Хитойда собиқ вазирлар порахўрлик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди

Хитойда коррупцияга қарши кураш янада кескин тус олмоқда. Мамлакатнинг икки нафар собиқ мудофаа вазири — Ли Шанфу ва Вей Фенгхе йирик миқдордаги порахўрлик ишларида айбдор деб топилиб, икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда расмий «Синхуа» ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, ҳар икки амалдор ўз вақтида Хитойнинг энг юқори ҳарбий ва давлат тизимларида фаолият юритган. Улар Марказий ҳарбий комиссия ҳамда Давлат кенгашининг аъзолари ҳисобланган.
Хитой ҳарбий суди қарорига кўра, Вей Фенгхе катта миқдорда пора олганликда айбдор деб топилди. Ли Шанфу эса нафақат порахўрлик, балки пора бериш билан боғлиқ жиноятларда ҳам айбланган.
Суд қарорига асосан, собиқ вазирлар умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилинди. Энди улар давлат лавозимларини эгаллай олмайди, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди ва сиёсий жараёнларда иштирок эта олмайди.
Шунингдек, уларга тегишли барча мол-мулк давлат фойдасига мусодара қилиниши маълум қилинди. Бу қарор Хитой ҳукумати коррупцияга қарши муросасиз сиёсат юритаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур жазо “икки йиллик кечиктириш билан ўлим жазоси” шаклида белгиланган. Хитой қонунчилигида бу ноёб ҳуқуқий чоралардан бири ҳисобланади.
Қонунга кўра, икки йиллик муддат давомида маҳкумлар қўшимча оғир жиноят содир этмаса, ўлим жазоси автоматик тарзда умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади. Бироқ бундай маҳкумлар учун жазони енгиллаштириш ёки шартли озодлик имконияти деярли мавжуд бўлмайди.
Сўнгги йилларда Хитойда юқори лавозимли амалдорларга қарши коррупция ишлари кескин кўпайгани кузатилмоқда. Хусусан, ўтган йил август ойида Хайнан провинцияси Халқ Ассамблеяси Доимий қўмитаси собиқ раиси ўринбосари Лю Цинтай ҳам йирик миқдорда пора олганликда айбланиб, икки йиллик шартли ўлим жазосига маҳкум қилинган эди.
Расмий маълумотларга кўра, у 316 миллион юандан ортиқ маблағни ноқонуний равишда олган. Бу тахминан 44 миллион долларга тенг.
Шунингдек, ўтган йил сентябрь ойида Хитойнинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Танг Ренжиан ҳам коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазосига ҳукм қилингани катта шов-шувга сабаб бўлганди.
Таҳлилчилар фикрича, Пекин ҳукумати давлат тизимидаги коррупцияга қарши курашни янада кучайтириш орқали мамлакатда интизом ва назоратни мустаҳкамлашга уринмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!