ишонтириши мумкин, аммо унинг президентлик муддати кам қолди. Ҳали АҚШ бюджети тасдиқланмади, халқ Конгрессдан норози бунинг учун.
АҚШда сайловларда кўпроқ иқтисодиётга эътибор қаратишади. Шу маънода ташқи сиёсатда ишлатилаётган пуллари ҳам муҳим саналади. Дейлик, Украинага берилаётган 67 млрд доллар, бу маблағ АҚШ учун жуда катта эмас, аммо оддий америкалик учун катта маблағ бу, шунинг учун ҳам бунга қарши улар. Олдин бизнинг талаблар қондирилсин, деяпти улар.
— Келаси йил – сайловлар. Сўровномаларга кўра, Байден маъмуриятининг рейтинги қандай?
— Турли ОАВлар, тадқиқот марказлари томонидан одамлар фикри деярли ҳар ҳафта ўрганилади. Сўровномалардаги динамика ташқи ва ички сиёсатдаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлади. Президентнинг биринчи муддати охирига бориб рейтинглари паст бўлиши АҚШда доим кузатилади. Бошида сайланган пайтда рейтинг юқори бўлади, 50-55 фоизгача чиқади, масалан, Обама даврида шундай эди. Бир неча ойдан бери Байден рейтинги максимум 40 фоизга чиқяпти.
Байден иккинчи муддатга сайланмоқчи, одатга кўра партия бунга йўл беради. Республикачилардан эса Трамп қайта сайланишни кўзлаяпти. Унинг ўзига ишончи жуда юқори, бошқа рақобатчилари билан дебатларда қатнашмаяпти ҳам, чунки рейтинги баландроқ улардан. Байденга нисбатан муносабатда ташқи сиёсат омили анча муҳимлашган ҳозир, чунки Яқин Шарқда Исроилга ёрдам бериши, Украина масаласи, Хитой билан алоқалар каби омиллар бор.
— Исроилга Байдендан кўра Трамп ҳукумати яқинроқ эди, шундай эмасми?
— Солиштирмаган бўлардим бу иккисини. Чунки Трамп даврида Яқин Шарқда ҳозиргидай ҳарбий ҳаракатлар бўлгани йўқ. Ғазодаги уруш шу қадар кенг кўламдаки, яқин ўтмишда қиёслайдиган вазият йўқ бунга. Трамп даврида ҳам Яқин Шарқда вазиятлар бўлди, аммо улар уруш даражасида эмасди.
АҚШ ҳукумати доим Исроилни қўллаб келган. Бунга республикачилар кўпроқ хайрихоҳлик билдиради. Яъни улар Яқин Шарқда мана шундай демократик давлат бўлиши керак, дейишади. Ана эндиги вазиятда америкаликлар мана шу шартсиз кўмакни сўроқ остига олишяпти.
Байден ҳукумати ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида эътироф этиб, Исроил уни йўқ қилишидан манфаатдормиз, деган позицияда. Жараёнлар қандай бўлади – кўп нарса шунга боғлиқ. Уруш тўхтайдиган бўлса, бу аргументни ҳам қўллайди сайловда. Лекин вазият мураккаблашиб, қурбонлар кўпайиб кетса, муносабат салбийлашади. Шунинг учун Байден маъмурияти тинчлик ўрнатилиши, Ғазода Фаластин маъмурияти ҳукмронлик қилишини исташини билдиряпти. Фаластинга халқаро ёрдамни ошириб, ҳукуматини қўллашни айтяпти. Аммо Исроил бунга қарши, бу эса Байден учун катта бошоғриқ бўлади.
Агар Оқ уйга қулоқ соладиган бўлсак, улар иккита алоҳида давлат тузиш ҳаракатидамиз, дейди. Лекин бошқа бир нарса бор, икки қўшни давлат тинч яшаши учун, буни уларнинг ўзи исташи керак дейишади. Ҳали фаластинликлар номидан ким гапириши ҳам унчалик маълум эмас. Олдин мана шундай муаммолар ҳал қилиниши керак. Аммо сўнгги пайтда Оқ уйда бу борада салмоқли ишлар қилишга ҳаракат бўляпти, чунки Байденнинг қайта сайланиши учун бу муҳим.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг