Эмомали Раҳмоннинг таъкидлашича, ҳар йили тожикистонлик мигрантларнинг юзлаб жасади ватанга келтирилади.
«Мен хориждаги мигрантларнинг турмуш шароитини яхши биламан. Бизда уят борми? Нафақат эркаклар, минглаб тожикистонлик аёллар ҳам миграцияда. Бизда шараф борми? Ҳар йили юздан ортиқ тожикистонлик мигрантнинг жасади ватанга келтирилмоқда. Улар фарзандлари учун, рўзғор тебратиш учун мамлакат ташқарисига чиққан. Чунки биз, юқоридан пастгача бўлган раҳбарият фақат ўзимизни ўйлаймиз!», деди Тожикистон президенти.
Россия миграция идоралари маълумотига кўра, мамлакатда 3 миллионга яқин тожик мигранти меҳнат қилади. Аниқ рақамларни келтириш қийин, чунки мигрантларнинг ҳаммаси ҳам тегишли тарзда рўйхатдан ўтмайди. Тожик мигрантларининг асосий қисми қурилиш, коммунал хўжалик, савдо ва хизмт кўрсатиш соҳасида ишлайди.
Статистик маълумотларга кўра, Тожикистон собиқ совет республикалари орасида иш ҳақи бўйича охирги ўринда туради. 2023 йил сентябр ойида мамлакатда ўртача иш ҳақи 190 долларга тенг бўлган. Таққослаш учун, жорий йилнинг иккинчи ярми бошида Қозоғистонда ўртача иш ҳақи 807 доллар, Ўзбекистонда 358 доллар, Қирғизистонда 352 долларни ташкил қилган.
Бундан ташқари, Тожикистон дунёда аҳоли сони ўсиш суръати юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Статистик маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2022 йил бошигача ўртача йиллик ўсиш 2,7 фоизни ташкил этган бўлса, бутун сайёра аҳолиси ўртача 1,5 фоизга ошган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг