
Европа кенгаши Парламент ассамблеясининг махсус маърузачиси Саския Клюйт Исроил армиясининг Ғазо секторида амалга ошираётган амалиётларини геноцид ва этник тозалашга айланганини расман баён қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ғазо аҳолиси тобора торайиб бораётган ҳудудга сиқилиб қолган, бомбалардан ва ҳужумлардан ҳимояланиш имконидан маҳрум этилган. “Хавфсиз ҳудудлар” деган ном билан аталган жойлар ҳам аслида хавфсиз эмаслигини таъкидлаган маърузачи шундай деди:
“Буларнинг барчаси, шунингдек, Исроил ҳукуматининг Ғазо аҳолиси тақдири ҳақида билдираётган изоҳлари Исроилнинг ҳаракатлари геноцид ва этник тозалашга тенг эканини яққол намоён қилади”.
Шунингдек, у Исроилнинг 2 мартдан буён Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини киритишга тўсқинлик қилаётганини ҳам қоралади.
“Бу зўравонликнинг энг катта қурбонлари болалар бўлиб қолмоқда. Улар озиқ-овқат, ичимлик суви, тиббий ёрдам ва бошпанасиз қолмоқда. Бу болаларнинг яшаш ҳуқуқининг поймол этилишидир”, – дея қўшимча қилди Клюйт.
Европа кенгаши маърузачиси Исроил ҳукуматидан тинч аҳолига қарши ҳужумларни дарҳол тўхтатишни, инсонпарварлик ёрдамини етказишга рухсат беришни ва халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилишни талаб қилди. Халқаро ҳамжамиятдан эса Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун чора кўришни сўради.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса Нью-Йоркдаги матбуот анжуманида Ғазо аҳолиси жиддий синовлар гирдобида қолганини таъкидлади. Унинг айтишича, Исроил 80 кундан буён Ғазога гуманитар ёрдам киришини чеклаб, бутун аҳолини очлик ва ташналик таҳдиди остида қолдирмоқда.
Охирги маълумотларга кўра, Исроил 400 та юк машинасида гуманитар ёрдам киришига рухсат берган бўлса-да, улардан атиги 115 таси манзилига етиб борган холос. Гутерриш эса бу кўмак ҳажмини “денгиздан бир томчи” деб атади.
Сув, озиқ-овқат ва дори-дармоннинг кириши мутлақо тўхтатилгани боис гуманитар фалокат янада чуқурлашмоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолининг очлик, чанқоқлик ва турли касалликлардан азият чекаётганини қайд этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Адҳаном Гебреесуснинг таъкидлашича, ёрдам воситалари атиги бир неча дақиқалик масофада бўлса-да, минглаб одамларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Франция президенти Эммануел Макрон ҳам Ғазодаги гуманитар инқирозни чидаб бўлмас даражага етганини таъкидлаб ўтди.
Исроил армияси 2023 йил 7 октябрдан бошлаб, ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирган ва натижада 53 822 нафар фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлган. Уларнинг аксарияти болалар ва аёллардир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар