date

"Реал Мадрид"нинг биринчи дуранги: "Райо Вальекано" тўхтатди

"Реал Мадрид"нинг биринчи дуранги: "Райо Вальекано" тўхтатди
Испания чемпионатининг 12-турида Мадриднинг "Реал" жамоаси сафарда "Райо Валйекано" билан ўйинда нурсиз дуранг қайд этди. Хаби Алонсо бошчилигидаги "Реал" "Кампо де Вальекас" стадионида кетма-кет бешинчи ғалабани қўлга киритиш ниятида эди, аммо мезбон жамоа бунга йўл қўймади.

Ўтган ҳафтада иккила жамоа ҳам Еврокубокларда ўйнаган: "Реал" Чемпионлар Лигаси доирасида "Ливерпул"га мағлуб бўлган бўлса, "Райо Вальекано" Конференциялар Лигаси доирасида Полшанинг "Лех" жамоасини бир тўп фарқи билан мағлуб этди. "Райо Вальекано" кўплаб кучли жамоалар учун мураккаб рақиб бўлиб келган.

Бу сафар ҳам "Реал" учун ўйинда устунликни қўлга киритиш осон кечмади. Винисиус Жуниор чап қанотда фаол бўлиб, ҳужумларни уюштирди, бироқ ҳимояда ҳам ўз вазифасини бажаришга уринди.

20-дақиқада "Райо" футболчиси Андрей Рациу кескин пасни қабул қилиб, жарима майдонига кириб борди ва дарвозага зарба берди, аммо Тибо Куртуа бу зарбани қайтаришга муваффақ бўлди. "Реал" ҳам ўз имкониятларини яратди.

Килиан Мбаппе қанотдан узатма берди, Беллингем бош билан курашди, Винисиус эса тўпни эгаллаб зарба берди, лекин мезбон дарвозабони Августо Баталья тўпни бурчакка чиқариб юбoрди. Кейинчалик Браҳим Диаснинг узатмасидан Рауль Асенсио бош билан зарба берди, аммо дарвозани аниқ нишонга ололмади.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин кўпроқ тенг курашларда ўтди. "Райо Вальекано" футболчилари ҳимояда мустаҳкам туришди ва қарши ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилишди.

90-дақиқада мезбонлар ғалабани илиб кетишлари мумкин эди, аммо Оскар Валентиннинг зарбаси аниқ бўлмади. Натижада, "Реал Мадрид" ушбу мавсумда илк бор дуранг ўйнади ва жамоа 12 ўйиндан кейин 31 очкога эга бўлди.

Райо Валекано — Реал 0:0
9 ноябр, «Кампо де Валекас»
Райо Валекано — Баталя, Рациу, Лежен, Менди, Чаваррия, Сисс, Лопес (Гумбау, 83), Палазон (Перес, 71), Диас (Пача, 27), Гарсия (Алемао, 83), де Фрутос (Валентин, 71).
Реал — Куртуа, Валверде (Трент, 84), Асенсио, Ҳейсен (Милитао, 46), Каррерас, Камавинга (Родриго, 79), Гулер, Диас (Себалос, 71), Беллингҳем, Винисиус, Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Рациу (15), Гарсия (33), Ҳейсен (36), Диас (44), де Фрутос (45+3).

Агар "Барселона" навбатдаги ўйинда "Сельта"ни мағлуб этса, "Реал"дан фақат уч очко орқада бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » "Реал Мадрид"нинг биринчи дуранги: "Райо Вальекано" тўхтатди