
Италиянинг "Рома" клуби таркибида ўйнаётган украиналик ҳужумчи Артём Довбик яқин орада АПЛга йўл олиши мумкин. Машҳур журналист Николо Скира тарқатган маълумотларга кўра, римликлар 28 ёшли форвардни Англия чемпионатининг бир нечта жамоаларига таклиф қилмоқда.
Манбага кўра, Довбик фаолиятини "Вест Хэм", "Сандерленд" ёки "Эвертон" сафида давом эттириши эҳтимолдан холи эмас. «Рома» раҳбарияти ва мураббийлар штаби ҳужумчининг ўйинидан кутилган даражада қониқиш олмаяпти ва шу боис унга янги жамоа қидириш жараёни бошланган.
Айтилишича, бош мураббий Жан Пьеро Гасперини Довбикни жамоанинг узоқ муддатли режаларига мос келадиган асосий фигура сифатида кўрмаяпти. Шу сабабли клуб уни сотиш ёки ижарага бериш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Жорий мавсумда Артём Довбик «Рома» сафида барча мусобақаларда 14 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол ва 2 та голли узатма билан чекланди. Бу кўрсаткичлар ҳужумчига бўлган ишончни ошириш учун етарли бўлмади.
АПЛга эҳтимолий кўчиш эса Довбик учун янги имконият, рақобат ва ўзини қайта намоён қилиш имкониятини тақдим этиши мумкин. Англия чемпионатида жисмоний кураш ва юқори суръат устун бўлгани инобатга олинса, украиналик форвард учун бу синов жуда қизиқарли кечиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.