Фото: Getty Images
Сўнгги уч ҳафта давомида Украина қуролли кучлари минг километр квадратдан ортиқ ҳудудни эгаллаб олган Курск областидаги инқирозли вазиятда «Ахмат» бўлинмаси қўмондони ҳамда Россия қуролли кучлари ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Апти Алаудинов россияликларнинг асосий спикери бўлмоқда, у ҳар куни вазият қандай «барқарорлашаётгани» ҳақида айтиб келмоқда.
BBC рус хизмати нега Россиянинг украинлар қўлига ўтган ҳудудларида нималар бўлаётгани ҳақида фуқароларга тушунтириб берадиган бошқа одам топилмагани ҳақида ҳикоя қилди.
Генерал доим бир хил
«Мен Апти Алаудиновни иккинчи чечен кампанияси орқали яхши биламан. Аммо мен кўп йиллар давомида у билан ҳеч қандай муносабатда, алоқада бўлмадим. Мен майорлигимда у катта лейтенант бўлганини эслайман. Фойдали, ақлли, айтиш мумкинки, истеъдодли», — деганди 2022 йил 9 сентябрда ДХРнинг собиқ мудофаа вазири Игор Стрелков-Гиркин украин армиясининг Харкив областидаги қарши ҳужумига бағишланган навбатдаги стримида. Ўша паллада Гиркин Россияда сафарбарлик эълон қилишга мунтазам чақириқлари ва бошқа ном остида Қрим орқали олдинги чизиққа бормоқчи бўлгани туфайли интернет-мемга айланганди.
Ўшанда Украина қуролли кучлари бир неча кунлик ҳарбий ҳаракатлар натижасида Оскол дарёсининг ўнг соҳилини эгаллаб, Балаклия, Вовчанск, Купянск, Изюм, Лиман шаҳарларини озод этган, Россия мудофаа вазирлиги эса бир неча кунлик сукут сақлашдан кейин 8000 км. кв ҳудуд бой берилганини тан олиб, бу ҳодисани «қайта гуруҳланиш» деб номлаганди.
Игор Стрелков иккинчи чечен кампанияси бўйича танишини бежиз эсга олмаганди. Россиялик ҳарбийлар тезлик билан Харкив областидан чекиниб бораркан, «Ахмат» махсус топшириқли отряди командири Апти Алаудинов Россия армияси амалда душманни тузоққа илинтираётгани, шундан кейин Белгород томондан захира кучлар олиб кирилиб, ҳал қилувчи зарба билан у тўлиқ тор-мор этилажагини ва Харкив томон қарши ҳужумга ўтилишини айтганди.
«Бу гапни мен эмас, балки Росгвардия генерали айтган, мен бу ерда ҳарбий сирни очаётганим йўқ», — дея ҳар эҳтимолга қарши жавобгарликни ўзидан соқит қилганди Стрелков ва шунчаки россиялик ҳарбий спикернинг сўзларидан иқтибос келтираётганини таъкидлаганди.
Фото: Alexander Reka/TASS
Икки ой ўтгач, генерал Сергей Суровикин «қийин қарор» қабул қилганида, Россия армияси Херсон ташлаб чиққанида, генерал Алаудинов пропаганда кўрсатуви бўлган «Соловьев LIVE» эфирида Россиянинг Украинага босқинидан олдин гўёки Украина кучлари Россияга ҳужум қилишга тайёрлангани ҳақида гапирганди: «Россияни парчалашга қаратилган шайтоний режа махсус ҳарбий амалиёт бошланишига олиб келди, — дея изоҳлаганди «Ахмат» командири Россия армиясининг Херсондан чиқишини. — Биз Украина билан эмас, балки НАТО блоки билан жанг қиляпмиз».
Ўзининг сўзларига шубҳа қилганлар учун кейинги куни телеграм-каналида қуйидагича тушунтириш берди: «Суровикин — бу замонамиз Суворови! Биз ўзимиз ишонмайдиган ҳеч нарсани бекорга айтмаймиз ва агар айтсак, сўзимизга жавоб берамиз. Херсонни бир марта эгалладик, уни қайтариб оламиз ва бошқаларини ҳам».
2024 йил августига келиб Херсон Украина қуролли кучлари назоратида қолмоқда, уруш эса Россия ҳудудига кўчган.
Курск областидаги инқирознинг илк кунлариданоқ Алаудинов россияликларнинг бу мавзудаги асосий ҳарбий спикерига айланаёзди. 6 август куни, Украина қуролли кучлари чегарадан ўтиб келганида, у попкорн олишни ва «бизникилар душманни қандай қилиб яксон этиши»ни кузатишни таклиф қилди, 8 август куни «вазият критик эмаслиги»ни айтди, 10 августда — «биз вазиятни максимал даражада назорат қиляпмиз», 11 август куни — «вазият аста-секинлик билан барқарорлашмоқда», 13 августда — «вазият назорат остига олинга», 14-да — «биз рақибни блоклашни якунладик», 18 августда эса — «рақиб тўхтатилди» деб айтди. Бу кунлар давомида эса Украина қуролли кучлари Россия ҳудудидаги янгидан янги аҳоли яшаш манзилларини эгаллашда давом этди.
«Хоҳлаганингни қил, хоҳлаганингни ўлдир»
2013 йил декабрда чечен ТВ республика ички ишлар вазири ўринбосари, бундан бир йил муқаддам Россияда энг ёш полиция генералига айланган Апти Алаудинов Урус-Мартанда қўл остидагиларга Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз душмани деб ҳисобловчиларга қандай курашиш лозимлиги бўйича кўрсатма бераётгани ҳақидаги сюжетни кўрсатади: «Нозил қилинган Қуръонга қасамки, агар ваҳҳобийларга заррача ўхшашлик бўлса, жавобгарлигини шахсан ўзим зиммамга оламан. Кимни қамаш мумкин бўлса — қаманг. Чўнтагига нимадир ташлаб қўйиш имкони бўлса — ташланг. Хоҳлаганингизни қилинг, хоҳлаганингизни ўлдиринг. Ҳукмдор шуни айтган ва мен буни қўллаб-қувватлайман».
Фото: Alexander Reka/TASS
Алаудинов ўз карьерасини республика ҳуқуқ-тартибот органларида бошлаган. 2000-йиллар бошида у прокуратурада, ИИВ ва Чеченистон адлия вазирлигида ишлаган, 2011 йилгача регион полицияси бошлиғи ва ички ишлар вазири ўринбосари даражасигача кўтарилган. «Новая газета» Апти Алаудиновни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг атрофидагилар орасидаги «кучли, хавфли ва жуда жирканч шахс» деб атаган.
Биринчи чечен уруши вақтида Апти Алаудинов яқин қариндошлари — отаси ва акасини йўқотган. Ўшанда оиласи каби у ҳам федерал кучлар томонда бўлган, Ахмат Қодиров эса Ичкерия томонда туриб жанг қиларди.
«Ҳеч қачон жангариларни қўлламаган, Россия томонида туриб жанг қилган ёки Қодировнинг отасидан олдинроқ Россия томонга ўтган чечен федерал хавфсизлик кучлари ҳокимият учун курашда Рамзан Қодировга рақиб бўлган. Айниқса, 2004-2007 йилларда Қодиров учун ҳар куни ўлим билан якунланиши мумкин бўлган мураккаб даврда», — дейди узоқ вақт Чеченистонда ишлаган эксперт хавфсизлик нуқтайи назаридан шахсини сир тутган ҳолда. Бу федераллар томонда туриб жанг қилган чеченлар томонидан қўллаб-қувватланадиган президент Алу Алхано ва ортида амнистия қилинган чечен жангарилари турган Рамзан Қодиров ўртасидаги ҳокимият учун кураш даври эди.
Апти Алаудинов ҳатто Ахмат Қодировни эмас, балки Рамзаннинг ўзини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганлар қаторида эди — бу 2006 йилда, кичик Қодиров амалда республикада ҳокимиятни эгаллаб олганида рўй берган.
Чеченистон ҳукуматининг ҳозирги раҳбари Магомед Даудов каби Апти Алаудинов ҳам оддий чеченлар ҳуқуқи ҳақида қайғурмайдиган шахс сифатида маълум. Алаудинов 2014 йилда, ўз вақтида Аслан Масхадов ҳукуматида Россия билан муносабатлар бўйича вице-премьер лавозимида бўлган Руслан Кутаев қийноққа солинишига алоқадорлиги учун «Магнитский рўйхати»га киритилган. Ўша йилларда Алаудинов ҳақида ўз фикрига эга бўлмаган, барча масалада Рамзан Қодировга сўзсиз эргашадиган шахс сифатида гапиришарди.
Фото: Апти Алаудинов / Telegram
«Ўтмишда у зўравонлик даражаси бўйича Магомед Даудовдан қолишмаган бўлса-да, Чеченистонда Алаудиновдан у қадар қўрқишмайди», — дейди BBC билан суҳбатда Чеченистон бўйича эксперт.
