
Шу кунларда Туркияда, Марказий Осиё ва бошқа хорижий ОАВда Шимолий Кипр масаласи долзарб. Баъзилар “Марказий Осиё туркий бирликка риоя қилмади” деган иддаони билдирмоқда. Хўш, бу иддаолар қаердан пайдо бўлди, уларни ким тарқатмоқда? Шимолий Кипр Турк Республикаси қандай пайдо бўлган, бу бўйича БМТ резолюциялари нега савол остига олинади?
Бундай гап-сўзларнинг келиб чиқиши Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида 3-4 апрел кунлари бўлиб ўтган Самарқанд саммити якунида имзоланган Самарқанд декларацияси билан боғлиқ. Декларация бандларидан бирида БМТнинг 1983-84 йилларда қабул қилинган 541- ва 550-резолюциялари тилга олинади. Бу резолюциялар Кипрнинг бирлигини урғулайди.
Кипр – Ўрта Ер денгизидаги орол, майдони 9251 кв км, жами аҳолиси 1 миллион 350 минг кишидан ошади. Кипрдан Туркия чегарасигача масофа – бор-йўғи 60 км, Грециягача эса – 783 км. Яъни Кипр Туркияга 13 баравар яқин.
Кипр 1571 йилдан бошлаб Усмонли турк давлатининг ичида бўлган. Кипрда греклар ва турклар бирга яшашган. Усмонли турклардан кейин Кипр Британия назорати остида бўлган. 1960 йилга келиб, Кипр Британиядан мустақил бўлади. Ана шу мустақил давлатнинг кейинчалик иккига бўлиниб қолиши тарихини тушуниш учун, Грециядаги воқеаларни эслаш керак бўлади.
1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши тугайди. Дунёда икки қутб пайдо бўлади, АҚШ ва СССР ўртасида совуқ уруш бошланади. Грецияда коммунистлар исён кўтариши билан, 1946-1949 йилларда фуқаролик уруши рўй беради, ҳукумат АҚШ ва Британиянинг қўллови билан устун келади. 1967 йилга келиб, Грецияда “қора полковниклар” ҳарбий тўнтариш қилади. Ҳарбий хунта Грециядаги коммунистлар, социалистлар, либераллар, интеллигенция, сиёсий фаоллар билан қаттиқ курашади. Инсон ҳуқуқлари шу қадар қаттиқ бузиладики, Дания, Швеция ва Норвегия Грецияни Европа Кенгашидан қувишни таклиф қилади. Бу жараённи кутмасдан, Грециянинг ўзи Европа Кенгашидан чиқиб кетади.
“Қора полковник”лардан Георгиос Пападополус бир вақтнинг ўзида ҳам бош вазир, ҳам ички ва ташқи ишлар вазири, ҳам мудофаа вазири эди. Қолган ҳарбийлар ҳам давлатнинг муҳим лавозимларини эгаллаб олган.
1973 йилнинг ноябрида Грецияда талабаларнинг оммавий намойиши натижасида, ҳарбий хунтанинг ўзи Пападополусни йиқитади, уни уй қамоғига ташлайди. Ўрнига бошқа ҳарбий – бригада генерали Дмитриос Иоаннидис ҳокимиятга келади.
Бу йиллар давомида АҚШ учун СССРнинг таъсири Грецияда ҳам ёйилмаслиги асосий мақсад эди. Шу сабаб Вашингтон Грециядаги репрессияларга ҳам кўз юмиб, ҳатто ҳарбий хунта бошқаруви йилларида ҳам Афинани қўллаб келган. Лекин 1973 йилдаги Араб-Исроил урушидан кейин ўша йили октябр ойида Саудия Арабистони подшоси Файсал Ал-Сауд АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нефт эмбаргосини ўрнатган эди. Эмбарго АҚШни иқтисодий танг ҳолатга солиб қўяди, натижада Америка Грецияга деярли ёрдам бера олмай қолади.
Мана шу фонда аҳолини чалғитиш мақсадида Иоаннидис “Улуғ Греция” шиори билан: “Келинглар, тарихан Грецияга мансуб ерларни қайтариб оламиз!” дея, 1974 йилнинг 15 июлида Кипрда ҳокимиятни ағдаради. Греция ҳарбийлари ва Кипрдаги грекларнинг қуролли гуруҳлари биргаликда Кипр президенти Макариос IIIни йиқитади. Шундан кейин Кипр шимолида яшаб келган туркларга нисбатан репрессиялар бошланиб кетади. Табиийки, Туркия қараб ўтира олмайди, 20 июлда Кипрга кириб, у ердаги туркларни ҳимоя қилади.
Шу тариқа, мустақил Кипрни аннекция қилмоқчи бўлган давлат – бу Греция эди, Туркия эмас. Туркия эса Кипрга қўшин киритишини 1960 йилда олган кафиллик мажбурияти билан изоҳлаган: 1960 йилда Кипрнинг Британиядан мустақиллик эълон қилиши Британия, Греция ва Туркиянинг кафиллиги остида рўй берганди.
Туркиянинг аралашувидан кейин Кипрда Греция енгилади, ағдарилган президент Макариос III ҳокимиятга қайтарилади. Греция ва Туркия уруш остонасида турган паллада, Кипрдаги тўнтаришдан 9 кун ўтиб, 1974 йил 24 июлда Грециядаги ҳарбий хунта парчаланиб, мамлакат диктатурадан демократияга қадам қўя бошлайди.
