
Мадагаскардаги сўнгги сиёсий воқеалар мамлакат тарихида янги саҳифа очди — ҳарбий тўнтаришдан ортидан 51 ёшли полковник Майкл Рандрианирина расман мамлакатнинг янги президенти сифатида қасамёд қилди. Конституциявий суд 17 октябрь куни уни “республика тикланиши даври раҳбари” сифатида тан олди.
Рандрианирина бошчилигидаги Capsat махсус бўлинмаси 14 октябрь куни ҳокимиятни қўлга киритганини эълон қилганди. Энди у расман давлат раҳбари сифатида мамлакатни ўтиш даврида бошқаришни ўз зиммасига олди.
Янги президент суд томонидан талаб қилинган 60 кунлик муддатни рад этиб, сайловлар 18–24 ой ичида ўтказилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Мадагаскар фуқаролик бошқарувига қайтишдан олдин туб ислоҳотлар босқичидан ўтиши лозим.
Инаугурация маросимида фуқаролик кийимида нутқ сўзлаган Рандрианирина вазиятни “тарихий бурилиш нуқтаси” деб атади. У ёш авлоднинг ижтимоий ва иқтисодий талабларига жавоб бериш, шу орқали мамлакатда барқарорликни таъминлашга ваъда берди.
Тантанада Германия, Франция, АҚШ, Хитой ва Россиядан юқори мартабали ҳарбийлар, дипломатлар ва сиёсатчилар иштирок этди. Бу эса янги ҳукуматнинг халқаро майдонда ҳам диққат марказида эканлигини кўрсатди.
Шу билан бирга, Мадагаскарнинг собиқ президенти Андри Радзуэлина оммавий норозиликлардан сўнг мамлакатни тарк этгани маълум қилинди. Парламент уни ҳокимиятдан четлатди, аммо Радзуэлина томонидан унинг вакиллари ҳали ҳам уни “қонуний давлат раҳбари” сифатида эътироф этмоқда.
Маълумот учун, Радзуэлина 2009 йилда тўнтариш орқали ҳокимиятга келган ва 2019 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган эди. Энди эса Мадагаскар яна ҳарбий раҳбарлик остидаги янги сиёсий йўлни бошламоқда.
Янги президентнинг сўзларига кўра, “Мадагаскар эндиликда янги бошланиш остонасида турибди” — бу орқали у халқаро ҳамжамият ва халқ олдида ислоҳотлар даврини бошлашга бел боғлаганини кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.