00:27 / 21.04.2024
297

“Ҳозир айни пайти” — таҳлилчилар Марказий Осиёда интеграцияни бошлаш зарурати ҳақида

“Ҳозир айни пайти” — таҳлилчилар Марказий Осиёда интеграцияни бошлаш зарурати ҳақида
Марказий Осиёда умумий хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи интеграция жараёнларини бошлаш учун тарихий масъулият – минтақа марказидаги Ўзбекистоннинг зиммасида, дейди сиёсий таҳлилчилар. Хўш, 90-йилларда бошланиб тўхтаб қолган жараёнга ҳозир нима тўсқинлик қиляпти?

Марказий Осиёдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий интеграция жараёнлари ва истиқболлари қай ҳолатда экани ҳақида Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул, Ойбек Сирожов ва Камолиддин Раббимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Марказий Осиёда интеграция билан боғлиқ ҳозирги вазият қай ҳолатда?

Шуҳрат Расул
: — Постсовет ҳудудида Болтиқбўйи давлатлари Европа интеграциясига қўшилди, Кавказорти давлатлари ҳам ўз йўлини топди ёки изланишда. Марказий Осиё учун эса Россия томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқи, Хитой томонидан Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти таклиф этиляпти. Учинчи вариант эса Марказий Осиё давлатларининг ўзининг бирлашуви.

Булар ичида энг заифи – ЕОИИ,бунки бу империячилик лойиҳаси. Россия хаспўшлаб чиройли кўрсатмоқчи бўлди, лекин охирги вақтларда ҳақиқий юзи кўриниб қоляпти. 2017 йилда Нурсултон Назарбоев бу лойиҳани чуқурлаштириш, хусусан ягона пул бирлиги ва ягона институтлар жорий этишга деганди. Айнан ўша йили президентимиз Шавкат Мирзиёев МО бўйича маслаҳат форматини очганди. Ҳозирга қадар жами 5 та маслаҳатлашув учрашувлари бўлиб ўтди.

Ойбек Сирожов: — Ўзи МОда интеграция борми, деган масалани қўйиш керак олдин. Менимча, МОда интеграция йўқ, интеграциядан олдинги жараёнлар бор, яъни кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши босқичидамиз.

Минтақавий интеграциянинг муҳим мезони – манфаатлар тенглиги, кучлар мувозанати, ўзаро ишонч масаласи устуворлик касб этиши. Юқорида айтилган лойиҳалардан бирида Россия манфаати, бирида Хитой манфаати устувор ва булар МО интеграцияси учун платформа бўлолмайди.

Ҳозирда МО маслаҳатлашув учрашувлари – бугун минтақа давлатларини бирлаштирган ягона сиёсий формат. МО интеграциясига интилиш 90-йилларда бошланганди, Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамжамияти, Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти кабилар бўлганди. Буларнинг ҳаммаси Россия аралашуви билан интеграцион аҳамиятини йўқотиб боряпти.

Кўпчилик экспертлар МО интеграциясига тўсиқлардан бири минтақада “катта оға” вужудга келишидан хавотир омили дейди. Шу муаммоларни ҳал этишда МО маслаҳатлашув кенгаши идеал институт бўлолади.

— Бўлиб ўтган 5 та маслаҳатлашув кенгаши етарли эмасми?

Ойбек Сирожов
: — Албатта, бу кенгаш энди янги даражага чиқиши керак. Масалан, ЕИ интеграциясини мисол қилиб олсак, давлатлар устидан юқори турувчи минтақавий ташкилот бўлиши ва у маълум ваколатларга эга бўлиши керак. Миллий ҳукуматлар минтақавий ташкилотга маълум ваколатларни бериши керак бўлади.

МО маслаҳатлашув кенгаши ўз миссиясини бажариб келяпти, лекин уни такомиллаштириш учун турли ёндашувларни ўйлаш керак бўлади.

Камолиддин Раббимов: — Бир қанча нуқталар бор. Ҳар қандай интеграция маълум бир даражада ўз суверенитетидан воз кечиб, маълум қадриятлар асосида бирлашувни англатади. Бугунги кунда МО атрофидаги, ичидаги геосиёсий контекст шундайки, интеграция борасида эҳтиёткорлик кучли. Давлат коридорларидаги мулозимлар айтадики, биз интеграция учун ташкилот тузсак, шу заҳоти Россия томонидан қўшилиш аризаси тушади ва эътироз билдириш қийин бўлади, дейишади.

