date

Мексикада тропик бўронлар 72 нафар инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига сабабчи бўлди

Мексикада тропик бўронлар 72 нафар инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига сабабчи бўлди

Мексикада сўнгги кунларда табиий офатлар сабаб юз берган ҳалокатли фожеа мамлакатни титратди. Прискитла ва Рэймонд тропик бўронлари оқибатида содир бўлган кучли ёмғир ва сув тошқинлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 72 нафарга етди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Маълумотларга кўра, офат туфайли яна 48 нафар фуқаро ҳануз бедарак ҳисобланмоқда. Қидирув-қутқарув ишлари тўхтовсиз давом этмоқда, аммо ҳозирча барча бедарак йўқолганларни топиш имкони бўлмаган.

Охирги ҳафта давомида Мексиканинг бешта штатида — Веракрус, Пуэбла, Идалго, Табаско ва Оахака ҳудудларида кучли ёмғир ва сел оқибатида катта йўқотишлар қайд этилган. Энг катта зарар Веракрус ва Пуэбла вилоятларига етган — кўплаб уйлар вайронага айланган, кўприк ва йўллар вайрон бўлган, минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Мексика ҳукумати офат оқибатларини бартараф этиш учун йирик кучларни жалб этган. Расмий маълумотларга кўра, қидирув-қутқарув ишларига 21 та вертолёт ва қўшимча қутқарув гуруҳлари сафарбар қилинган. Улар асосан сув босган ҳудудлар, йўллар, чуқур жарликлар ва вайрона биноларда излаш ишларини амалга оширмоқда.

Мексиканинг Электр энергияси бўйича федерал комиссияси (CFE) билдиришича, табиий офатдан жабр кўрган бешта штатда электр таъминоти тизимининг қарийб 95,4 фоизи тикланган. Электр муҳандислари ва маҳаллий коммунал хизматлар ҳамкорликда фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат эвакуация қилинган аҳоли учун вақтинча турар жойлар ташкил этган. Жабрланувчиларга озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдам етказиш ишлари кечаю кундуз давом этмоқда.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Прискитла ва Рэймонд тропик бўронлари Мексика соҳилларига урилиши билан атмосфера босими кескин пасайган ва 24 соат ичида ўнлаб йўлларни сув босган. Айрим ҳудудларда сув сатҳи икки метргача кўтарилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мексикада тропик бўронлар 72 нафар инсоннинг ҳаётдан кўз юмишига сабабчи бўлди