date
views 151

Исроилга Сурияда ким бўлгани маъқул: «таниш иблис»ми ёки янги хатарлар?

Исроилга Сурияда ким бўлгани маъқул: «таниш иблис»ми ёки янги хатарлар?
Жўлан тепаликларидаги хавфсизлик таҳдиди кучайгани боис армия олий тайёргарлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳудуд Сурия билан чегарадош бўлиб, бир пайтлар Исроил томонидан босиб олинган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Жўлан тепаликларида туриб, Асад режими қулаши исроиллик ҳарбийларнинг Сурия ҳукуматига иттифоқчи бўлган Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» бўйлаб йўллаган зарбалари туфайли рўй берганини айтди. «Биз Сурия билан чегарамизнинг нариги томонида турган барчага: Исроил билан тинчликда яшашни истовчи друзлар, курдлар, христианлар ва мусулмонларга тинчлик сигналини юборамиз», — деган у.

Бунинг ортидан Исроил армияси ўз танкларини Сурия билан чегарадаги буфер зонага «ва бир қатор бошқа жойларга Жўлан тепаликларидаги жамоалар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун» жойлаштирди.

The Jerusalem Post хабарига кўра, исёнчилар эгаллаб олмаслиги учун Исроил авиацияси Сурия жанубидаги кимёвий қуроллар ишлаб чиқариладиган заводларга зарбалар йўллаган, шунингдек, Дамашқ чеккасида, аэропорт яқинидаги ўқ-дорилар сақланувчи омборда исроилликлар зарбаси оқибатида портлаш ва ёнғинлар рўй берган.

2011 йилда Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг Исроил бевосита можарога аралашган ва 2015 йилдан бошлаб Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» билан боғлиқ деб топилган объектларга кенг кўламли ҳаво зарбалари бериб келаётганди.

Аввалроқ Исроил Сурия армиясига қарши курашаётган мухолифат гуруҳларини махфий равишда қўллаб-қувватлаб келган. Исроил расмий манбалари кейинроқ маълум қилишича, бу қўллаб-қувватлаш тиббий ёрдам, озиқ-овқат ва қурол етказиб бериш, шунингдек, ҳарбий тайёргарликка ёрдам кўрсатишни қамраб олган.

Бироқ, ҳозир «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги мухолифат кучлари Сурияда тезкор юриш бошлаб, мамлакатни эгаллаб олиши Исроилни ўз позициясини қайта баҳолашга мажбур қилди.

Исроил икки йўл қаршисида қолаётганди: улар мухолифатнинг муваффақиятини қўллаб-қувватлаши керакми? Бу ҳолат Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда Исроил манфаатларига тўғри келади. Ёки Асад режими афзалроқмиди — у Эрон Суриядан фойдаланишига имкон берган, бироқ йиллар давомида Исроилга тўғридан тўғри таҳдид солмаган.

Исроил учун янги хатар

Исроил ҳарбий разведкасининг 8200-бўлими собиқ раҳбари Ҳанан Гефен BBCʼга берган баёнотида Суриядаги вазият сўнгги вақтларда Исроил учун «тобора таҳликали» бўлиб борганини таъкидлаган.

Сурия айниқса сўнгги ойларда «Ҳизбуллоҳ» учун фаолият майдонига айланган. Бу ердаги замонавий қурол-яроғ, ракеталар ва дронлар ишлаб чиқарадиган заводлар мазкур шиалар гуруҳи ихтиёрига берилганди.

Асад режими заифлиги ва Эроннинг уни назорат қилиш учун ричагларга эга бўлиши Суриядаги сиёсий вазиятни Исроил учун мухолифатчилар Дамашқни эгаллаб олишидан ҳам хавфлироқ қиларди, дейди Гефен.

Унинг фикрича, Исроил хавфсизлик идоралари Асаднинг нуфузи тушиб бораётгани ва унинг режими минтақавий ҳамда халқаро аралашувнинг олдини олишда самарасиз бўлиб қолаётганидан чуқур ташвишга тушиб қолишганди. Шу билан бирга, Сурияда экстремистик гуруҳлар ҳокимиятга келиш эҳтимоли ҳам Исроил учун қўрқинчли.

Гефеннинг сўзларига кўра, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» каби гуруҳлар экстремистик мафкураси билан Исроил учун янги хавф манбайига айланиши мумкин.

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бир қатор давлатларда, жумладан, Россия ва АҚШда террористик ташкилот сифатида тан олинган. У 2011 йилда «Жабҳат ан-Нусра» номи остида ташкил этилган бўлиб, «Ал-Қоида»нинг тўғридан тўғри филиали ҳисобланган.

Гуруҳ ташкил этилишида ИШИДнинг собиқ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ҳам иштирок этган. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» Асадга қарши ҳаракат қилган энг самарали ва шафқатсиз гуруҳлардан бири сифатида баҳоланади.

«Бу каби гуруҳлар чегара ҳудудларимизда мавжудлиги келажакда янада жиддий таҳдидга айланиши мумкин», — дейди Гефен.

«Таниш иблис»

Тел-Авив университети вице-президенти, Сурия бўйича эксперт, профессор Эял Зиссер BBCʼга берган изоҳида Сурия армияси мағлубиятини стратегик бурилиш нуқтаси деб атади.

Зиссернинг тушунтиришича, Исроил 2000 йилда Асад ҳукуматга келганидан бери унинг ҳукмронлигига кўниккан, чунки режим Исроил билан чегарадаги тинчликни сақлаб қолишга интилиб келган.

«Бу тинчлик Исроил учун фойдали бўлган, биз Сурия ҳукумати томонидан Исроил ҳаво ҳужумларига қарши бирор интиқом амалларини кўрмаганмиз», – деди у.

Исроилдаги айрим таҳлилчилар Асад ҳукмронлигининг давом этиши Исроил хавфсизлиги учун энг афзал вариант бўлганини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, Асад «лоақал азалдан таниш иблис» эди.

Улар Асад режими ҳукмронлигини минтақавий барқарорлик учун афзал деб ҳисоблашарди.

Бироқ, мухолифатни қўллаб-қувватлаш тарафдорлари ҳам бор – аввало, чунки улар минтақада Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» таъсирини сусайтиришга хизмат қилади, деб ўйлашади.

«Суриянинг парчаланиши Асаддан яхшироқ»

«Мен ўз сақлаб қолиш муддатини ўтаб бўлган режим ҳукмронлиги давом этишидан кўра, Суриянинг парчаланишини афзал кўрар эдим», — дейди Исроилнинг ҳарбий разведка бўлими собиқ раҳбари Ҳанан Гефен.

Унга кўра, Исроил Сурияда вақт ўтиши билан юзага келадиган ҳар қандай янги воқеликка мослашишга қодир. Сўнгги тўрт йил мобайнида Суриядаги уруш амалда тугагандай кўринганди.

Ушбу давр мобайнида Асад режими мамлакатнинг йирик шаҳарларида қаршиликка дуч келмади, гарчи Суриянинг айрим қисмлари унинг тўғридан тўғри назоратидан ташқарида қолган бўлса-да.

Гефеннинг таъкидлашича, Сурияда фуқаролик уруши янги босқичга ўтиши мумкин ва бу узоқ давом этиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса Исроилга вазиятни чуқур таҳлил қилиш ва муқобил стратегияларни ишлаб чиқиш учун вақт беради.

Эксперт хулосасига кўра, Сурияда мухолифат ҳокимиятга келиши Исроил учун хавфли бўлиши мумкин бўлса-да, охир-оқибат у «Ҳизбуллоҳ»га Эрондан қурол етказиб беришнинг асосий йўналишига айланиб улгурган режимга нисбатан манфаатлироқ иттифоқчи бўлиши мумкин.

«Исёнчиларни қўллаб-қувватлаш – вариант эмас»

Илгари Исроил айрим мухолифатчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, Эял Зиссернинг фикрича, «Сурия мухолифатига ҳозирги пайтда бевосита ёрдам кўрсатиш ҳаётий ечим эмас», айниқса, Сурия шимолида. Бу ерда қуролли гуруҳлар Исроил билан тортишувли муносабатларга эга яна бир давлат бўлмиш Туркия билан яқин алоқа ўрнатган.

Зиссернинг таъкидлашича, Исроил ҳозир Сурия режимига бевосита ёрдам кўрсатмаётган бўлса-да, у Эрон таъсирига қарши курашиши мумкин. Масалан, Сурияда самолётларнинг қўнишини олдини олиш ёки Эрон қўллаб-қувватлаган қуролланган гуруҳларнинг Ироқ орқали ҳаракатини тўхтатиш орқали.

Эксперт шунингдек, Асаднинг муҳим иттифоқчиси бўлган Россия ҳақида ҳам унутмаслик лозимлигини таъкидлайди.

Зиссер ИШИД қайта қулоч ёзиши Исроил ва Сурия учун ҳам таҳдид эканидан огоҳлантиради. Асад радикал гуруҳлар устидан ғалаба қозониш учун етарли таъминотга эга бўлмаган ва заиф мотивацияли чақирувчилар армиясига таяна олмасди. Бу армия доимо исёнчилар ҳужум қилганида ўз позицияларини сақлаб қолишга қийналган.

Асад учун Россия авиацияси ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланган «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ҳамда бошқа қуролли гуруҳларнинг ҳарбий ёрдами муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган.

Зиссер Исроилнинг Суриядаги бирор томонни қўллаб-қувватлаб кенг кўламли урушга киришини эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди, бироқ у Эрон билан боғлиқ ҳарбий нишонларга қарши чекланган операцияларни давом эттириши керак.

«Суриядаги вазият ўзгариб бормоқда ва Исроил ўзининг узоқ муддатли стратегик манфаатлари ва жорий хавфсизлик қарашлари ўртасида мувозанат сақлаган ҳолда, бу мураккаб динамикага мослашишига тўғри келади», дейди у.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилга Сурияда ким бўлгани маъқул: «таниш иблис»ми ёки янги хатарлар?