Дамашқдаги расмий ҳукумат таназзули кимларнинг манфаатига хизмат қилади? Ярим асрлик Асадлар сулоласи ағдарилса, кейинги нишон Эрондаги режим бўладими? Ҳарбий ҳаракатлар Ироққа ҳам кўчишининг эҳтимоли нега паст деб баҳоланмоқда? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида Суриядаги вазият борасида сиёсатшунослар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Суҳбатимизни умумийроқ савол билан бошласак. Суриядаги ҳозирги вазият қандай?
Ҳабибуллохон Азимов: 2020 йилда, ўша пандемия даврида Суриядаги вазият минтақавий ва глобал куч марказлари томонидан келишув асосида тўхтатиб қўйилган эди. Туркия ва Россия Суриядаги вазиятга бироз танаффус бергандек эди. Орадан 4 йил ўтиб, Суриядаги ҳукуматга қарши мухолиф кучлар ёки террорчи кучлар яна фаоллашиб қолди.
27 ноябр куни Идлиб вилоятида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи Ҳалаб томонга юриш бошлаб, шаҳарни назоратга олди. Бу вазият нимага боғланиши мумкин? Бугун халқаро майдонга қарасак, Исроил-Фаластин масаласи, ёки Эрондаги вазиятлар, ёки Украина билан боғлиқ вазиятлар бу воқеаларга сабабчи ва туртки бўлиши мумкин. Нега? Чунки охирги пайтларда Сурияни қўллаб-қувватлаган глобал кучлардан бири Россиянинг ҳарбий салоҳияти бироз камайган, Суриядан пиёда қўшинларини олиб чиқиб кетган.
Бундан ташқари, Исроил Ғазодаги, Ливандаги урушлардан кейин, яқин ойларда Жўлон тепаликларини тўлиқ эгаллаш учун ҳам ҳарбий амалиёт бошлаши мумкин. Бу Трамп ҳокимиятга келгандан кейин содир бўлиши эҳтимоли бор. Чунки АҚШ тарихида 1967 йилдан бери Трампдан бошқа бирор президент Жўлон тепаликларини Исроилга тегишли дея тан олмаган. Трамп буни тан олган эди, катта эҳтимол билан яна бу сиёсат давом этади. Бу вазиятларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ. Тасодиф деб кўрмаслик керак, деб ўйлайман.
Шавкат Икромов: Суриядаги фуқаролик уруши натижасида, бугунги кунда мамлакат уч қисмга бўлиниб қолган.
Биринчиси – шимоли-шарқдаги курдлар. Улар мустақил ҳокимиятни амалга ошираётганди.
Иккинчиси – шимоли-ғарбдаги турли мухолифатчи исломий гуруҳлар. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” шулар жумласидан. Бу ердаги гуруҳларни бирлаштирувчи умумий бир жиҳат – улар сунний мусулмонлардан ташкил топган мухолиф гуруҳлар. Уларнинг кўпи ғарб давлатлари томонидан террористик гуруҳлар дея эътироф этилган.
Бу гуруҳларни сиртдан Туркия қўллаб-қувватлайди деган ишонч бор. Яъни бу ҳаракатларни молиялаш, ҳарбий тайёргарликлар, операциялар учун методик тавсиялар, қўллаб-қувватлаш ва молиявий ёрдам кўрсатади, деган ишонч бор, лекин бу тўлиқ исботланган эмас. Туркия томони буни тўлиқ эътироф этмайди.
Учинчи қисм – мамлакатнинг қарийб 60 фоизи – амалдаги ҳукумат Башар Асад режими томонидан назорат қилинади.
Ўтган ой охирида мамлакатнинг Асад бошқараётган қисмига шимоли-ғарбдан, яъни Туркия қўллаши айтиладиган гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилди. Бир қанча гуруҳлар бирлашиб, кутилмаганда ва қисқа фурсатда Идлиб ва Ҳалаб шаҳарларини эгаллаб олди. Нимага энди айнан Идлиб ва Ҳалаб? Бу иккала шаҳар пойтахт Дамашққа яқинлашиш ва унга ҳужум қилиш учун платформа вазифасини бажара олади.
Нега бу ҳужум айнан ҳозир амалга ошаётганига келсак, Асад режимининг ашаддий қўллаб-қувватловчиси, таянчи бўлиб турган Эрон ва Россиянинг вазияти ўзгариб кетди. Уларнинг иккаласи ҳам бошқа фронтда банд бўлиб қолди. Эрон Ливанда “Ҳизбуллоҳ”, Ғазода Ҳамасни қўллаб, Исроил билан тўқнашганидан ташқари, мамлакатда ҳокимият алмашгандан кейин президентликка келган Пизишкиён Ғарб билан санкцияларни юмшатиш бўйича фаол музокараларга киришди. Бу музокаралар давомида Сурияни қаттиқ қўллаб-қувватлаши шубҳа остида эди ва буни зимдан Туркия кузатиб турган эди. Қолаверса, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” каби гуруҳлар ҳам кузатиб борган ва юзага келган вазиятни инобатга олиб, ҳозир ҳужум қилишнинг айни вақти деган қарорга келган.
Ҳарбий экспертлар ва кузатувчилар бир нарсани алоҳида эътироф этди: Ҳалаб ва Идлибга ҳужумларга яхши тайёргарлик кўрилган, аскарлар деярли бир хил кийиниб олишган, тартибли ҳаракат қилишган, тактика аниқ ишлаб чиқилган.
— “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” каби гуруҳларнинг бу қўзғалиши Ироққача бориши мумкинми? Сурия ва Ироқдаги гуруҳлар ўртасида боғлиқлик борми?
Фарҳод Каримов: Бир муддат олдин Ироқда тинчлик ўрнатилган. У ерда АҚШ ва Буюк Британия қўллаб-қувватлови билан янги ҳукумат ва ўзига хос барқарорлик шакллантирилган. Лекин 2011 йилдан кейин ва ундан олдинги даврдаги айрим жиҳодий гуруҳлар Ироқда ҳали ҳам мавжуд. Улар нафақат Сурия, балки бутун Яқин Шарқ минтақасида ўзига хос бир инфраструктура, яъни ахборот алмашинуви, ҳарбий қуроллар алмашинуви, инструкторлар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйган. Бу “Ал-Қоида” бўладими ёки ИШИДнинг бир қисми бўладими, уларнинг Суриядаги гуруҳлар билан умумий жиҳатлари бор, лекин улар бошқа мақсадлар билан банд. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ўзароо муносабатларни узган, улар билан ягона иттифоқда эмас.
Ироқ ва Суриядаги гуруҳлар умумий мулоқотга эга – нафақат ўзаро, балки Яқин Шарқдаги бошқа гуруҳлар билан ҳам шундай, лекин улар умумий мақсадларга эга эмас. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг мақсади – Дамашқни эгаллаб, Сурияда ҳокимиятни қўлга олиш.
Энг қизиғи, бу гуруҳ томонидан бир неча ой олдин ҳам ижтимоий тармоқларда видеолар тарқатилган эди, лекин Дамашқдаги ҳокимият ҳам, минтақа давлатлари ҳам бунга қандайдир жиддий эътибор беришмади. Башар Асадга ўз иттифоқчилари ҳам Суриядаги айрим мухолиф кучлар ва турли ҳарбий ҳаракатлар билан мулоқот ўрнатиш, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш даври келгани ҳақида бир неча бор талаблар қўйган.
