Эрон ҳудудида сув танқислиги муаммоси кескин тус олди — кўплаб дарёлар ва сув омборлари қуриб қолган, сув омборларининг 80 фоизи деярли бўш бўлиб қолди, деб ёзади Bild нашри. Мамлакатдаги экологик вазият инсонпарварлик фалокати ривожланиши хавфини яратиб, ҳукуматни фавқулодда чоралар излашга мажбур қилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Теҳрон ва яна 50 та йирик шаҳарда сув таъминотига чекловлар жорий қилинган. Айрим манзилларда сув таъминоти 48 соатгача узилиб қолган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу аҳоли ўртасида жиддий норозиликка сабаб бўлди ва кўпчилик шимолга, Каспий денгизи ҳудудига кўчиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Президент Масуд Пезешкиан эса илк бор пойтахтни кўчириш эҳтимолини очиқ гапириб, "Теҳронда ҳақиқатан ҳам сув йўқ", дея таъкидлади.
Ҳукумат ушбу инқирозга қарши ноанъанавий йўлларни муҳокама қилмоқда: иш ҳафтасини қисқартириш, масофавий иш режимига ўтиш ва ҳатто Теҳронни вақтинча ёпиш (мактаблар, университетлар ва муассасалар фаолиятини тўхтатиш) каби чоралар кўриб чиқилмоқда. Вазирлар маҳкамаси матбуот котиби бу ҳолатни “миллий муаммо” сифатида баҳолади ва инсонпарварлик фалокатига айланиб қолиш хавфини таъкидлади.
Мутахассислар таъкидламоқдаки, инқирознинг асосий сабаблари — йиллар давомида давом этган қурғоқчилик ва сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш, айниқса, Ислом Республикаси раҳбарияти томонидан қуролли гуруҳларни молиялаштиришга устувор аҳамият бериш эвазига экологик масалаларни ҳал қилишга етарлича эътибор берилмагани билан боғлиқ.
Экологлар ва жамоатчилик эса, мамлакатдаги сув инқирозининг келажаги ва уни бартараф этиш учун қандай аниқ чоралар кўрилиши борасида катта хавотир билан кузатмоқда. Эрон учун ушбу муаммо янада чуқурлашиши ва аҳоли ҳаётига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.