
20 июн куни Туркия ташқи сиёсатида тарихий воқелик содир бўлди – президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбул шаҳрида Арманистон бош вазири Никол Пашинянни қабул қилди. Бу ҳақда Туркия президентининг алоқа бўлими расман X ижтимоий тармоғи орқали маълумот берди.
Учрашув Долмабаҳче саройида бўлиб ўтди. У нафақат икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик музлаб қолган муносабатларни яқинлаштириш, балки бутун Кавказ минтақасидаги тинчлик жараёни учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Арманистон парламенти спикери Ален Симонян бу ташрифни “тарихий воқеа” деб баҳолади ва бу Арманистон раҳбарининг Туркияга шундай даражадаги биринчи расмий ташрифи эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Пашинян аввал ҳам, 2023 йили Туркияга – Эрдўғаннинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун борган эди. Аммо бу галги ташриф – икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд бўлмаган ҳолда, тўғридан тўғри мулоқот форматида кечди. Ереван бу ташрифни нафақат Анқара билан алоқаларни яхшилаш, балки Боку билан кечаётган зиддиятни ҳал этишда воситачилик учун ҳам зарур, дея таърифлади.
AFP агентлигининг хабар беришича, Пашинян Туркияга Эрдўғаннинг шахсий таклифи билан келган. Ушбу музокаралар доирасида Туркия етакчиси Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳозирги жиддий вазият, Яқин Шарқдаги хавф-хатарлар ва минтақадаги барқарорлик борасидаги ташвишларини ҳам баён этган. Туркия – ҳам Эрон, ҳам Арманистон билан умумий чегарага эга давлат сифатида, тинчликни таъминлашда фаол дипломатик воситалардан фойдаланишини маълум қилди.
Эрдўған, шунингдек, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги музокараларда эришилган келишувни ҳам юқори баҳолади ва уни қўллаб-қувватлашга чақирди. Истанбулдаги музокаралар давомида Жанубий Кавказда тинчлик жараёнини илгари суриш, келишмовчиликларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш, минтақада узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Anadolu агентлиги таъкидлашича, Эрдўғаннинг “бизнинг мақсадимиз фақат Туркия-Арманистон муносабатларини эмас, балки Кавказ ва Яқин Шарқдаги барча зиддиятларни ҳал қилишга хизмат қиладиган тузилишни барпо этиш” деган сўзлари, бу учрашувга юқори сиёсий бағрикенглик ва тинчликпарастлик руҳини бағишлади.
Бу мулоқот икки томонлама дипломатиянинг энг муҳим босқичларидан бири сифатида тарихда қолиши кутилмоқда. Кавказдаги барқарорлик нафақат Туркия ва Арманистон, балки бутун минтақанинг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар