11:10 / 28.03.2024
157

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода оташкесимни талаб қилди. Бу нимани англатади?

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода оташкесимни талаб қилди. Бу нимани англатади?
Ғазодаги урушнинг 6-ойига келиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши ўт очишни тўхтатиш ҳақида резолюция қабул қилишга эришди. АҚШнинг бунга вето қўймаганига жавобан Исроил делегациясининг Вашингтонга сафари бекор қилинди. Kun.uz мавзу атрофидаги саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.

— АҚШнинг вето қўймагани Исроил билан муносабатларда қандай ўзгаришларни кўрсатади?

— Бу нарса АҚШ ва Исроил ўртасида бўлинишни англатмайди. Бу икки давлат муносабатлари Исроил тузилганидан бери стратегик даражада.

БМТ Хавфсизлик кенгашида бир неча ой давомида ким таклиф қилган резолюция тасдиқланиши масаласи турди, Россия ва Хитой, АҚШнинг ўзи ҳам резолюциялар тақдим этди. Аввалги резолюцияларнинг қайсидир бандлари кимгадир тўғри келмади. Бундан олдинги резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйган бўлса, ундан олдинги резолюцияга АҚШ вето қўйганди. Кўпроқ гаровдагиларни озод қилиш, чекиниш масалаларида фикрлар кесишмаётганди.

Навбатдаги резолюция кенгашнинг вақтинчалик аъзолари томонидан таклиф этилди ва АҚШ ички ва ташқи босим сабабли вето қўймади, лекин ҳужжатнинг ўзига керакли вариантига эришди. Резолюциянинг ўзгартирилмаган вариантида оташкесим доимий бўлиши кераклиги назарда тутилганди, лекин якунда “доимий” сўзи чиқариб ташланди. Яъни урушни бутунлай тўхтатиш, кейинги босқичга ўтиш масалалари йўқ бунда.

— Нетаняҳу ҳукумати бу резолюцияга амал қиладими? Агарда Исроил ўқ отишни тўхтатмаса, қандай чоралар кўрилади?

— Хавфсизлик кенгашининг қарорлари мажбурий дейилади, лекин бажармаса ҳам, халқаро ҳуқуқ бўйича ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Резолюция бажарилмагани сабаб турли санкциялар қўлланиши мумкин, лекин Исроил бундан қўрқаётгани йўқ. 60-йиллардаги 6 кунлик урушда ҳам шундай резолюция бўлган, амал қилинавермагач, ўша пайтда икки қутб бўлган СССР ва АҚШ тийиб туриш механизми доирасида Исроил Синай яриморолидан чиқиб кетишга мажбур қилинган. Бугун бундай тийиб туриш механизми йўқ. Россиянинг ўз муаммолари бор, Хитой бундай масалаларда кескинлашмайди, эҳтиёткор. Ҳали ҳам бир қутбли дунё қоидаларида яшаяпмиз.

БМТда ижро эттириш механизми деярли йўқ. Охирги 30-40 йил ичида БМТ резолюцияларини бажариш даражаси жуда паст, қуйи ва ўрта даражадаги давлатлар бажаради, лекин кучли давлатлар бажармайди. Шу маънода Нетаняҳу ҳукумати ҳам ҳужумни давом эттираверади. Резолюция қабул қилингандан кейин ҳам Исроил ҳукумати аъзоси Рафаҳда ҳарбий операциялар давом этишини айтди.

Резолюцияга амал қилмаса, Исроилга эмас, минтақага нима бўлади, деган шаклда қўйган бўлардим саволни. Агар Исроил ҳаракатларини давом эттирса, минтақада умуман бошқача вазият юзага келади. Негаки, бугун Исроил ҳаракатлари сабаб минтақада давлатлар бирлиги йўқолди, турли қўштирноқ ичидаги “мусулмонлар ҳимоячилари” пайдо бўлди. Бундай “ҳимоячилар” фаластинликларни ҳимоя қилиш баҳонасида ўзларининг сиёсий, ҳарбий мақсадларини амалга оширишга уриняпти.

Бундай гуруҳ, ташкилотлар тўғри иш қиляпти, деган қараш ҳам шаклланиб қоляпти одамларда, жамият ичида радикаллашув, нотўғри хулосалар шаклланишига сабаб бўляпти. Исроилнинг бу ҳаракатлари давом этар экан, бундай гуруҳ, ташкилотларнинг обрўси ошиб боради, гўёки улар мусулмонларни ҳимоя қилаётгандек. Ваҳоланки, улар азалдан террористик ташкилот бўлган, қурол-яроғ, наркотик билан шуғулланган, бугун ҳам шундай қилиб келяпти, фақат фаолиятини ниқоблаяпти вазиятдан фойдаланиб.

Бу тенденция давом этаверса, Яқин Шарқдан ташқари, Афғонистон, Покистон, Шимолий Африка ҳудудларида уларнинг тарафдорлари кўпаяди. Исроил ҳам исташаётгандир балки, яъни минтақада беқарорлик, терроризм, экстремизм кучайишини хоҳлаётган бўлиши мумкин. Гўёки радикал экстремистик ташкилотга қарши курашяпти, лекин бунинг фонида бошқа бундай ҳаракатлар кучайиб боряпти. Мана шундай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин Исроил ҳаракатлари, янги-янги ўчоқлар ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли бор, бундай вазиятда тарафдорлар, молиялаштирувчилар ҳам чиқади, умуман, кенг ёйилиб кетади.

— Резолюция қабул қилингач, Нетаняҳу АҚШга бориши керак бўлган делегацияни юбормаслигини айтди. Бу АҚШ ва Исроил ўртасида муносабатлар совуқлашаётганидан дарак беради, дейиш мумкинми?

— Исроил ҳукумати АҚШнинг баъзи талабларини бажармаяпти. Бу нарса сайлов яқинлиги фонида АҚШ ҳукуматининг ички обрўсизланишига ва глобал майдонда АҚШ феноменидаги демократиянинг обрўсизланишига олиб келяпти. АҚШ буларни хоҳламагани учун Исроилга босим ўтказяпти баъзи нуқталарда, лекин бу стратегик босим эмас. Нетаняҳу ҳукумати эса бошида рухсат бердинглар, энди биз охиригача борамиз, деяпти АҚШга. Шу ўртада ҳукуматлар ўртасида зиддиятлар бор, лекин барибир улар стратегик иттифоқдош.

— Резолюцияда шунингдек барча гаровга олинганларни сўзсиз озод этиш талаби ҳам бор.

— Айнан мана шу банд сабаб ҳам Исроил ўт очишни тўхтатиб туриши мумкин, чунки ички босим ҳам бор бу борада. Лекин ҲАМАС учун бу асирлар гарант ҳам бўлиб турибди. Айни мана шу банд резолюциянинг амалга ошиш ёки ошмаслигини белгилаб беради. ҲАМАС асирларни озод қилса, маълум муддат ўт очиш тўхтайди, лекин барибир икки томон ҳам чекиниш ёки бутунлай тўхтатиш ҳақида ўйламаса керак. Ҳозир энг ёмони ва энг асосий масала – Рафаҳдаги аҳолининг ҳуманитар инқирозга келиб қолгани.

— Бу резолюция Исроилнинг халқаро ҳуқуқни менсимаслиги, АҚШнинг эса уни қўллаб келаётгани тенденциясида потенциал янги бир сиёсий босқич эмасми?

— Юқорида мен резолюциянинг кучи нуқтаи назаридан фикрлар билдирдим, яъни бу кучга киради, кўп нарсани ўзгартиради деб қарамаслик керак. Чунки халқаро суд қарорлари амалга ошмаяпти, бошқа резолюциялар ҳам.

Умуман олганда эса, тўғри, жараён янги босқичга чиқиб боряпти. Ҳозирги ҳолат Исроил бутун дунё ҳамжамияти олдида яккаланиб қолганини кўрсатяпти, ҳатто ҳамкорлари ҳам узоқлашяпти. Лекин ҳал қилувчи омил бу АҚШнинг позицияси бўлади. Дейлик, АҚШ бугун Исроилни қўллашни тўхтатса, Исроил бутунлай ўзи қолади. Дунё ҳамжамияти аллақачон Исроил бўйича қарор қабул қилиб бўлган. Европа давлатлари ҳам ўртада АҚШ бўлгани учунгина Исроил билан узилмай турибди. АҚШ ўйиндан чиқса, Исроил оғир вазиятга тушиб қолади. Кейин, минтақа давлатлари қандай ҳаракат қилади, интеграция бўла оладими, деган савол ҳам пайдо бўлади.

Яқин Шарқ масаласи бутун дунёни иккига бўлиб қўйди. Бундай резолюциялар натижа бермаётгандир, лекин дунёда янги сиёсий институт шаклланиши кераклигини кўрсатяпти. Бу кетиш бўлса, БМТ бутунлай янгиланади ёки алтернатив минтақавий сиёсий институтлар шаклланади. Шу жараёнлар бошланишида турибмиз. Бу бошланиш Ғазодаги ҳуманитар инқироз якуни билан боғлиқ бўлади. Дунё ҳамжамияти куч топиб, Исроилга босим қилиб, ҳеч бўлмаганда, ҳуманитар ёрдамлар учун йўл очишга эришади, деб ўйлайман. Урушсиз ҳам бу ерда очлик, касалликдан азият чекаётганлар кўп эди. Гутерриш бошчилигидаги БМТ ҳуманитар инқирозни юмшатишга ҳаракат қиляпти, лекин унга жуда кўп куч ва сиёсий воситалар керак.

— Резолюция амалга оширилмаса, дейлик, араб давлатлари, Туркия ҳеч нарса қилмайдими?

— Туркия – НАТО аъзоси, АҚШнинг стратегик ҳамкори. Шунинг учун ҳам қанчалик истамасин, амалга ўтишда бир қанча тўсиқлар бор. Бундан ташқари, Туркияга қарши воситалар бор, масалан, курдлар омили, араб баҳори даврида Исроил курдларни қуроллантирганди. Бу нарса такрорланишини яхши билади Туркия, шунинг учун миллий манфаатлари нуқтаи назаридан бирор амалий ҳаракат қилиши қийин. Бошқа давлатлар билан ҳам шундай ҳолат, қарши воситалар бор, бу воситалар узоқ вақт давомида шакллантириб келинган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода оташкесимни талаб қилди. Бу нимани англатади?