2019 йилда Рамзан Қодиров ўзига қарши фитна ҳақида маълумот тарқалганидан кейин чечен элитаси сафларида кенг кўламли тозалаш ўтказади. Ўшанда Апти Алаудинов ҳам четда қолмаганди: Baza нашрига кўра, можаро маст бўлиб қолган Алаудинов гўёки Рамзан портретига тарсаки тушириб, бошқа меҳмонлар билан биргаликда регион раҳбарини мазах қилган зиёфатдан кейин юзага келган.
Ҳақиқий сабаб эса, катта эҳтимол билан, Аргун шаҳри мэри Ибрагим Темирбаев истеъфога чиқарилиши бўлганди, ўшанда у бундан норози бўлиб, ўз танишлари — чечен кампанияси вақтида федераллар томонда жанг қилган кучишлатар тузилмалар раҳбарларини чақириб, улар билан Қодировнинг ўзбошимчаликларини муҳокама қилган. Катта эҳтимол билан, бу суҳбат яширинча тингланган ва бу Қодировга етиб борган, натижада Темирбаев билан гаплашганларнинг барчаси қўлга олинган.
WhatsApp тармоғининг чечен сегментида ўшанда Апти Алаудинов ҳам қўлга олингани, қийноққа солинган бўлиши мумкинлиги, кейин ишдан бўшатилгани ҳақида миш-мишлар тарқалади.
Аммо кейинги куниёқ Алаудинов диванда ўтирган ҳолда видеораддия йўллади: «Мен ҳаётимда ҳеч қачон хоин бўлмаганман ва бу дунёда ҳеч нарса эвазига Рамзан Ахматович Қодировдан юз ўгирмайман». Чеченистон учун эса бундай «раддия» — миш-мишлар бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун яна бир сабабдир.
Чеченистон мавзусига ихтисослашган журналист Елена Милашина яқин вақтларгача Алаудиновни «қандайдир малака ошириш курсларини тамомлагани учун қўлга киритган диплом» учун ҳам табриклаб юрган чечен элетаси «азиз биродар» Аптини туғилган кунида ҳам эсламаганига эътибор қаратди.
Фото: RKadyrov_95 / Telegram
Бу Алаудиновнинг Рамзан Қодиров билан биринчи бор зиддиятга бориши эмасди. 2016 йилда ҳам Қодиров вазир ўринбосарини ишдан бўшатмоқчи бўлган, аммо Алаудинов ҳар сафар ўз кабинетига қайтаверган. Чечен сиёсати бўйича эксперт BBC билан суҳбатда буни Қодиров ўз атрофидагиларга берган дахлсизлик охир-оқибат уни чеклаб қўйгани билан изоҳлайди: бу одамлар оммага танишлиги ва журналистлар можародан хабардор бўлгани туфайли уларга яқин бўлган одамларни ишдан бўшатиши ҳам қийин эди.
Чеченистонлик ҳуқуқ фаоли, чечен қамоқхонасида ўтириб чиққан Оюб Титиев Алаудинов вазир ўринбосари лавозимида қолган бўлса ҳам, амалда ишга чиқмагани ва ишдан четлатилганини айтади.
Уни расман 2021 йил баҳорида ишдан бўшатишади, шундан кейин Алаудинов Москвага кўчиб ўтиб, бу ерда 2022 йил мартига қадар яшайди, бу вақт оралиғида жамоатчиликка кўриниш бермайди.
2022 йил 17 март куни Рамзан Қодиров Алаудинов билан бирга тушган фотосини эълон қилади ва унинг остига шундай ёзади: «азиз биродарим» чеченистонлик «минглаб кўнгиллиларга бош бўлиб» Украинага кетмоқда. Ушбу янгилик бўйича фикрлар икки хил эди: бир тоифа Апти Алаудинов шундай йўл билан Қодировнинг ишончига қайтганини айтган бўлса, бошқаларнинг фикрича, Қодиров «ачинмаса бўладиган» принцип билан иш тутганди.
«Бемаъни гапларни айтаётганини ўзи тушунмайди»
«Кавказ узели» бош муҳаррири Григорий Шведовнинг айтишича, «2019 йилдан кейин Алаудинов шундай қизиқ ҳолатда бўлганки, амалда ишламаган, аммо ИИВ раҳбари ўринбосари лавозимидан фақат 2021 йил баҳорида бўшатилган. «Бу федерал қарор сифатида расмийлаштирилган, лекин чечен расмийлари шунга интилган ва эришганди. Шундай экан, унинг қайтиши Россия махсус ҳарбий амалиёт деб атаган уруш билан боғлиқ. Менинг фикримча, Кремлдагилар машҳур, таъсирга эга, шу билан бирга, Қодировнинг яқин даврасига мансуб бўлмаган чеченни фойдали деб ҳисоблашган».