Интеграциянинг биринчиси қадриятлар бўлади: нима учун бирлашиш керак, ички муаммолар нима, ташқи таҳдидлар қандай, деган масала. Масалан, ЕИ бирлашувида ичкаридаги миллатчилик, қудратли давлатлар рақобати, фашизм ва ташқи дунёдаги тоталитар босим асосий омиллар бўлган. МО давлатлари интеграция заруратини яхши англайди, яъни биз бирлашишимиз керак, лекин айни пайтда иқтисодий, миллатчилик, баъзан давлатлараро носоғлом рақобат каби муаммолар бор.

Интеграциянинг асосий зарурати – ташқи таҳдид омили. 100 дан 70 фоиз ташқи таҳдид омили, дейиш мумкин. Агар бирлашмасак, қудратли давлатлар бизни ютиб юборади, мустақиллигимизни йўқотамиз, деган тафаккур жамиятларда, ҳокимиятларда бор.

Лекин геосиёсий мустақиллик даражаси республикаларда фарқ қилади. Масалан, Қирғизистон ташқи таҳдидни Қозоғистон ёки Ўзбекистондаги даражада англамайди, хавотир олмайди. Расмий Бишкек учун Россия яхши йўналиш бўлиши мумкин, Хитой ҳам. Лекин расмий Тошкент ва Остонадаги тафаккур бошқачароқ.

Бугунги кунда Марказий Осиёда интеграция йўқ. Тўғри, давлатлар ўртасида яқинлашув бўлди. 2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият ўзгаргач, муносабатлар яхшилана бошлади. Унгача, айниқса, 2010 йилларда МО иккига бўлинганди: бир томон геосиёсий жиҳатдан Россия тарафдори, бир тараф Ғарб тарафдори эди. Бугун минтақада геосиёсий зиддият йўқ, лекин интеграцион жараён ҳам деярли кўзга ташланмаяпти.

— Нега ҳозиргача жиддий натижаларга эришолмадик? Ваҳоланки, мустақилликни дастлабки йилларидан бу борада саъй-ҳаракатлар бошланган эди. МО интеграциясига тўсқинлик қилувчи қандай омиллар бор?

Шуҳрат Расул
: — Юқорида Россия интеграцион платформага қўшилиб олади, дейилди. Тарихда шундай бўлган ҳам. Биринчи Марказий Осиё Иқтисодий Ҳамжамияти Россиясиз, институционал шаклланган эди. Лекин 90-йиллар охирида бу янги ташкилотга қўшилиб кетди, чунки Россия кириб олган эди. Келажакда ҳам шундай хавф бўлиши мумкин.

Маданий бирликдан ташқари, иқтисодий интеграция ҳам бўлиши, давлатлар бир-бирига иқтисодий боғланиши керак. Масалан, Ўзбекистон гўшт, сут маҳсулотларини Европадан, ҳатто Бразилиядан олади. Лекин шу нарсалар Қозоғистон, Қирғизистондан чиқса, улар ҳам биздан кучли бўлган соҳамиз бўйича маҳсулот олса, кейин сиёсий интеграция ҳақида гапирса бўлади.

Муаммо нимада? Муаммо шундаки, маълум соҳаларда биздан кучлироқ технологияларга эга қўшнимиз йўқ. Қирғизистон, Қозоғистонда гўшт кўп бўлиши мумкин, лекин меҳнат унумдорлиги паст бу соҳада. Масалан, битта Нидерландия сигири қанча сут беради-ю, Қирғизистон сигири қанча сут беради.

Бир-бирига иқтисодий боғланиб, заруратлар пайдо бўлса, ўртада товар айланиш кучайса, шу мақсадга боради. Қозоғистоннинг савдо шериклари ичида Ўзбекистон бор-йўғи 5-ўринда, чунки биз қозоқларга биздан тепада турган 4 та давлат таклиф қиладиган нарсаларни таклиф қилолмаймиз. Қирғизистон, Тожикистон билан ҳам шундай. Албатта, 15 йил олдинги ҳолат билан солиштирса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 2,5 баробар, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо айланмаси эса 10 баробар, Қирғизистон билан эса 7-8 баробар ошди. Жараён бошланди, Ўзбекистон очилди. Биринчи маъмурият бу жараёнларга маълум бир тўсиқлар қўйганди. Шу сабаб Тожикистон, Қирғизистон билан савдо айланмамиз деярли нол даражада эди. Аввал иқтисодий муносабатлар яхшиланса, кенг интеграцияга зарурат пайдо бўлади.

Ойбек Сирожов: — Давлатлар мустақил бўлгач, 90-йилларда асосий муаммоси шу бугунги кунини ўтказиш бўлган. Интеграция эса келажак учун бўлади. Иқтисодий муаммоси бор давлатда интеграция учун маблағ ажратиш ҳам анча мураккаб бўлади. Иккинчи томондан ташқи кучлар таъсири катта рол ўйнаган: мустақилликнинг дастлабки йилларида кўп ишлар қилинган интеграция бўйича, лекин Россия таъсирида сўнган бу.

Учинчи муаммо эса Марказий Осиё интеграциясига нима асос бўлиши бўйича аниқ тўхтамга келинмаган. 90-йиллардан буён интеграциясига сабаб маданий, тарихий бирлик экани айтилади. Лекин ундан кейин-чи? Бунинг ўзи камлик қилади, бу интеграциядан давлат, халқ манфаатдор бўлиши керак, шуни англаши керак, шу сабаб иқтисодий асос катта рол ўйнайди. ЕИда биринчи пўлат-кўмир уюшмаси ташкил қилинган эди ва бу интеграцион жараён учун асослардан бири бўлди, яъни иқтисодиёт ва сиёсат уйғунлаштириб борилган.

Яна бир иқтисодий сабаб бор. МО давлатлари асосан хомашё етиштиради. Бу эса интеграцияга эмас, кўпроқ рақобатга ишлайди. Агар ишлаб чиқариш ривожланган бўлса, бу интеграция учун асос бўлади.

Ўз вақтида давлат раҳбарларининг сиёсий амбициялари ҳам муҳим рол ўйнаган. Чегаралар миналаштирилган, масалан. Бу нарсадан ташқи кучлар фойдаланган. Улар муаммони ўзимизнинг ичимиздан чиқариб, ўзлари ҳакамлик қила бошлади, лекин муаммони ҳал қилмайди, чунки бундан манфаатдор эмас.

— АҚШ, Россия ва Хитой каби давлатларнинг ўзаро рақобати МО интеграцияга қандай таъсир қиляпти?

Камолиддин Раббимов
: — Совуқ урушдан кейин дунёда кўп қутблилик учун кураш кетяпти. Яқин Шарқдаги, Украинадаги уруш ҳам шунга мисол ва бу тенденция кучаяверади. Шу фонда дунёдаги қудратли давлатларнинг МО интеграцияси бўйича позицияси ҳар хил бўлади. Масалан, АҚШ ва ЕИ МОни алоҳида субъект сифатида кўради, бу ижобий ҳолат, чунки коллектив ғарб МОнинг Хитой томонидан иқтисодий, Россия томонидан геосиёсий ютилишини истамайди. Бундай таҳдид, муаммо потенциали юқори. Чунки Россия совет иттифоқи қулашини 20-аср фожиаси деб билади. Хитой манфаати эса Шарқий Туркистон масаласига тегинилмаслиги. Хитой тўғридан тўғри босиб олишни режа қилмаслиги мумкин, лекин ўзи учун қулай қутб яратишга интилади.

МО борасида турфа қараш, зиддиятли манфаатлар бўлиши табиий. Асосий масала минтақа давлатларининг ўзига тақалади. Биз ўзимизда потенциал яратиб, ташқи кучлар таъсирини сўндиролсак, маррани олган бўламиз.

Марказий Осиё – географик жиҳатдан постсовет ҳудудидаги энг катта минтақа. Ҳозирда Украина ва Кавказ Россия таъсиридан чиққан, Болтиқбўйи буткул Европага тортилган, Беларус эса кичик ҳудуд. Шу тариқа, постсовет маконида Россияга қарши бўлмаган, нормал муносабатлар сақлаб турган энг катта ҳудуд – Марказий Осиё. 2016 йилдан бери МО кўп векторли геосиёсат олиб боряпти, ягона геосиёсий йўналиш танламаган. Бир томондан уникал ҳолат, лекин бошқа томондан минтақа мураккаб аҳволда эканини ҳам кўрсатади. Эртами-кечми танлов қилиш ёки стратегия танлаш керак бўлади. Ҳалига қадар минтақанинг Хитой, Россия, АҚШ геосиёсати бўйича стратегияси йўқ.

Шуҳрат Расул: — Учта интеграцион лойиҳа ҳақида гапирдик, биттаси империя лойиҳаси. Бу лойиҳа давлатчиликни йўқотишни назарда тутади. Яқинда Медведев ҳам Россиянинг иккита чегараси бор, бири расмий, бири тарихий-стратегик деб очиқча айтди. Путиннинг совет иттифоқи қулашини 20-аср фожиаси дейиши билан эгизак фикр бу ҳам.

АҚШ эса Модаги интеграция жараёнига бош бўлолмайди, географик томонни ҳам ҳисобга олиш керак. Хитойнинг ҳам МОга ўз қарашлари бор, Шарқий Туркистон омили сабаб туркий халқлар яшовчи МО Хитой учун муҳим, яъни ҳудудий яхлитлиги масаласи. Хитойнинг интеграцион лойиҳаси – “Бир макон – бир йўл”, яъни Буюк ипак йўлини тиклаш, бу орқали Хитой денгиз йўлидан кўра арзонроқ контенинтал йўлни очмоқчи.

Ойбек Сирожов: — МО интеграциясидан Россия манфаатдор эмас, худди шундай Хитой ҳам манфаатдор эмас. Агар “Бир макон – бир йўл”да интеграция устувор бўлганида Қозоғистон учун алоҳида, Туркманистон учун алоҳида йўл қилишга ҳожат йўқ эди.

Хитойнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлигида асосан икки томонлама ҳамкорликка урғу беряпти. Фақат 2023 йилдагина C5+1 формати бўлди, бу эса катта эҳтимол билан АҚШ ва ЕИдан намуна олган ҳолда бўляпти. У ерда кўрилган масалалар ҳам минтақа интеграцияси учун катта рол ўйнайдиган нарсалар эмас.

Минтақамиз интеграциясидан манфаатдор томон – АҚШ. Яъни мавжуд кучларни интеграция орқали тийиб туриш манфаатларига тўғри келади. Лекин бунда ҳам муаммо бор. 90-йиллар охирида Афғонистонда муаммо бўлгач, Катта Марказий Осиё лойиҳаси илгари сурилиб, Марказий Осиёнинг имкониятлари орқали Афғонистон муаммосини ҳал қилиш таклиф этилган. Лекин лойиҳани амалга оширишда ким молиялаштириши бўйича жиддий қадамлар бўлмади. Демак, Марказий Осиёда интеграцияни амалга ошириш учун асосий ташаббускор ўзимиз бўлишимиз керак.

ЕИ позицияси ҳам АҚШ позициясига яқин. Дунёда тартиботни ўзгартириш учун жиддий қадамлар ташланяпти. Бу фонда маълум минтақаларга инвестиция киритиш масаласи мураккаблашади, шу сабаб ўзимиз бор имкониятларни ишга солиб ҳаракат қилишимиз керак.

Энг муҳими, ишни нимадан бошлаш керак, деган масала. Бизда МО ҳамкорлигини, интеграциясини ривожлантириш бўйича стратегия йўқ. Бу стратегия билан миллий стратегиялар уйғунлашиши керак бўлади. Ишни шундан бошлаш керак деб ўйлайман.

— Марказий Осиё интеграцияси асоси нима бўлиши мумкин? Транспорт коммуникация тизимими, хизмат кўрсатиш ёки энергетика ресурсларими?

Камолиддин Раббимов
: — Миллий давлатларнинг тарихий эволюцияси бор. Бу нуқтаи назардан биз жуда ижобий ҳолатдамиз, 5 та республиканинг ҳам илдизи битта. Марказий Осиё бирлашуви учун тарихий ва ўзлик билан боғлиқ платформаси жуда мустаҳкам. 5 та республикадаги аҳоли битта динга эътиқод қилади, битта мазҳабда, бу ҳам катта рол ўйнайди.

Қолганлари иқтисодиёт, ягона ахборот ҳудуди. Асосийси – сиёсий ирода ва интилишлар бўлиши. Миллий давлатчилик билан боғлиқ миллатчилик кайфиятини пасайтириш керак, бунинг учун ҳокимиятлар, жамиятлар маълум қадамлар ташлаши лозим.

МОда ҳалигача ягона ахборот ҳудуди, ягона телеканаллар йўқ. Европада ҳам француз, ҳам немис, италян каби тилларда кўрсатувлар олиб бориладиган каналлар бор. Шу каби лойиҳа Марказий Осиёда йўқ. Ҳалигача рус тилида мулоқот қиламиз бир-биримиз билан, рус ОАВларини кузатамиз.

Тил масаласи муаммо бўлмайди, биз тожик тилини, улар ўзбек тилини ўрганади. Қодирий ҳам биз намозда тожик тилида ният қилардик, дейди. Миллатчилик ўзи янги феномен Марказий Осиё учун.

Ойбек Сирожов: — Ўрта турк тили деган концепция бор, яъни туркий тиллар ўртасидаги бир тил. Шу нуқтаи назардан ҳам тил масаласи асосий муаммо эмас интеграцияда. Бошқа масалаларга урғу қаратиш керак.

Тарихий, маданий пойдевор бор. Шу асосида кейинги қаламларда нимага эътибор қаратиш керак, деган масала жиддий. Иқтисодий интеграция асос бўлолади. Яъни шу интеграциядан фойда кўриши керак халқлар. Кейинги вақтлардаги ютуқларимиздан бири ўзаро ишонч кучайгани. Кўпчилик интеграция муҳимлигини англаб етяпти, жамиятларда бирлашиш керак деган фикр бор.

Нима асос бўлади, дейдиган бўлсак. Менимча, сув, транспорт коридорлари, электр энергияси, газ масалалари бизни бирлаштира олади. Кучайиб бораётган муаммолар булар, минтақавий бирликда ҳал этилса, интеграцияга асос бўлолади. Транспорт коридори масаласини ҳам ҳамжиҳатлик объектига айлантириш мумкин: барчада асосий мақсад – денгизга чиқиш, шу бўйича лойиҳаларни бирлаштириш мақсадга мувофиқ.

Шуҳрат Расул: — Гапирилса, ҳамма нарса осон кўринади, лекин бу йўл олис. Ҳар бир давлатнинг ўз иқтисодий сиёсати бор. Масалан, Қозоғистон либерал иқтисодиёт юритади, Ўзбекистон трансформация жараёнида, Тожикистонда эса давлат монополияси ҳукмрон, Туркманистон ундан ҳам баттар. Шундай шароитда қандай иқтисодий платформада бирлашамиз, деган масала бор.

Муаммолар жуда кўп. Биз айни иқтисодий интеграция қиламиз деганда шу муаммолар ўртага чиқади. Масалан, стандартлаштириш, сертификатлаш, бир-бирига тўғри келмайдиган қонунлар бор. Умуман, катта иқтисодий, сиёсий тафовутлар бор. Йўл олис, лекин шу йўл бор.

Ойбек Сирожов: — ЕИни олайлик, улар интеграция бошлаганда биз айтган муаммолар уларда ҳам бўлган. Лекин шундай вазиятда шу нарсага эриша олди. Бунинг замирида илм ётади. Тўғри, жиддий муаммоларимиз бор, лекин уларни ечса бўлади.

Энг муҳим масала – катта ташқи хавф бор. Шунга қарши бирлашмасак, ҳар биримизга алоҳида хавф солади. Бир пайтлар 3 та хонлик Чор Россияси томонидан шундай босиб олинган эди. Хатоларни такрорламаслик керак.

Бизнинг нефт заводларимиз учдан бир қувватда ишлаяпти, адашмасам. Қозоғистон эса нефтни сотяпти, шуни келишиб, бизда қайта ишлаш мумкин. Туркманистонга чегара ҳудудларида катта газ заводларимиз бор, Туркманистон эса газни Хитойга сотяпти. Тожикистонда катта сув захираси бор, Хитой ўша ердан ичимлик суви ишлаб чиқариб бутун дунёга сотиш лойиҳасини бошлаган, нега шуни ўзимиз қилолмаймиз? Мана шундай муаммоларга тўғри ёндашсак, ҳал қилиш мумкин.

Тўғри, осон жараён эмас, лекин изланиш, илмий тадқиқотлар орқали амалга ошириш мумкин. Минтақанинг олдида бошқа йўл ҳам йўқ.

— Минтақада интеграцияни шакллантириш учун бугун нима қилишимиз керак?

Камолиддин Раббимов
: — МО маслаҳат кенгаши ташкилот дегани эмас. Реал структурага эга бўлган, қолипга тушган, институтлашган механизм эмас. Ташкилот тузилмаяпти ва минтақа геосиёсий кутиш вазиятида. Яъни Украина уруши қандай тугайди, Россиянинг кейинги қадамлари қандай бўлади, Тайван бўйича Хитой ва АҚШ конфликти бўлса, оқибатлари қандай бўлади, минтақа бунга тортилмайдими, деган масалалар давлатларни жиддий ўйлантиряпти.

Кузатишларга кўра, минтақа интеграцион лойиҳалар борасида жиддий қадамлар ташлаш ниятида эмас. Путин 2030 йилгача ҳокимиятда қолади, 2036 йилгача ҳам бориши мумкин. Москвадаги экспертларга қулоқ солсак, улар дунёда кучлар нисбати ўзгараётгани, Ғарбда янги авлод шаклланиши кераклиги, яъни АҚШ ва Ғарб дунёнинг қудрати эмас деган тафаккурдаги авлод шаклланиши ва шу жараёнда ҳокимиятда Путин ўтириши керак, деган позицияни айтишяпти.

Шуҳрат Расул: — Марказий Осиё давлатларидаги халқлар миллий давлатчилик қуриш жараёнидаги “ўспиринлик” давридамиз. Марказий Осиёни бирлаштиришга энг кўп уринаётган давлат – Ўзбекистон. Расмийларимиз ҳам, зиёлилар ва экспертларимиз ҳам шуни айтишяпти. Лекин қўшни давлатлардаги зиёлилар муҳитига қарасак, бу нарса унча сезилмайди.

Ўзбекистоннинг жойлашуви, тарихий масъулиятидан келиб чиққан ҳолда энг кўп интеграция тарафдоримиз. Бу нарса қўшниларимизни қўрқитиб қўймаслиги керак, барибир бизга империя миллат сифатида қараш бўлади. Лекин шунга қарамай, интеграция учун имконият бор деб ўйлайман.

Ойбек Сирожов: — 90-йилларда интеграцияга ҳаракат бошланганида рус матбуоти “бу минтақада ким лидер” деган баҳсларни қилди. Ҳозир ҳам у ёки бу кўринишда давом этяпти бу нарса. Лидерликка даъво қилиш интеграция учун хизмат қилмайди. Минтақада “катта оға” шаклланишидан қўрқув бор. Фақат ташаббускорлик масаласи муҳим бўлади.

Бугунги айни давр – минтақада интеграцияни шакллантириш учун уникал имконият. Глобал тартибот қайта шаклланиши даврида геосиёсий кучлар ўзи билан овора, шунинг учун қулай пайт ҳозир. 2024 йил муҳим давр, шу даврда шартномалар тузиб, ўзаро келишувларни амалга ошириш керак, деб ўйлайман.

Интеграцияни, масъулиятни зиммасига олган давлат уни бажаришни назорат қиладиган сиёсий институтга эҳтиёж сезади. Билишимча, МО давлатлари ўртасида интеграция бўйича 400 ортиқ келишувлар бўлган, лекин натижа қандай бўлганини мана муҳокама қиляпмиз. Марказий Осиё маслаҳат кенгашини янги босқичга кўтариш масаласи – биринчи устувор вазифа. Кейингиси эса стратегия бўлади. Стратегиясиз фаолият умумий, фақат маслахатлашувлардан иборат бўлиб қолади.

Камолиддин Раббимов: — Иккита таклиф айтиш мумкин. Биринчиси Марказий Осиёда ягона ахборот ҳудудини шакллантириш керак. Барчамиз Россия ахборот ҳудудида бўлганимиз учун у ерда нима бўлаётганини биламиз, лекин қўшни Тожикистон ё Туркманистонда президентлардан бошқа ҳеч кимни танимаймиз. Ундай бўлиши керак эмас. Марказий Осиёда ягона ахборот ҳудуди бўлиши учун 5 та давлатда вақт нуқтаи назаридан тенг тақсимланган телеканал(лар) бўлиши керак.

Иккинчиси. Жамиятларнинг бир-бири билан бегоналашув даражаси сақланиб қоляпти. Қандайдир платформа, форумлар керакки, халқлар, фаоллар бир-бири билан кўришиб, гаплашиб, ўртадаги бегоналикни йўқотиши лозим. Вақти-вақти билан баъзи воқеалар сабаб бу бегоналашув даражаси ошяпти. Масалан, икки йил олдинги Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги зиддият бегоналашувни кучайтирди.

Шу нарсаларнинг олдини олиш, инерцияга имконият бермаслик учун национализм даражасини пасайтириб, интеграцияга интилишни шу икки қадамдан бошлаш керак деб ўйлайман.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Ҳозир айни пайти” — таҳлилчилар Марказий Осиёда интеграцияни бошлаш зарурати ҳақида