1975 йилга келиб, Кипрдаги греклар ва турклар ўртасида келишув имзоланади. Келишувга кўра, Кипр федератив республика бўлиши, бу ердаги туркларга нисбатан репрессияларга йўл қўймаслик белгиланади. Лекин бу келишув амалга ошишини Шимолий Кипр 8 йил кутади. Ноиложликдан, 1983 йилда Шимолий Кипр Турк Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилади.
Ҳалига қадар Шимолий Кипр Турк Республикаси БМТ томонидан тан олинмаган, сабаби – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш АҚШ, Англия, Франция, СССР/Россия, қолаверса Хитой Халқ Республикаси – Туркияга ва умуман мусулмон мамлакатларга у қадар хайрихох бўлмаган давлатлар ҳисобланади.
Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳозирга қадар фақат Туркия Республикаси тан олган. ШКТРнинг Анқарада элчихонаси бор. Мамлакат Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи мақомига эга. Бироқ Ғарб давлатлари, аввало, Европа Иттифоқи Шимолий Кипрни тан олинишини истамайди. Туркияга нисбатан усмонлиларнинг беш асрдан кўпроққа чўзилган империяси билан боғлиқ тарихан шаклланган муносабат ҳалига қадар кучли сезилади. Мисол учун, 40 йилдан буён Туркия Европа Иттифоқига қўшила олмайди. Кипр эса 2004 йилда Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзосига айланган, 2008 йилдан евро пул бирлиги амал қиладиган еврозонага қўшилган.
БМТ ХКнинг 541- ва 550-резолюциялари ўз кучини тўлиқ сақлаб қолмоқдами?
Ҳалқаро ҳуқуқ бўйича экспертлар фикрига кўра, йўқ, маълум нюанслар бор. 2004 йилнинг 24 апрелида бутун Кипр бўйлаб БМТ шафелигида референдум ўтказилган. Референдум БМТнинг ўша вақтдаги бош котиби Кофе Аннан режасига кўра ўтказилади. Режага кўра, Кипр бирлашиши, бирлашган мамлакатни 6 кишидан иборат президиум бошқариши назарда тутилади: 4 нафар грек ва икки турк. Мана шу 6 киши навбатма-навбат Кипр бош вазири, президенти ва вице-президенти бўлиши керак эди. Кипр оролининг турклар яшайдиган қисми 37 фоиздан 28 фоизга қисқартирилиши белгиланади. Хўш, референдум натижалари қандай бўлади?
Референдум натижаларига кўра, кипрлик грекларнинг 75 фоизи бирлашишга қарши чиқади. Лекин 65 фоиз турклар рози бўлади. Нима учун кипрлик греклар қарши чиқади? Греклар яшайдиган жанубий Кипр – иқтисодий бой, туристларга тўла, халқаро муносабатлари жуда яхши. Бироқ турклар яшайдиган шимолий Кипр санкциялар остида, туристлар кам, иқтисодий ночорроқ. Кипр грекларининг муайян қисми “нега энди биз камбағал шимолнинг юкини кўтаришимиз керак экан?” деган мотив билан, “Туркиядан кўчиб кетган турклар”ни баҳона қилишади.
Туркиянинг Кипр турклари ва шимолий Кипр бўйича позицияси аниқ: маданий автономия бўлсин, репрессиялар бўлмасин. Шимолий Кипр Турк Республикаси олдида эса иккита йўл туради: ёки дунё ҳамжамияти бу давлат мустақиллигини тан олади, ёки бу ҳудуд жанубий Кипр билан бирлашиб, унинг ҳуқуқлари ва автономияси тўлиқ таъминланади. Иккала вариант ҳам Кипрдаги туркларнинг ҳақ-ҳуқуқларини англатади.
Кипрнинг шимолий қисми – туркий дунёнинг ажралмас қисми
Туркий дунё – бу энг аввало маънавий, маданий, ўзлик тушунчаси. Туркий халқлар, миллатлар, элатлар тарихан дунёнинг қайси қисмларида яшаб келганидан қатъи назар, улар туркий дунёнинг таркиби ҳисобланади. Шундай экан, Шимолий Кипр – бу статус масаласи эмас, ушбу статусни расмийлаштириш масаласи. Аниқки, Шимолий Кипрда турклар яшаб қолаверади, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Туркий дунё, туркий давлатлар катта ва қудратли давлатлар, куч марказларининг босими остида бўлган ва ҳали-бери бу босимлар, зиддиятлар йўқолмайди. Туркий дунё, бир томондан ўзининг ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш, иккинчи томондан туркий бўлган халқлар, миллатлар, худудлар билан ҳамкорликни, бирликни кучайтириб боравериши керак ва шу йўлдан кетмоқда. Бу жараён осон бўлмайди. Зиддиятлар кўп бўлган ва бўлади.
Туркиядаги баъзи ОАВ “Марказий Осиё туркий бирликка хиёнат қилди, Эрдўған ташқи сиёсатда ютқазди” демоқда. Лекин Туркияда сиёсий плюрализм кучли. Мухолифат партиялар кўп. Шимолий Кипр бўйича ваҳима қилаётганлар – кўпроқ мухолифат томонида бўлган фаоллар, ОАВлар, мутафаккирлар бўлди. Расмий Анқара эса бу ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Сабаби, Туркия ҳукумати бу зиддиятларни енгиб ўтиш учун ўзаро нифоққа эмас, ҳамкорлик ва бирликка кўпроқ урғу бериш кераклигини яхши билади.
Шимолий Кипр – тарихан туркий дунёнинг таркибий қисми, бу вазиятни расмийлаштириш эса – ривожланишни, бирликни ва умумий қудратга эришиш муҳимлигини кўрсатади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
сиёсатшунос
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар