18:46 / 30.06.2024
228

Эронда президенликка икки номзод сайловнинг кейинги босқичига ўтди

Эронда президенликка икки номзод сайловнинг кейинги босқичига ўтди
Коллаж: “Azertag.az”
Эронда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқини реформаторлардан Масуд Пезешкиан ва консерваторлардан Саид Жалилий қўлга киритди. Бу ҳақда Ислом Республикаси сайлов штабининг вакили Моҳсен Эсламийга таяниб, Anadolu хабар берди.

Сайловнинг биринчи босқичи бўйича овозларни санаш жараёни якунланди. Мамлакат бўйлаб очилган 59 минг сайлов участкасида 24 миллион 535 минг 185 та сайлов бюллетени тарқатилди.

Сайлов бюллетенлари кўриб чиқилгач, Масуд Пезешкиан 10 миллион 415 минг 191 овоз тўплаб, 42,5 фоизлик натижа билан етакчиликни қўлга киритди. Консерватив қанотдан номзод Саид Жалилий эса 9 миллион 473 минг 298 нафар овоз тўплаб, овоз беришнинг биринчи босқичини 38,6 фоиз натижа билан иккинчи ўринда якунлади.

Шу тариқа, улар 5 июль куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичига йўл олди. Айни пайтда Муҳаммад Бағир Ғолибаф (парламент спикери) 13,8 фоиз билан учинчи, Мостафа Пурмуҳаммадий (собиқ адлия вазири, диний уламо) эса 0,8 фоиз овоз билан тўртинчи ўринни эгаллади.

Эсламининг айтишича, сайловда давомат 40 фоизга яқин бўлиб, 1 миллион 56 минг 159 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

Масуд Пезешкиян, 69 ёш

2008 йилдан Мажлис аъзоси (вице-спикер ҳам бўлган), сайловларда реформаторлардан ягона вакил. Собиқ соғлиқни сақлаш вазири (2001–2005), кардиожарроҳ. У сиёсий фаолиятидан олдин беш йил давомида Табриз тиббиёт фанлари университетини бошқарган.

Фото: AFP
У 2021 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза берган, бироқ қатнашишга рухсат этилмаган. Бошқа номзодларнинг позициялари Раисий сиёсатига мос келса-да, Пезешкиан вақти-вақти билан расмийларни танқид қилади ва АҚШ билан муносабатларни яхшилаш ва аёллар эркинлиги, жумладан, ҳижоб ўраш масаласида ҳимоя қилади.

Саид Жалилий, 58 ёш

Оятуллоҳ Хоманаийнинг 2007 йилдан бери Олий миллий хавфсизлик кенгашидаги вакили, шунингдек, парламент ва Конституцияни қўриқлаш кенгаши ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилувчи Сиёсий мақсадларга мувофиқликни аниқлаш кенгашида ҳам ишлайди.

Фото: Getty Images
Маҳмуд Аҳмадинежод президент бўлган (2005–2013) даврда у Олий хавфсизлик кенгаши котиби ва ядровий масалалар бўйича бош музокарачи эди. Жалилий икки марта — 2013 ва 2021 йилларда президентликка номзодини қўйган. Охирги марта Раисий фойдасига номзодини қайтариб олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эронда президенликка икки номзод сайловнинг кейинги босқичига ўтди