31
Европадаги НАТО кучлари «Потемкин армияси»га айланган — ва АҚШ қўлловисиз Россияга қарши туролмайди
Nolan Pennington / U.S. Navy / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Россиянинг Украинага босқинидан кейин НАТОнинг Европадаги аъзолари Путин режими томонидан тажовуз бўлишига тайёрлана бошлаган. Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Грант Шэппснинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика алянси кучлари «урушдан кейинги» ҳолатдан «урушдан олдинги» ҳолатга ўтишга эътибор қаратган. Аммо экспертлар сўнгги ўн йилликларда қўшинлар ва қурол арсенали мунтазам равишда қисқартирилгани, шунингдек, логистика ва ишлаб чиқаришдаги нотўғри ҳисоб-китоблар НАТОнинг жанговар тайёргарлик даражаси кескин тушиб кетишига сабаб бўлганидан хавотирда. Бу шуни англатадики, Европа мамлакатлари Россия армиясининг эҳтимолий босқинини АҚШ кўмагисиз қайтара олмайди. «Медуза» Bloomberg нинг НАТОнинг Европадаги мамлакатлари ҳарбий кучлари нима учун «Потемкин армияси»га айлангани ва бу давлатлар раҳбарлари вазиятни қандай қилиб ўнглашга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги материалини асосий мазмунини келтирди.
Европа мамлакатлари кўп йиллар давомида АҚШ ҳимоясига таяниб, ўз қўшинларини қисқартирган. Аммо энди Вашингтонга ишониб бўлмайди
Европада Буюк Британия билан биргаликда энг йирик ҳарбий держава саналган Франция 1990 йилдан 2024 йилгача ўз қуролли кучлари таркибини 56 фоизга қисқартирган. Ҳозирда француз армияси миқдори 203 850 кишини ташкил этади. Британия ҳукумати ҳам армияни қисқартиришда давом этмоқда ва 2025 йилга бориб унинг миқдори 73 минг кишигача тушади, бу эса Наполеон урушлари давридан буён энг паст кўрсаткич бўлади.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказиннг Европа, Россия ва Евросиё бўйича бўлими директори Мак Бергманнинг фикрича, Германия учун Болтиқбўйи минтақасига бир неча минг кишилик битта бригада жойлаштириш аллақачон муҳим натижа ҳисобланади. Француз армияси штаби бошлиғи Пиер Шиллнинг айтишича, Франция 20 минг ҳарбийни сафарбар қилиши учун ойлар кетади. Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти ходими Мэттю Сэвиллнинг сўзларига кўра, 20-30 минг кишилик битта дивизия йиғиш учун 30 кундан ортиқ вақт талаб этилади. Таққослаш учун, АҚШ Махсус амалиётлар кучлари (махсус топшириқли қўшинлар)нинг ўзида 70 минг нафар ҳарбий хизмат қилади, Американинг Европадаги контингенти миқдори эса тахминан 80 минг кишини ташкил этади.
Ҳарбийлар етишмовчилиги, Россия армияси билан эҳтимолий тўқнашувга тайёрланаётган Европадаги НАТО давлатлари учун асосий муаммолардан бирига айланди. Айрим юқори мартабали қўмондонлар персонал тақчиллигини мажбурий чақириқ билан қоплашни таклиф қилишди. Аммо расмийлар тажрибасиз янги чақирилганлар профессионаллар ўрнини боса олмаслигини рўкач қилиб, бу ғоядан воз кечишди. 2023 ва 2024 йилларда Швеция ва Финландия НАТОга аъзо бўлиб кириши алянс кучлари сафларидаги таълим кўрган одамлар тақчиллигини қисман ёпишга имкон берди. Аммо, Bloomberg муаллифлари Том Пфайффер ва Кристофер Кэннон қайд этишича, армиянинг салбий имижи ва Европадаги ёш йигитлар келажагини ҳарбий соҳада кўришни истамаслиги туфайли рекрутинг билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.
Флотдаги ходимлар етишмовчилиги сабабли кемалардаги экипаж тўлиқ эмас. Натижада айрим кемаларни фойдаланишдан чиқаришга тўғри келган. 2024 йил бошида The Telegraph шундай ҳолатлардан бири ҳақида хабар қилгани. Нашр маълумотига кўра, Британия ҳукумати Қироллик флотининг 11 фрегатидан иккитасини уларда хизмат қиладиган одам топилмагани учун фойдаланишдан чиқарган.
НАТО қўшинлари ҳолати билан боғлиқ яна бир муаммо бюджетга тааллуқли. Европа мамлакатлари СССР қулаб, совуқ уруш якунланганидан кейин тизимли равишда мудофаа соҳаси учун харажатларни қисқартириб келган. Ҳукуматлар ўнлаб йиллар мобайнида маблағларни ҳарбий бюджетдан олиб, ижтимоий ислоҳотлар учун сарфлаган. Bloomberg ҳавола қилган америкалик экспертлар фикрича, бу НАТОнинг Европадаги кучлари «Потемкин армияси»га айланишига олиб келган (Халқаро сиёсий адабиётда «Потемкин қишлоқлари» деган ибора бор. Бу ибора Екатерина Иккинчи даврида давлат раҳбарининг кўзини қувонтириш учун княз Потемкин подшо ўтадиган йўлларда тезда барпо қилган «обод қишлоқлар» эди. Екатерина Иккинчи кечда дам олишга ётганда ортдаги «обод қишлоқ» тезда кўчирилиб, подшо ўтадиган янги маршрутда тиклаб қўйиларди. Извош туйнугидан у хушчақчақ одамларни, самоварларда қайнаётган чойларни, балалайка чалиб, рақс тушаётган хонимларни, далаларда тоза кийимларда «ишлаётган» деҳқонларни кўриб қувонарди).
2014 йилда НАТО мамлакатлари 2024 йилга бориб ҳарбий-саноат комплексига ажратиладиган харажат миқдорини ўз ЯИМининг 2 фоизига қадар оширишга келишиб олади. 2023 йил ҳолатига кўра, бу шарт алянснинг 32 аъзосидан фақат 10 таси томонидан бажарилганди. Жорий йилда бу миқдор 23 тагча етди. Аммо, Bloomberg муаллифлари ёзишича, НАТОнинг Европадаги мамлакатлари ҳарбий соҳа учун жами харажатлар миқдорини ўз ЯИМининг 3,5 фоизигача кўтарса ҳам, улар барибир бу кўрсаткич бўйича АҚШдан ортда қолишади, чунки Европа иқтисодиёти 2000-йиллар охиридаги глобал молиявий инқироздан кейин Америка иқтисодиётига қараганда пасайиб кетди.
2024 йил февралида АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп ҳокимиятга келадиган бўлса, ҳарбий харажатларини ялпи ички маҳсулотининг икки фоизига етказмаган НАТО мамлакатларини Штатларнинг ҳарбий ҳимоясидан маҳрум этиш билан таҳдид қилганди. Шунингдек, у Россия алянс бўйича мажбуриятларини бажармаётган давлатлар билан «истаганини қилиш»га қўйиб беришини айтганди. Жорий йил октябрида Bloomberg News муҳаррири Жон Миклетвэйт билан интервюсида Трамп «иттифоқчиларимиз биздан душманларимизга қараганда кўпроқ фойдаланади» деб шикоят қилганди.
Экспертлар республикачи сиёсатчининг НАТОнинг ҳарбий соҳага етарлича маблағ ажратмаётган аъзоларига ёрдам беришни истамаслиги коллектив мудофаа тамойилларига зид эканини қайд этишади. НАТО ташкил этилиши тўғрисида 1949 йилда имзоланган келишувнинг 5-моддаси алянс аъзоларининг коллектив ҳимоясига бағишланган. Унга кўра, «НАТОнинг Европа ёки Шимолий Америкадаги бир ёки бир нечта аъзосига ҳужум қилиш барча аъзо давлатларга ҳужум деб ҳисобланади». Яъни НАТО аъзоларининг бирига ҳужум ташкилотнинг барча аъзолари билан уруш бошланишини назарда тутади.
Bloomberg муаллифлари ёзишича, Вашингтонда Европа мамлакатлари барча масалада АҚШга таянмасдан, ўз армиялари ва қурол-яроғлари ҳолатига кўпроқ эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайдиганлар Трампнинг тарафдорлари билан чекланмайди. Америкалик кўплаб сиёсатчилар ва таҳлилчилар Хитой билан муносабатларда кескинлик ортиши энди Штатларга фақат европалик ҳамкорлар хавфсизлиги ҳақида қайғуришга имкон бермайди. Агар ХХР АҚШ ҳимояси остидаги Тайванга тажовуз қиладиган бўлса, Вашингтон асосий эътиборини Шарқий Осиёдаги можарога қаратади. Бу ҳолатда НАТОнинг Европадаги кучлари Россия томонидан эҳтимолий ҳужумлардан мустақил равишда ҳимояланишига тўғри келади.
Европалик сиёсатчиларнинг ҳам кўпчилиги ўз армияларини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақидаги фикрга қўшилади. «Агар биз ўзимизни хавфсиз сезишни истасак, Европа сиёсий ва ҳарбий кучга айланиши лозим», — деганди 2024 йил апрелида Полша бош вазири Доналд Туск.
Муаммолар фақатгина аскарлар етишмаслиги билан боғлиқ эмас: мувофиқлаштириш йўқлиги, логистика йўлга қўйилмагани ва арсенал камлиги ҳам алянснинг Европадаги самарадорлигини пасайтирмоқда
Bloomberg’нинг ёзишича, НАТОнинг Европадаги кучлари камайишига нафақат армиядаги ва бюджетдаги қисқартиришлар, балки маблағлар нотўғри тасарруф этилгани ҳам сабаб бўлганини айтади. Расмийлар кўп ҳолларда мавжуд арсеналнинг ишчи ҳолатини сақлаш ўрнига, ўз нуфузини оширишга уриниб, қимматбаҳо ва юқори технологияли қуролларни харид қилган. Украинадаги уруш эса «примитив» қуроллар аҳамиятини намойиш этиб қўйди. Март ойида НАТО разведкаси йил охирига бориб Россия, катта эҳтимол билан, қарийб уч миллион артиллерия снаряди ишлаб чиқариши мумкинлигини тахмин қилганди, бу эса АҚШ ва Европанинг биргаликдаги ишлаб чиқариш қувватидан уч баравар кўпроқ.
Ўз армиялари ёмон жиҳозлангани туфайли Европа давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга доим ҳам тайёр эмас ва ҳар бир етказмадан олдин узоқ ўйлашига тўғри келади.
Яна бир муаммо шундаки, Европадаги ҳарбий идоралар одатда қуролларни иқтисодиётга ёрдам бериш ва ишчи ўринлар яратиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга буюртма қилади. Аммо ишлаб чиқариш стандартлари турли давлатларда турлича бўлиши мумкин. Шу туфайли, масалан, НАТОнинг бир аъзоси томонидан ишлаб чиқарилган 155 миллиметр калибрли артиллерия снарядлари кўпинча алянснинг бошқа мамлакати ишлаб чиқарган қуролга мос келмайди.
Коммуникация борасида ҳам қийинчиликлар бор: 2024 йил мартида аён бўлишича, Германиядаги айрим бўлинмалар 1980-йилларда ишлаб чиқарилган ва ҳамкор мамлакатларнинг музокара қурилмаларига мос келмайдиган, шифрланмаган рациялар бўйича музокаралар ўтказган.
Логистикада ҳам муаммолар пайдо бўлади: совуқ уруш якунланганидан кейин НАТО мамлакатлари Европада зарур бўлганда ёнилғи, озиқ-овқат ва ўқ-дориларни етказиб бериш линияарини фавқулодда жойлаштириш имконини берадиган инфратузилмаларни сақлаб туришни тўхтатган. Алянс эътиборини бошқа қитъаларга қаратди ва Ироқ, Ливия, Судан ва Покистонда логистикани йўлга қўйишга кўп вақт сарфлади. Сўнгги икки йилликда НАТО қўшинларни янада мобил қилиш ва Россия билан тўғридан тўғри тўқнашув сценарийсига тайёргарлик кўриш учун мунтазам равишда машғулотлар ва текширув ишлари ўтказмоқда.
Бироқ, Путин армиясига қарши зарур бўлган қуроллар йўқлигида логистика яхши йўлга қўйилгани ҳам ёрдам бериши даргумон. Bloomberg муаллифлари арсенал камлиги туфайли НАТОдаги Европа кучлари самарадорлиги пастлигига мисол сифатида 2011 йилги воқеани келтиришган, ўшанда Американинг Tomahawk ракеталари Ливиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилганидан кейингина иттифоқчиларнинг жанговар самолётлари ҳаво кенгликларида ҳаракатлана олганди.
Сувости кемалари ва авиаташувчилар етишмаслиги Европадаги армияларга зарур ракеталар ва самолётларни АҚШ ёрдамисиз ташишга имкон бермайди. Bloomberg ёзишича, Францияда айни вақтда Rafale русумли 30 та самолётни таший оладиган атиги битта авиаташувчи бор, Британияда — 48 тагча F-35 қирувчи сиғдира оладиган иккита авиаташувчи бор, АҚШнинг Nimitz русумли авиаташувчилари сони 10 та, уларнинг ҳар бирида 69 тагача ҳаво кемаларини олиб юриш мумкин.
Европанинг кўплаб кемалари ва самолётлари зарур техник хизмат кўрсатилмаслиги, таъмирлашдаги тежамкорлик ва узоқ вақт давомида фойдаланилгани туфайли ёмон ҳолатга келиб қолган. UK Defense Journal томонидан 2024 йил апрелида ошкор этилган маълумотларга кўра, британ флотининг атиги 20 фоиз қисми жанговар тайёргарлик ҳолатида эди.
Bloomberg муаллифлари фикрича, тўғридан тўғри тўқнашувда ҳаводаги устунликсиз Россиядан устунликка эришиб бўлмайди, НАТО мамлакатлари орасида эса биргина АҚШ Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилиш учун зарур бўлган қурол ва техникаларга эга. Бирлашган қироллик мудофаа тадқиқотлари институти эксперти Жастин Бронк НАТО Бирлашган ҳаво қўмондонлигига таяниб, Россияга ҳавода самарали қаршилик кўрсатиш учун қурол ва технологиялар етишмаслигини алянснинг асосий заифлиги деб атаган.
ГФР канцлери Олаф Шолц мудофаа соҳасини мустаҳкамлаш учун 100 миллиард евро ажратишни ваъда қилгани, Полша қуролли кучлари кенгайтирилгани, Британия армиясига янги вертолётлар ва гаубицалар олингани, Европа мамлакатларининг координация ва таъминотни яхшилашга уринишларига қарамай, НАТОнинг Европадаги аъзолари яқин келажакда Россия билан эҳтимолий тўқнашувга тайёрлигини АҚШ кўмагисиз кескин ошира олмайди, деб ҳисоблайди Bloomberg муаллифлари. Айрим таҳлилчилар ва ҳарбий идораларнинг ходимлари қайд этишича, алянс аъзолари ҳарбий харажатларини миллий бюджетнинг тўрт фоизигача оширсагина, ўзини юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлардан ҳимоя қила олади. Аммо бунинг учун ҳукуматлар кредитлар олиши, солиқларни кўтариши ҳамда бошқа соҳалардаги ташаббусларни тўхтатиб туришига тўғри келади. Қолаверса, НАТОнинг кўплаб аъзолари учун ЯИМнинг икки фоизини ажратиш ҳам кўплик қилмоқда. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”