Ҳабибуллохон Азимов: Аслида Суриядаги радикал гуруҳларнинг шаклланиши Ироқдаги вазият билан боғлиқ. 2003 йилда Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилгандан кейин АҚШ Ироқ ҳокимиятига кўпроқ шиалар ва курдларни олиб келган, бу эса у ердаги суннийларнинг қаршилигига учраган. Бу вақтда Афғонистондаги “Ал-Қоида” ташкилоти ўз вакилларидан бирини, яъни Абу Мусаб ал-Зарқавийни Ироқ ҳудудига юборади ва шу тариқа “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги филиалига асос солинади. 2011 йилда Сурияда намойишлар бошлангач, “Ал-Қоида”нинг раҳбари Айман аз-Заваҳирий Ироқдаги жиҳодчи гуруҳларга Сурияга боришга фатво беради. Натижада ИШИД, “Жабҳат ан-Нусра” ва бошқа гуруҳлар шаклланди.
Суриядаги вазият Ироқни ҳам ташвишга солмоқда, чунки Ироқда, айтганимиздек, шиалар суннийларга ҳокимиятни бўлишмаяпти. Ироқда бош вазир шиалардан, президент курдлардан бўлиб келаётгани маҳаллий сунний арабларни қониқтирмаяпти. Натижада у ерда ҳали ҳам радикал жиҳодчи гуруҳлар мавжуд ва бу Ироқда ҳам вазиятнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.
— “Таҳрир аш-Шом” каби гуруҳлар Ироқ чегарасигача бориб, жангларни Ироққа ҳам ёйиши эҳтимоли борми?
— Кузатувчилар айтадики, “Таҳрир аш-Шом”да мафкуравий жиҳатдан қисман трансформация содир бўлиб, охирги пайтларда анча мутадиллашиб борган. Гуруҳнинг асосчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланийнинг умумий ғоялари анча радикал, кескин, ортодоксал бўлган бўлса, охирги пайтларга келиб улар ўзгарган. Масалан, “ҳукмронлик қиладиган ҳудудларимизда барча динларга тенг имкониятлар яратиб берилади” деган фикрни айтади ва ўз назоратидаги ҳудудларда насроний черковлари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берган. Шунингдек, у шиалар ва суннийлар ўртасидаги низоларни умумий келишув йўли билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Шу сабабдан, охирги ҳужумларда маҳаллий аҳоли томонидан ҳам кескин қаршилик бўлмаган.
Энди улар Сурия ҳудудидан чиқиб, Ироқ ҳудудига қадар борадими деган саволга келсак, “Таҳрир аш-Шом”нинг ҳозирги позицияси Суриядан ташқарига йўналтирилмаган. Таҳлилчиларнинг назарига кўра, Ислом давлатини қуриш, унга Ироқнинг маълум бир қисмини ҳам қўшиш ҳозирги “Таҳрир аш-Шом”нинг ўзгарган ғояларига, режаларига кирмайди.
Фарҳод Каримов: Суриядаги гуруҳларнинг фаоллиги Суриядан ташқаридаги гуруҳларни ҳаракатга келтириши мумкинми, деган саволда кўп нарса бу гуруҳларнинг асосий қўллаб-қувватловчиларига боғлиқ. Яъни ҳарбий ва молиявий таъминотчиларнинг сиёсий мақсадларига боғлиқ.
Бугун Суриядаги қуролли гуруҳларга нега туртки берилди? Яқин Шарқда Исроилга хавф туғдириши мумкин бўлган кучлардан бири – Эрон Ислом қўриқчилари корпуси. Шунингдек, Башар Асад ҳам Исроилга қарши кучларни қўллаган. Бугунги кунда асосий мақсад – мана шу кучларни нейтраллаштириш.
Ҳозир “Таҳрир аш-Шом”ни ҳам, “Сурия демократик кучлари”нинг ҳам асосий маршрути ва мақсади – Дамашқ. Агар Дамашқ қўлга киритилса, Дамашқни қўллаётган бошқа кучлар, хусусан Эрон Суриядан сиқиб чиқарилади. Бу эса биринчи навбатда Исроилнинг манфаатларига жавоб беради. Қолаверса, Эроннинг бу минтақада, бўлиб ҳам Сурия ва Ироқда бемалол ёйилиб юришига қарши бўлиб турган Туркияга ҳам жуда қўл келади.
Мана шу нуқтайи назардан айтадиган бўлсак, ҳозирги ҳаракатларнинг асосий мақсади – бу Дамашқ. Ироқ эмас.
Иккинчи омил ҳам бор. Сурияда асосан суннийлар истиқомат қилади. Шиа алавийлар эса камчилик. Ироқда эса вазият бошқача: асосий қатлам шиалар, суннийлар эса камчилик. Айтмоқчиманки, “Таҳрир аш-Шом” ёки шунга ўхшаш гуруҳларнинг Ироқда қўллаб-қувватланиши Суриядагидек бўлмайди. У ерда аҳолининг бу ташкилотни қабул қилиши ўзига хос бўлади. Агар қўллаб-қувватлаганида эди, “Ал-Қоида” ёки Ироқдаги бошқа гуруҳлар ҳозир бошқача позицияда бўлган бўларди.
Ироқда ва Сурияда АҚШнинг ҳарбий базалари бор. Улар Суриядаги ташкилотларнинг Ироқ ҳудудларига кенг ёйилишига йўл қўйиб бермаса керак.
— Ҳабибулло ака, юқорида Исроил Жўлан тепаликларига ҳужум қилиши эҳтимоли ҳақида гапирдингиз. Исроил Ғазога, Ливанга бостириб кирди, Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди, шундай вазият Исроил энди Жўлан тепаликларини тўла назоратга олиш учун Сурияга ҳам бостириб кириши эҳтимоли қанчалик?
Ҳабибуллохон Азимов: Исроил Жўлаг тепаликларида бир қанча яшаш аҳоли манзилгоғҳларини ташкил қилган, у ерда аҳоли яшаб келмоқда. Жолан тепаликлари Яқин Шарқдаги стратегик нуқталардан бири ҳисобланади.
Боя айтганимдек, Исроилнинг Жўлан тепаликларини тўлиқ эгаллаш ҳаракатлари Трамп ҳокимиятга келганидан кейин амалга ошиши мумкин. Нима учун? Исроилнинг ўз энергетика хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаси ишлаб чиқилган. 2000-йилларнинг бошларида Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида (бу шаҳар курдларнинг барзонийлар оиласи автоном бошқаруви остида) жойлашган нефт захираларини Исроилнинг Ҳайфа шаҳрида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводларига етказиб беришга қаратилган нефт қувури лойиҳаси устида ишланган.
Бугун Исроилнинг режаларидан бири – мана шу лойиҳани амалга ошириш. Киркук–Ҳайфа лойиҳаси – Довуд коридорининг ичида. Катта эҳтимол билан АҚШда Доналд Трамп президентликка киришганидан кейин бу борада маълум ўзгаришлар кузатилиши мумкин, Исроил шунга тайёр турибди.
Фарҳод Каримов: Ироқдаги Курдистон автономиясини тан олган дунёдаги ягона давлат ҳам – Исроил.
Шимолий Ироқда сиёсий ҳокимиятдаги Барзоний оиласи Исроил билан ниҳоятда яқин. Уларни ҳатто минтақадаги “курд яҳудийлари” деб ҳам аташган. Чунки тарихий алоқалари бор, улар Исроилга хайрихоҳ. Тўғри, барзонийлар – суннийлар, ислом динига эътиқод қилади, лекин Исроил билан тарихий алоқалари, боғлиқлари қалин.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия Исроилни Голан тепаликлари борасида огоҳлантирди
Дональд Трамп: “Президент Эрдўғон жуда ақлли, Асад эса шафқатсиз қассоб”
Туркия Сурия чегарасида қўшин тўпламоқда
Туркия Суриянинг янги ҳукуматини ҳарбий соҳада қўллаб-қувватламоқчи
Трамп Зеленскийни уруш тугашига тайёрланишга чақирди
Сурия исёнчилари етакчиси мурожаат билан чиқди
Барча коммунал хизматлар бир пакетга бирлаштирилиши мумкин
Россияда бизнес уруш оқибатларини ҳис қила бошлади