2022 йил апрелида Алаудинов Россия қўшини эгаллаб олган Рубежнеда ЛХР раҳбари Леонид Пасечник билан бирга фотосуратга тушади. Уч ой ўтиб Қодиров Алаудиновни Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинлайди ва шундан кейин ўз телеграм-каналида уни ўз ёрдамчиси сифатида эмас, «Ахмат» махсус топшириқли бўлинмаси командири сифатида таништира бошлайди.
Фото: Alexander Shcherbak/TASS
2022 йил июнида Гудермесдаги махсус кучлар университети базасида Украина фронтига юбориш учун Россиянинг барча регионларидан минглаб кўнгиллиларни ёллаш бошланади — бу йўналишдаги ишларга айнан Алаудинов раҳбарлик қилади. Ўша йил августида бунинг учун унга Россия Қаҳрамони унвони берилади. Гудермесда кўнгиллилар фаол ёлланиши Рамзан Қодировга ўша йил кузида, Россияда сафарбарлик эълон қилинганида, унинг республикаси қўшинларга одам етказиб бериш бўйича режани ортиғи билан бажарганини, шунинг учун регионда сафарбарлик тадбирлари ўтказилмаслигини айтишга имкон беради.
2022 йил кузида «Ахмат» отрядлари Херсон йўналишида жанг қилади. Игор Стрелков айнан ўшанда Алаудиновни эслаган ва унинг сўзларини шарҳлай бошлаганди. 2023 йил февралида Қодиров ўз ёрдамчисини заҳарлашга уринишгани ҳақида маълум қилади.
16 феврал куни Алаудиновни зиёрат қилиш учун госпиталга «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин келади, у ўша вақтдаёқ мудофаа вазирлиги билан очиқ зиддиятга киришган ва унинг ёлланма жангчилари керакли миқдорда ўқ-дорилар билан таъминланмаётганидан шикоят қила бошлаганди. Алаудинов вагнерчиларга маълум миқдорда мина етказиб беришни ваъда қилади. Қодиров эса шундай ёзади: «Икки Россия Қаҳрамони учрашуви ўзига хос завқли ўтди. Ҳарбий биродарликнинг энг яхши анъаналарига кўра, Евгений Викторович „Вагнер“ ХҲК логотипи туширилган афсонавий кувалда ҳамда мусиқа асбоблари учун рамзий қути олиб келди. Апти Аронович ўзининг жанговар қуролдошидан совғани мамнуният билан қабул қилиб олди ва янги хизмат қуроли учун Евгений Викторовичга миннатдорчилик билдирди».
2023 йил июнида Пригожин Москва томон «адолат марши» уюштирганида «Ахмат» жангчилари колоннаси телекамералар қаршисида саф тортади ва исёнчиларни тўхтатиш учун улар томонидан эгалланган Ростов-Донга йўл олишини эълон қилади. Ахматчилар Ростовга етиб боришмайди, қаердадир йўлдан адашишади, лекин бу исён якунланганидан кейин Алаудинов «Россия-1» телеканали эфирида унинг жангчилари «„Вагнер“ ХҲК жангчиларидан 500–700 метр масофада тургани, аммо буйруқсиз фаол ҳарбий ҳаракатлар бошламагани»ни айтишига халал бермайди.
Ҳолбуки 2023 йил ёзига келиб чечен отрядлари «тик-ток қўшинлар» лақабини олиб улгурган, барча улар олдинги чизиқда ҳаракатланмаслиги, лекин ўз «ғалабаси» ҳақида видеороликлар суратга олиш билан банд ҳақида гапирарди.
Фото: Апти Алаудинов / Telegram
«Рамзанда ҳеч қачон каллакесарлар билан муаммо бўлмаган, — дейди „Мемориал“ ҳуқуқ фаоли Александр Черкасов. — Аммо, садоқатлиларнинг катта гуруҳига эга бўлган Рамзан энг қобилиятлиларини танлаб олади. Алаудинов икки йилдан ошиқ вақтдан буён Украинада чеченистонлик кўнгиллилар билан ишламоқда ва маълум бўлишича, бу нутқи яхши бўлган арбоб учун мутлақо автоном жой. У ва Қодиров пиар учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланмоқда, чунки улар ўз истиқболлари шунга боғлиқ деб ҳисоблашади. ИШИД асирлигидаги фуқароларни олиб чиқиш, урушнинг илк йилларидаги тик-ток қўшинлар, Пригожиннинг Москвага маршини тўхтатиш... Курскдаги ҳозирги вазият эса улар учун янада қулайроқ: рус ўртоқлар кўп ҳам изоҳ бермаяпти, Москва ва Путин сукут сақламоқда».
