date

YouTube «Оскар»ни бепул жонли эфирда намойиш этади

YouTube «Оскар»ни бепул жонли эфирда намойиш этади

Дунёдаги энг йирик видео платформалардан бири — YouTube кино оламида муҳим қадам ташлади. The Hollywood Reporter нашри хабар қилишича, платформа «Оскар» кинотақдимоти маросимини бепул жонли эфирда кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди. Томонлар ўртасидаги келишув 2029–2033 йилларни қамраб олади.

Янги шартномага кўра, «Оскар» маросими бутун дунё бўйлаб 2 миллиарддан ортиқ фойдаланувчи учун очиқ ва мутлақо бепул тарзда трансляция қилинади. Бу қарор кино мухлислари учун катта янгилик бўлиб, маросимни томоша қилиш имкониятларини анча кенгайтиради.

Қизиғи шундаки, YouTube фақат асосий тақдирлаш маросимини эмас, балки унга боғлиқ қўшимча тадбирлар, қизил гиламдаги чиқишлар ва махсус студия дастурларини ҳам намойиш қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу эса томошабинларга «Оскар» муҳитини тўлиқ ҳис қилиш имконини беради.

Эслатиб ўтиш жоиз, 1976 йилдан 2028 йилгача бўлган даврда «Оскар»ни трансляция қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқ Disney корпорациясига тегишли ABC телеканали ихтиёрида бўлган. Шу боис, YouTube’нинг бу қарорини кино индустриясидаги янги босқич, деб баҳолаш мумкин.

YouTube бош директори Нил Моханнинг таъкидлашича, онлайн жонли эфирлар кино санъатини глобал миқёсда янада оммалаштиришга хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, бу орқали янги авлод томошабинларини кино дунёсига жалб этиш, шунингдек, «Оскар» маросимини янада очиқ ва оммавий қилиш мумкин бўлади.

Қисқаси, «Оскар» энди нафақат телевидение, балки рақамли майдонда ҳам янги даврни бошламоқда. Кино мухлислари учун эса бу — янада қулай, янада очиқ ва замонавий тажриба.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » YouTube «Оскар»ни бепул жонли эфирда намойиш этади