Хитойдаги эпидемиологик вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Гуандун вилоятида чикунгуня деб номланган хатарли вирус кенг тарқалмоқда. Вирусни тарқатувчи майда чивинларга қарши ҳукумат мутлақо ғайриоддий усулни қўллади – уларни табиатдан йўқотиш учун уларнинг “каннибал” қариндошлари – Toxorhynchites splendens турига мансуб улкан чивинлар еркин ҳавога қўйиб юборилди.
Бу чивинлар одамларни чақмайди, балки ўзларидан кичикроқ, лекин юқумли Aedes чивинларини еб тугатади. Ушбу амалий ва биологик ҳимоя дастури Сун Ятсен университети қошидаги Чжуншан тиббиёт мактаби тадқиқотчилари томонидан бошқарилмоқда.
Гап шундаки, Фошан шаҳрида уч ҳафта ичида 6 мингдан зиёд киши чикунгуня билан касалланган. Мамлакат Covid-19 пандемиясида ишлатилган анъанавий чораларни қайта жорий қилмоқда – оммавий ПЗР тестлар, изоляция зоналари, кварталлар бўйича тотал дезинфекция ишлари. Бу сафар эса, янги элемент сифатида 5 мингдан зиёд балиқ ҳам шоҳобчалар ва дарёларга қўйиб юборилди. Уларнинг вазифаси – чивин тухумлари ва личинкаларини еб йўқ қилиш.
Гуанчжоу шаҳрида эса аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 120 та туман учун алоҳида “хавф харитаси” эълон қилинди. Ушбу харитага асосан, ҳар куни икки марта махсус инсектицидлар билан ҳаво тозаланмоқда. Ҳукумат бир ҳафталик узлуксиз дезинфекция кампаниясини бошлади.
Чикунгуня вируси фақат зарарланган чивин чақиши орқали юқади. Илк бор 1952 йилда Танзанияда қайд этилган. Номи “эгилиб юрувчи” маъносини берувчи кимаконде сўзидан келиб чиққан бўлиб, касаллик натижасида келиб чиқадиган бўғим оғриқларини ифодалайди.
Афсуски, ушбу вирусга қарши аниқ ва самарали вакцина ҳали мавжуд эмас. Инкубация муддати одатда 2–7 кунни ташкил этади. Касаллик тўсатдан бошланиб, юқори ҳарорат, кучли бўғим оғриқлари, мушакларда қаттиқ безовталик, бош оғриғи, тошма, кўнгил айниши ва ҳатто қусиш билан кечиши мумкин.
Ўлим ҳолатлари кам қайд этилган бўлса-да, касалликнинг оғир оқибатлари инсон ҳаёти сифатига жиддий таъсир кўрсатади. Айнан шундай пайтда табиатнинг ўзига хос воситаларидан фойдаланиш эса янги ечим сифатида кўрилаётгани ҳайратомуз ва ўрнак бўладиган ҳолат.
Чивинларни чивин билан енгиш – бу энди фантастик кино эмас, балки ҳаёт ҳақиқати.