Сўнгги ҳафталардаги вазиятни Алаудинов нафақат Курск областига бостириб кирган Украина қуролли кучларини қарши олган чечен отрядлари командири сифатида, балки амалда Россия армиясининг асосий сиёсий етакчиларидан бири сифатида ҳам шарҳлади: 2024 йил апрелида Владимир Путин уни Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-сиёсий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинлаганди.
У 19 август куни, Украина қуролли кучлари Курск областида назорат ҳудудини кенгайтираётганида, «ўн саккиз ёшли эркак ҳарбий хизматчилардан ёш бола ясаб олмаслик, уларга сўрғичини бериб, ухлашга юбормаслик кераклиги» ҳақида гапирди: «Пешонасига ўлим ёзилмаганлар ўлмайди. Аммо сен ўз Ватанингни, Худога эътиқодингни ҳимоя қилиб вафот этсанг, жаннатга тушасан. Инсон учун Аллоҳ йўлида жаннатдан ўзга яхшироқ нима бўлиши мумкин?» — дея изоҳлаган Курск областидаги вазиятни генерал муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ва шундай савол қўйган: «Менда сизга бир савол туғилмоқда: сиз ва болаларингиз бу мамлакатга нима учун керак?»
Фото: Alexander Reka/TASS
«У жуда ақлли одам чиқиб қолди ва ўзи учун федерал миқёсда ҳарбий мартаба яратди. Бу Қодировнинг ёрдамисиз бўлмади, у ҳам маълум паллага қадар қўллаб-қувватлаган, чунки унинг чеченлари қандайдир кўзга кўринган лавозимларни эгаллаши ҳамда федерал сиёсатга таъсир кўрсатишидан манфаатдор, — деб ҳисоблайди кўп йиллар мобайнида чеченлар кун тартибини ўрганиб келган эксперт. — Қодиров Алаудиновни нафақат партия линиясидан четга чиқа бошлагани, балки федерал даражадаги чечен сиёсатчиси ролини ўйнай бошлагани маълум бўлгунига қадар қўллади».
Энди эса уни Чеченистон раҳбарининг ўрнига келиши мумкин бўлган номзодлардан бири сифатида кўра бошлашган.
«Қийноқларга қарши жамоа» ҳуқуқ ташкилоти эса Алаудинов алоҳида сиёсий карьера қуришга ҳаракат қиляпти деб ҳисобламайди — аксинча, ташкилотдагилар у ўзини тез-тез Путиннинг пиёда аскари деб атайдиган Рамзан Қодиров линиясини тарғиб қилишда давом этаётганига ишонади ва «Ахмат» командири Чеченистон раҳбарини доимо «ҳукмдор» деб аташига эътибор қаратишади. «У ҳали ИИВ раҳбари ўринбосари эканида, маҳаллий телевидение орқали чиқишни ёқтирарди ва доимо бир гапни айтарди: „Ўлдириш керакми — ўлдирамиз, наркотик ташлаш керакми — ташлаймиз“, — дейилади «Қийноқларга қарши жамоа» изоҳида. — Шундай экан, унинг муддатли ҳарбий хизматчилар тўғрисидаги сўзларидан ҳайрон бўлмаслик керак. Мамлакатга ҳеч ким керак эмас, шифокор ҳам, ўқитувчи ҳам, фақат армияга керак. Ўғиллар қўлига автомат кўтариш ва ўлдириш учун йўл олишдан бошқасини билмайди. Шунчаки Чеченистонда бундай риторика ҳеч кимни ажаблантирмайди, аммо у бу гапни федерал даражада айта бошлагани аҳоли орасида эътироз келтириб чиқариши мумкин. Алаудинов ўзини телевизор орқали кўрсатишни ёқтиради ва нима деяётганини ўзи тушунмайди, у шундай яшайди».
21 август куни кечқурун, Москва яқинида дронларнинг йирик ҳужуми қайтарилганида, учувчисиз учар қурилмалар Мурманск областида ҳам кўриниш берганида, украин ҳарбийлари эса Белгород областига рейдлар уюштираётганида, Алаудинов ўқувчиларига шундай деди: «Фронтда, Аллоҳга шукрки, бизда барчаси жуда яхши». “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди