Ҳиндистон ҳукумати АҚШдан қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий авиация воситаларини сотиб олиш жараёнини вақтинча тўхтатиб қўйгани ҳақида турли манбалар орқали маълумот тарқалди. Бу ҳақда халқаро ОАВ, жумладан, Reuters агентлиги ҳам хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, расмий Деҳли шу билан бирга мамлакат мудофаа вазирининг Вашингтонга режалаштирилган расмий сафарини ҳам бекор қилган. Аслида, ушбу ташриф давомида қатор янги мудофаа ҳамкорлик битимлари имзоланиши кутилган эди.
Reuters ёзишича, Ҳиндистоннинг бу каби кескин қадамига АҚШ президенти Доналд Трампнинг бир неча кун аввал имзолаган янги фармони сабаб бўлган. Хусусан, 6 август куни Трамп “Қўшма Штатларнинг Россия Федерацияси ҳукумати таҳдидларига қарши чоралар” деб номланган расмий ҳужжатни қабул қилди. Унга мувофиқ, Россия нефтини сотиб олаётган Ҳиндистонга нисбатан 25 фоизлик қўшимча бож йиғими жорий этилади.
Бундай қарор натижасида Ҳиндистондан АҚШга экспорт қилинаётган айрим маҳсулотлар учун умумий бож миқдори 50 фоизга етади. Бу Вашингтоннинг сўнгги йилларда савдо ҳамкорларига нисбатан қўллаган энг юқори бож кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
Президент фармонига кўра, ушбу тартиб имзоланганидан 21 кун ўтиб амалга киритилади. Шу боис Ҳиндистон бож масаласи ҳал этилмагунча, АҚШ билан қурол савдоси бўйича шартномаларни тўхтатиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон ҳозирда АҚШнинг “General Dynamics Land Systems” ширкати ишлаб чиқараётган “Stryker” туркумидаги жанговар машиналар ҳамда “Raytheon” ва “Lockheed Martin” компаниялари тайёрлаётган “Javelin” туридаги замонавий ракета тизимларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганди. Шунингдек, бир неча миллиард долларлик Boeing P8I разведка учоқларини сотиб олиш режаси ҳам мавжуд эди.
Жорий йилнинг февраль ойида Оқ уйда ўтказилган учрашув чоғида Доналд Трамп ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий техника ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш масаласини ҳам муҳокама қилгани маълум.
Шу билан бирга, Ҳиндистон мудофаа вазирлиги АҚШдан қурол олиш вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги хабарларни расман инкор этди. Расмий изоҳга кўра, олди-сотди жараёнлари белгиланган график асосида давом этмоқда.
Таҳлилчилар таъкидлашича, сўнгги ойларда Вашингтон ва Деҳли ўртасида муайян сиёсий ва иқтисодий таранглик кузатилмоқда. Айниқса, Ҳиндистоннинг Россиядан катта ҳажмда нефть харид қилиши АҚШ манфаатларига мос келмаяпти. Бироқ Деҳли бу йўналишда мустақил сиёсат олиб боришни истамоқда.
Аввалроқ, Ҳиндистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефт импортини тўхтатиш тўғрисидаги талабини рад этганди.
Май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тўрт кунлик қуролли тўқнашувлар кузатилган, кейин эса томонлар ўзаро сулҳга эришган. Ўшанда Трамп ушбу келишув унинг шахсий саъй-ҳаракатлари натижасида содир бўлганини айтганди, аммо Ҳиндистон бундай воситачиликни тан олмаган.
Маълумки, Ҳиндистон дунёдаги энг йирик қурол харидорлари қаторида. Тарихан асосан Россиядан қурол сотиб олган Деҳли ҳукумати сўнгги йилларда Хитой билан стратегик рақобат фонида АҚШ, Исроил ва Франциядан ҳам катта ҳажмда ҳарбий техника олишга интилмоқда. Шу билан бирга, Россия билан муносабатлар ҳам барқарор эмас.
Россия Украинага ҳарбий ҳаракатларни бошлаган дастлабки пайтларда Ҳиндистон бетараф позицияда қолишга уриниб, ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан стратегик ҳамкорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилганди. Шу боис, Ғарб босимига қарамай, Россия тажовузини очиқ танқид қилишдан тийилган. Кўплаб экспертлар бу сиёсатни “икки томонлама ўйин” деб баҳолаган.
Бироқ сўнгги маълумотларга кўра, Деҳли Россиянинг айрим илтимосларини рад этиб, Украинага артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, Россия томонидан айрим Ҳиндистон фуқаролари алдов йўли билан урушга жалб қилингани аниқлангач, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатларда ҳам совуқчилик юзага келган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!