17:50 / 02.12.2024
6

Олимлар инсон танасидан чиқадиган иссиқликни электр энергиясига айлантиришни ўрганди

Олимлар инсон танасидан чиқадиган иссиқликни электр энергиясига айлантиришни ўрганди
Фото: AP
Лимерика ва Валенсия университетлари тадқиқотчилари ёғоч чиқиндилари ҳамда инсон танасидаги иссиқликни электр энергиясига айлантириш усулини ишлаб чиқди. Уларнинг янги технологияси одатда атмосферага беҳуда тарқалиб кетадиган иссиқликка “иккинчи ҳаёт” беришни ва энергетика соҳасида янада барқарор ечимларга йўл очишни ваъда қилмоқда.

Инсон танаси катта миқдордаги иссиқлик ажратади, ҳали ундан бирор марта фойдаланилмаган. Ўртача ҳисобда, тана юзасининг ҳар бир квадрат метри соатига 19 дона гугурт чўпининг ёнишига тенг иссиқлик чиқаради. Тадқиқотларга кўра, бу иссиқликни самарали ушлаб қолиш ҳамда фитнес билагузуклари, ақлли соатлар каби GPS кузатувчиларини қувватлантиришда фойдаланиш мумкин. Келажакда бу қурилмаларнинг узоқроқ ишлашини таъминлайди, ҳатто ташқи зарядга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Бироқ инсон танаси беҳуда сарфланадиган иссиқлик манбаларининг кичик бир қисми, холос. Автомобил двигателларидан тортиб саноат машиналаригача бўлган кўплаб манбалар ҳар куни атмосферага катта миқдорда иссиқлик чиқаради. Бунга жавобан, олимлар саноатни янада самарали ва экологик тоза қилиш мақсадида иссиқликни энергияга айлантириш технологиялари устида ишламоқда.

Иссиқликни утилизация қилишнинг истиқболли технологияларидан бири уни электр энергиясига айлантириш имконини берувчи термоэлектрик эффектдир. Аммо анъанавий термоэлектрик материаллар кўпинча кадмий, қўрғошин ва симобни ўз ичига олади, бу эса соғлиқ ва атроф-муҳит учун хавфли.

Ирландия ва Испания олимлари муқобил вариантни таклиф қилди: ёғоч чиқиндиларидан, хусусан, лигниндан фойдаланиш. Туз эритмаси билан ишлов берилган лигнин нисбатан паст ҳароратда, 200 градусгача бўлган шароитда, иссиқликни самарали йиғиб, уни электр энергиясига айлантириш қобилиятига эга. Бу муҳим, чунки саноат иссиқлигининг қарийб 66 фоизи айнан шу ҳарорат оралиғида ҳосил бўлади.

Иссиқликни ўзлаштириш — бу фақат биринчи қадам. Олинган энергияни самарали сақлаш усулини яратиш ҳам ниҳоятда муҳим. Тадқиқотларда суперконденсаторлар — электр энергиясини тез тўплаш ва чиқариш қобилиятига эга бўлган қурилмалар биринчи ўринга қўйилмоқда. Бугунги кунда суперконденсаторларнинг аксарият моделлари қазилма углерод асосидаги материаллардан ишлаб чиқарилади, бу эса уларнинг экологик барқарорлигини шубҳа остига қўяди.

Тадқиқот гуруҳи лигниндан олинган ғовак углеродни суперконденсаторлар учун электрод материали сифатида қўллаш мумкинлигини аниқлади. Шу тариқа, лигнин мембранаси нафақат иссиқликни электр энергиясига айлантиради, балки ионлар ҳаракатини тезлаштирадиган ғовак углерод тузилиши туфайли энергияни сақлаш имкониятини ҳам таъминлайди. Ушбу ечим зарарли кимёвий моддалардан холи бўлиш ва қазилма бойликларга қарамликни камайтириш имконини беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар инсон танасидан чиқадиган иссиқликни электр энергиясига айлантиришни ўрганди